Халқаро пресс-клуб раҳбари Шерзодхон Қудратхўжаев фейсбукдаги саҳифасида Халқаро пресс-клуб фаолияти келажаги ҳақида тарқалган сўзларга муносабатини билдириб ўтди.

Ҳурматли ҳамкасблар, азиз дўстлар!

Шу кунларда интернетдаги шахсий манзилимга ва ижтимоий тармоқларга турли хат ва хабарлар келмоқда. Шу муносабат билан алоҳида таъкидламоқчиманки, битта кичик воқеа атрофида Халқаро пресс-клуб ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси фаолияти доирасидан чиқиб кетаётган асоссиз гап сўзлар тарқатилиб, нотўғри талқин қилинмоқда. Ўзбекистонда тарихан қисқа даврда шиддатли ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир соҳа тубдан модернизация босқичидан ўтмоқда. Халқ билан самимий ва очиқ мулоқот олиб борилмоқда. Давлат ва нодавлат ташкилотлари бугун мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлаш мақсади атрофида бирлашган. Айнан мана шу уйғунлик жамиятимизда янги давр бошланганидан дарак беради.

Бу ислоҳотларни амалга оширишда бугун Президент командаси: Бош вазир, вазирлар, ҳокимлар, тадбиркорлар, ижод аҳли, фермерлар, ёшлар, умуман жамиятимизнинг барча қатламларини қамраб олган. Халқаро пресс-клуб ННТ ҳам ўзини мана шу катта команданинг аъзоси деб билади. Шунинг учун ҳам у давлат ва нодавлат ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатган.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов Халқаро пресс-клуб ташкил бўлганидан то шу кунгача уни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ташкилий масалаларни ҳал этишда яқиндан ёрдам кўрсатмоқда. Бироқ иш жараёни доим ҳам текис ва силлиқ кечмайди. Шундай алоҳида ҳолатлардан мамлакатда демократия ислоҳотлари тўхтагани, сўз эркинлиги поймол қилинаётгани ҳақида глобал хулосалар қилиш мутлақо нотўғри ва ўринсиздир. Шу кунларда интернетда ўта фаол муҳокама қилинаётган ушбу мавзу локал характерга эга эди. Ва уни жамиятимизда кечаётган бошқа ислоҳотларга соя солади деб талқин қилиш асоссиздир.

Ўзбекистон тарихий бурилишлар даврини бошдан кечирмоқда. Биз битта иш, битта мақсад ва битта ғоя атрофида жипслашганмиз.

Биз Президент Шавкат Мирзиёевнинг ягона командасидамиз. Халқаро пресс-клуб ўз фаолиятини давом эттирмоқда. У ҳеч қачон тўхтамаган. Олдинда бизни жуда муҳим ва долзарб мулоқотлар, янги форматдаги учрашувлар кутмоқда.

Бундан аввалроқ Ўзбекистон телевидениесида кўрсатувлар жонли эфирга чиқиши тўхтагани ҳақида хабар берилганди. Бунга Халқаро Пресс-клуб 23 август кунги сонини ёзиб олинган ҳолда эфирга узатиши ҳақида маълум қилгани сабаб бўлди.

Кейинроқ Шерзод Қудратхўжаев Kun.uz сайти мухбирига берган интервьюсида Пресс-клубнинг жонли эфирга чиқиши бекор қилингани кўрсатувлар жадвалининг торлиги ва ХПК каби кўрсатувлар катта эфир вақтини олиб қўйилаётгани билан изоҳлади.