Халқаро пресс клубда «Меҳнат муносабатларида янги воқелик» мавзусида сессия бўлиб ўтди. Сессияда хорижий ташкилот ваикллари ҳам қатнашиб, чиқиш қилишди.

Йонас Аструп, Халқаро меҳнат ташкилоти-Жаҳон банки Бош техник маслаҳатчиси:

Фото: Халқаро пресс клуб

— Мен БМТ таркибига кирувчи Халқаро меҳнат ташкилотида ишлайман ва биз ҳар ҳафта Ўзбекистон тарихининг гувоҳи бўляпмиз. Ўтган ҳафта давомида пахта йиғим-теримининг 60 фоизга ўсганининг гувоҳи бўлдик. Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош ассамблеясида ижобий ва илҳомлантирувчи нутқини эшитдик. Шу воқеадан сўнг пахта йиғимидан талабалар ва турли қатлам вакиллари қайтиб келишди ва айни дамда Миллий телевидениеда бу масалани муҳокама қилмоқдамиз. Ўзбекистон, мана, 25 йилдирки, Халқаро меҳнат ташкилотининг аъзоси. Ўйлайманки, бу алоқаларимизни янада яхшилайди ва кучайтиради. Тўғрисини айтганда, биз пахта ҳосилини мониторинг қилиш давомида мамлакатдаги ривожланиш тезлигининг гувоҳи бўляпмиз. 

Сергиюс Гловацкас, Европа ва Марказий Осиё секторининг Женевада жойлашган ХМТ раиси: 

Фото: Халқаро пресс клуб

— Мен ҳамкасбларимнинг гапларига қўшилган ҳолда айтишим мумкинки, бугун Ўзбекистондаги ушбу тарихий воқеанинг иштирокчиси бўлдим. Мен кеча Европа ва Марказий Осиё давлатлари вакиллари қатнашган конференцияда иштирок этдим. Айтиш мумкинки, ушбу конференция давомида Ўзбекистонда бўлаётган ижобий ўзгаришлар бир неча бор тилга олинди. 87-конвенцияни ратификация қилиш бу жуда катта ташаббусдир ва тўғри қарордир.  Ўзбекистонда барча шарт-шароитлар мавжуд, айтиш мумкинки, сизда меҳнаткаш одамлар, сиёсий ирода ва гўзал мамлакат бор. Ҳатто, туризм ҳам анча ривожланган. Бундан ташқари, биз Ўзбекистонда яна бошқа турли хил конвенцияларни ратификация қилишингизни кутамиз. Эртага, яъни 7 октябрь Бутунжаҳон Муносиб меҳнат учун ҳаракат куни. Биз айнан шу масала борасидаги келгуси режаларни муҳокама қилиш учун келдик. Раҳмат. 

Нина Калибашина, БМТ Халқаро меҳнат ташкилотида Ижтимоий ривожлантириш бўйича Бош мутахассис:

Фото: Халқаро пресс клуб

— Катта раҳмат, бу тарихий воқеа марказида иштирок этиш менга Жаҳон банки вакили сифатида катта шарафдир. Жаҳон банки барча ижтимоий қатлам учун муносиб иш ўрнини яратишга хизмат қилаётган Ўзбекистондаги иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлайди. Айниқса, пахта теримида бўлаётган ўзгаришлар мамлакатдаги барча мажбурий меҳнат хавфини йўқотишга ёрдам беради. Ўзбекистонда талабалар, ўқитувчилар ва бошқа қатлам вакилларининг мажбурий меҳнатга жалб этилишини тўхтатиш борасида қилинаётган ишлар жуда муҳимдир. Парламент таркибида махсус гуруҳ тузилиши бу борада қилинаётган ишларнинг самарасини янада оширишга хизмат қилади. Ижтимоий ривожлантириш бўйича мутахассис сифатида инсонлар билан суҳбатлашиш, уларнинг шикоят ва таклифларини муҳокама қилиш ҳамда жамоатчилик фикрини йиғиш механизмини янада такомиллаштириш кераклигини таъкидламоқчиман. Бу тизимни келгусида янада яхшилаш учун жуда муҳимдир.