Президент Шавкат Мирзиёев 26 июль куни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Туркия Республикаси миллий мудофаа вазири Нуреттин Жаниклини қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, ҳар икки мамлакат ўртасида турли даражадаги алоқалар ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик фаоллашганини мамнуният билан таъкидлади. 

Ўзбекистон ва Туркия раҳбарларининг 2016 йил ноябрь ойида Самарқанддаги учрашуви ва жорий йилнинг май ойида Пекинда ўтган «Бир макон, бир йўл» халқаро форуми доирасидаги самарали мулоқоти ўзаро серқирра муносабатлар, шу жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга янги суръат бағишлагани қайд этилди. 

Суҳбат чоғида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама этилди. Ўзбекистон ва Туркия Мудофаа вазирликлари ўртасида амалий ҳамкорлик ўрнатиш, жумладан, ҳарбий таълим соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш бу борадаги муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланди. 

Туркия миллий мудофаа вазири Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга қабул учун самимий миннатдорлик билдирди ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг эзгу тилакларини етказди. 

Нуреттин Жаникли Ўзбекистонда Қуролли Кучлар салоҳиятини ошириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди ва Туркия томони ҳар икки давлат ўртасида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.