Парижда юлдузлар узоқ вақт чарақлаб турмайди.

«ПСЖ»нинг икки футболчиси Неймар ва Эдинсон Кавани муносабатлари таранглашиши воқеаси ҳафта мавзусига айланди. Аввалига икки футболчи майдонда тўпни талашди, ўйиндан кейин эса улар кийим алмаштириш хонасида ўзаро муштлашиб кетишига бир бахя қолди. «ПСЖ» бош мураббийи Унаи Эмери вазиятга аралашмасликни афзал кўрди, клуб президенти Носир Ал-Халайфий эса вазият журналистлар ёзаётгани каби таранг эмаслигини маълум қилиб, ОАВни тўқимачиликда айблади. Кейинроқ ОАВда клуб президенти бу вазиятни футболчилар билан муҳокама қилгани, Эдинсон Кавани жамоанинг биринчи рақамли пенальтичиси, Неймар захира пенальтичи бўлиши маълум қилинди. Лекин, бу муаммо ҳал қилинди, дегани эмас. Неймар бунга осонлик билан кўнмаслиги аниқ. Унинг мураккаб характери ҳақида собиқ жамоадоши Хави ҳам шов-шувли фикр билдирди.

«Неймар «Сантос»да жарима зарбалари ва пенальтиларни амалга ошириб ўрганган. Шунинг учун ҳар доим шу масъулиятни бўйнига олишга интилади. Эсимда, у «Барселона»га ўтганида ҳам қилиқ кўрсатганди. «Реал Сосьедад»га қарши кечган ўйинда ҳакам жарима зарбаси белгилади. Табиийки, тўп олдига Месси яқинлашди. Шунда Неймар келиб тўпни ўзига беришни сўради. Месси эса мураббий бу ишни ўзига топширганини айтди ва жарима зарбасини голга айлантирди. Неймар эса индамади. Ўйлашимча, агар Кавани ҳам пенальтини голга айлантирганида ҳеч нарса бўлмасди», деди Хави.

Эдинсон Кавани «ПСЖ»да охирги мавсумни ўтказмоқдами? Қуйида бунга дастаклар келтирамиз.

№1. Стандарт вазиятлар
Франция чемпионатининг навбатдаги турида «ПСЖ» ва «Лион» ўртасида рўй берган можароли вазият муаммонинг юзага чиқиши эди. Автоголлар ва пенальти восита. Гап жамоа муҳити бузилганида.

Душанба куни мамлакатдаги асосий спорт нашри бўлмиш L’Equipe газетаси муқовасида бу ўйиндаги асосий вазият, Неймар ва Кавани пенальтини ким тепиши бўйича баҳслашаётгани сурати акс этган, унга «Муваффақият учун қиммат йўқ» дея изоҳ берилганди. Пенальти голга айланмади, аммо унинг ортидан ҳафтага татигулик можаро бошланди.

 

Бу эпизоддан олдинроқ «Лион» дарвозаси томон жарима зарбаси белгиланганида Эдинсон Кавани зарбани амалга оширишга чоғланган, аммо клубнинг янги футболчиларидан бири Дани Алвес тўпни ундан тортиб олиб, Неймарга бериб юборганди. Ўйиндан кейин Алвес тўпни ўзи тепмоқчи бўлиб олгани, аммо Неймар ундан олиб кетганини айтди, лекин табиийки бу гапга ҳеч ким ишонмади.

Бразилиялик футболчи гол бўлмаган бўлсада, зарбани яхши амалга оширди, меҳмонлар дарвозабони тўпни амалллаб майдондан ташқарига чиқариб юборди.

Кўп вақт ўтмасдан Килиан Мбаппе жарима майдонида йиқитилди ва 11 метрлик жарима зарбаси белгиланди. Тўпга Кавани етиб келди ва зарбани ижро этишга чоғлана бошлади, унинг ёнида Неймар пайдо бўлди ва тўпни сўради.

Бу сафар уругвайлик қатъийлик кўрсатди ва уни кетказиб юборди. У зарбани ҳам яхши берганди, аммо зарба кучлироқ чиққани учун, тўп дарвоза тўсинига тегди.

