Тожикистон бозорларидаги Хитойда ишлаб чиқарилган кенг истеъмол моллари яқинда ўз ўрнини «Made in Uzbekistan» бренди остида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга бўшатиб бериши мумкин, дейишмоқда маҳаллий таҳлилчилар.

Душанбелик Ниёзмад Ҳабибов хитойликларнинг маҳсулотидан кўра ўзбекларникини маъқул кўради.

«Яқинда мактабга борадиган ўғлимга «Made in Uzbekistan» бренди остида ишлаб чиқарилган костюм харид қилган эдим ва жуда ҳайратда қолдим. Нархи Хитой моли билан бир хил, лекин сифати жуда фарқланар экан», дейди Ниёзмад.

Унинг сўзларига кўра, у илгари фарзандларига хитойликлар ва турклар томонидан ишлаб чиқарилган кийимларни харид қилиб келган, бироқ улар тезда титилиб, янгисини олишга мажбур бўларди.

Ишбилармон Шамсиддин Турдиевнинг айтишича, Европада ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қилишга қурби етмайдиганлар аллақачон ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотларидаги устунликни пайқашган. Унинг сўзларига кўра, харидорлар кўпроқ «Artel» компанияси маҳсулотларига қизиқиш билдиришмоқда.

«Бу фирма маҳсулотларининг нархи «чақиб» олмайди, сифати эса аъло даражада», дейди Шамсиддин.

Сўнгги 20 йил ичида Тожикистон бозорларини Хитой, Туркия ва Қирғизистондан келтирилган маҳсулотлар тўлдириб ташлаган эди. «Made in Uzbekistan» бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг кўп қисми Ўзбекистон корхоналари ва компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган 1500дан ортиқ турдаги маҳсулотларнинг Тожикистондаги кўргазма-ярмаркасидан сўнг пайдо бўлган. Душанбедаги «Пойтахт-90» савдо мажмуасида Ўзбекистоннинг тракторлари ва пахта териш комбайнлари, енгил ва юк автомобиллари, автобуслари, шунингдек, енгил, фармацевтика, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати маҳсулотлари намойиш этилган эди.

Бу кўргазмадан сўнг тез орада Душанбеда «Ravon» автосалони очилди ва у ерда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган R2, R4, Gentra, Nexia R3, Damas ва Labo мини юк машинаси тожикистонлик харидорларга тақдим этила бошланди. Автосалон директори Фаррух Замоновнинг айтишича, Душанбега дастлабки партияда 56та автомобиль келтирилган ва уларнинг 40таси аллақачон сотиб бўлинган. Унинг сўзларига кўра, харидорларга автомобилларнинг нархи (6700 доллардан 12500 долларгача), сифати ва замонавий хавфсизлик талабларига жавоб бера олиши маъқул келмоқда. Тожикистонга янги автомобилларни олиб киришда божхона божлари ставкаси пасайтирилиши «Ravon» автомобилларини ишлаб чиқарувчи заводдан тўғридан-тўғри бир-икки кун ичида олиб кириш имкониятини яратади, дейди Фаррух Замонов.

Ўтган ойда Тожикистон савдо-саноат палатаси раҳбари Шариф Саид Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида шу йилнинг январь-май ойлари оралиғида Тожикистон Ўзбекистонга 20 млн. 617 минг долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилганини айтиб ўтган эди. Шу вақт оралиғида Ўзбекистоннинг Тожикистонга экспорти эса 25 млн. 681 минг долларга тенг бўлган. Ўзбекистон Тожикистонга асосан буғдой, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналари етказиб берган.

Илгарироқ Душанбеда Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукумати аъзолари ва ишбилармонлари иштирокида бўлиб ўтган қўшма йиғилишда сўнгги йил ичида икки давлат ўртасида ўзаро савдо ҳажми 5,7 баробарга ўсиб, 69,2 млн. долларга етгани қайд этилган эди. Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Улуғбек Рўзиқуловнинг айтишича (эндиликда собиқ бош вазир ўринбосари - таҳр), биргина Душанбеда ўтказилган Ўзбекистон корхоналари ва компаниялари кўргазма-ярмаркаси доирасида 50 млн. АҚШ долларига тенг битимлар имзоланган.

Икки қўшни давлат ўртасидаги маҳсулот айланмаси Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланганидан сўнг ўзбек-тожик муносабатларининг илиқлашиши оқибатида рўй берган. Таҳлилчиларнинг фикрича, иккитомонлама муносабатларни ривожлантириш, минтақадаги барқарорлик ва хавфсизликка таҳдидлар тааллуқли масалаларда икки давлат раҳбарларининг бир-бирларини ўзаро тушуниш даражасига етишгани, умуман олганда, ўзбек-тожик муносабатларини ҳар икки томон учун манфаатли тарзда олиб боришга халақит бераётган мавжуд қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтиш юзасидан муайян ишлар олиб бориш рағбатини уйғотган.

11 апрель куни сўнгги 25 йил ичида илк марта Душанбега «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг Тошкент-Душанбе-Тошкент доимий рейсини амалга оширувчи самолёт келиб қўнди. Бу воқеадан икки ой илгарироқ Тожикистоннинг «Сомон Эйр» авиакомпанияси илк марта Тошкентга тажрибавий ва техник рейсни амалга оширган.

Апрель ойида Душанбеда Ўзбекистон корхона ва компанияларининг сўнгги ўттиз йил ичида биринчи йирик кўргазма-ярмаркаси ташкил этилган. Тожикистон пойтахтида Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди.

Куз ойларида Тошкентда Тожикистон маданияти кунлари ва Тожикистон корхоналарининг кўргазма-ярмаркаси ўтказилиши кутилмоқда.

Тожикистон ҳукумати шу кунларда Ўзбекистон билан электр энергиясини экспорт ва импорт қилишга йўлга қўйишга тайёр эканлигини билдирди.

Айни пайтда Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари томонидан виза ва чегаравий режимларни енгиллаштириш масалалари кўриб чиқилмоқда.