11:46 / 27.07.2021
8114

Қаршидан Петербургга учиши керак бўлган самолётнинг юки оғирлиги сабаб рейс қолдирилди

“Azur Air” авиакомпаниясининг ZF-5044-сонли “Boeing-739” самолётида Қарши - Санкт-Петербург йўналишидаги, 27 июль соат 5:00да бажарилиши керак бўлган чартер қатновнинг қолдирилгани “Қарши” аэропортидан учиб кетиши керак бўлган йўловчилар эътирозига сабаб бўлди.

"Uzbekistan Airports" АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, ҳаво кемаси экипажи командири самолёт юки оғирлиги боис, ушбу қатнов бажарилмаслиги ҳақида қарор қабул қилган.

Билдирилишича, йўловчиларга “Қарши” аэропортининг масъул ходимлари ҳамда “Azur Air” авиакомпанияси самолёти экипажи томонидан ушбу қарорга сабаб бўлган ҳолатлар ҳақида маълумот берилган.

“Ҳозирда аэропорт ходимлари томонидан 214 нафар йўловчига керакли ёрдам, жумладан нонушта тарқатилиб, улар меҳмонхоналарга жойлаштирилмоқда ва иссиқ овқат билан таъминлаш каби масалалар тезкорлик билан ҳал қилинмоқда”, дейилади хабарда.

Top