№2. Кийим алмаштириш хонаси
L’Equipe хабарларида ўйиндан кейин «ПСЖ» кийим алмаштириш хонасида янада қизиқроқ воқеалар рўй бергани айтилди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Кавани ва Неймар ўртасида муштлашув келиб чиқишига бир бахя қолган, уларни бошқа футболчилар ажратиб қолишган, Кавани стадионни орқа эшик орқали тарк этган. Пойтахтликлар жамоаси бош мураббийи Унаи Эмери матбуот анжуманида бу борадаги саволга аниқ жавоб беришдан қочди: «Жамоада бир неча пенальтистлар бўлиши табиий. Бизда бири – Кавани, иккинчиси – Неймар. Футболчилар ким тепишини келишиб олиши керак. Бу масалани яна кўриб чиқамиз, аммо уларнинг иккиси ҳам яхши ижрочилар. Мен улар навбатма-навбат тепишини истардим. Агар улар келиша олишмаса, унда ким тепишини мен ҳал қиламан. Бу биз учун муаммо бўлишини истамайман».

Неймар эса Инстаграмда Каванининг аккаунтига обуначи бўлишни тўхтатди. Ижтимоий тармоқлар замонасида бу алоқаларни узишга тенг. Шундай экан, «ПСЖ» учун муаммо туғилиб бўлди ва уни ҳал қилиш клуб хўжайинларига ҳавола.


№3. Ўзаро тушуниб ўйнамаслик
Мбаппени бир четга суриб турсак (француз футболчи клубга энг охирги бўлиб келган футболчи), Неймар ва Кавани жамоада етакчилар.

Кавани – Неймар тандеми аввалига жуда сермаҳсул бўлди. Августда, чемпионатнинг 3-турида «Генгам»га қарши кечган ва 3:0 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган ўйинда уругвайли ва бразилиялик футболчи бир-бирларини голли пас билан таъминлашганди. Асосийси ўйин давомида улар бир-бирига тез-тез тўп узатишганди - жами 18 марта (6 пас Каванидан Неймарга, 12 пас тескари йўналишда). Кейинги ўйинларда эса бу футболчилар бир-бирига 3 мартадан ортиқ пас узатиши рўй бермади. Париждаги охирги 3 ўйинда Кавани Неймарга фақат бир марта пас берди!

Уругвайлик футболчи азалдан тўпни қизғаниши билан маълум. «Лион» билан ўйинда Эдинсон фақат 8 марта шерикларига тўп узатди – бу унинг Франция чемпионатидаги энг паст кўрсаткичи бўлди (майдонда 80 дақиқадан ортиқ ҳаракат қилган ўйинларида). Шу билан бирга, Кавани рақиб дарвозасига энг кўп зарба берган футболчи бўлди – 6 марта. Аниқ ижро этилмаган пенальти ҳам шунинг ичида.


№4. Ҳужум ривожи
«Лион» билан ўйинда ҳужумларнинг 24.5 фоизи марказдан, яъни Кавани ҳаракатланган ҳудуддан бошланди. Таққослаш учун, ҳужумларнинг 41.5 фоизи чап қанотда (Неймар), 34 фоизи – ўнг қанотда (Мбаппе) бошланди.

Якунда, Кавани мавсумда тўпни қабул қилиб олиш бўйича энг ёмон кўрсаткичини қайд этди –  12 марта. Унинг бу борадаги ўртача кўрсаткичи ҳам анча юқори: бу мавсумда 18.2 марта, ўтган мавсум бўйича – 14.8 марта. Эдинсонга энг кўп пас берган футболчи Дани Алвес бўлган – 4та пас.

Аввалги турда «ПСЖ» «Метц»га қарши ўйнаганида Каванига 22 марта пас беришганди. Ҳозир унинг жамоадаги мавқеи ёмонлаша бошлади. Кўрамиз, кейинги турда ўртамиёна «Монпелье»га қарши ўйинда Кавани ва Неймар қандай ҳаракат қилишар экан.