«ПСЖ» ҳужумчилар Неймар ва Эдинсон Кавани ўртасида юзага келган муаммони клуб ички тартибида қай тарзда ҳал қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда RMC Sport нашри хабар тарқатди.

Сешанба куни бўлиб ўтган ички йиғилишда бир қатор футболчилар, жумладан «ПСЖ»нинг энг фахрий футболчиси Тиаго Мотта вазият бўйича ўз норозилигини билдириб, футболчилар майдонда ўзини бундай тутмасликлари кераклигини таъкидлаб ўтган.

Бу гапни бош мураббий Унаи Эмери ҳам маъқуллаган ва жамоа ечиниш хонасида Неймарга яқин бўлган Тиаго Силва эмас айнан Тиаго Мотта етакчи бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Парижликлар президенти Носир Ал-Халайфий ҳам икки футболчи билан гаплашиб, масалага ойдинлик киритиб олган. Жамоада вазият ўзгаришсиз қолган: Кавани «ПСЖ»да асосий пенальти тепувчи бўлиб қолаверади, Неймар захирадаги пенальтист.