«ПСЖ» ҳужумчиси Неймар Эдинсон Кавани сотиб юборилишини сўрамоқда. Бу ҳақда Sport.es нашри хабар тарқатди.

Манба берган хабарга кўра, бразилиялик ҳужумчи парижликлар президенти Носир Ал-Халайфийга ўзининг уругвайлик футболчи билан бир-бирини тушуниб ўйнашлари ҳеч қачон бўлмаслигини тушунтирган.

Неймар «ПСЖ» ечиниш хонасидаги асосий юлдуз эканини яхши билади, чунки айнан Ал-Халайфий уни «Барселона»дан сотиб олаётган пайтидаёқ унга бу ваъдани берган.

Эслатиб ўтамиз, Франция чемпионатининг 6-турида «Лион»га қарши учрашувда икки футболчи ўртасида тортишув юзага келганди. Аввалига уругвайлик футболчи жарима зарбасини амалга оширмоқчи бўлганида, Дани Алвес ундан тўпни олиб қўйган ва Неймарга олиб берганди. Кейинроқ эса белгиланган пенальтини Кавани амалга оширмоқчи бўлганида, Неймар билан талашган, охир-оқибат уругвайлик футболчи зарба бериб, «нуқта»да хатога йўл қўйганди.