07:52 / 16.05.2024
1906

Медведчукнинг хатловга олинган яхтаси Украина юрисдикциясига ўтди

Royal Romance 2022 йил март ойида Хорватияда хатловга олинган. Икки йил ўтиб, Хорватия суди яхтани Украинага топширишга қарор қилди.

Фото: Peter Seyfferth / imago-images.de / Global Look Press

Хорватияда хатловга олинган Украина собиқ халқ депутати Виктор Медведчукнинг Royal Romance яхтаси расман Украина юрисдикциясига ўтди. Бу ҳақда 15 май, чоршанба куни Украина активларини кузатиш ва бошқариш агентлиги маълум қилди. 

Ўтиш Украина учун «тарихий лаҳзадир», деди Денгиз ва дарё транспорти ҳамда кемачилик давлат хизмати раиси Евгений Игнатенко. «Бу хатловга олинган яхтани кейинги сотиш ва сотишдан тушган маблағнинг давлат бюджетига тушишига ёрдам беради», деб таъкидлади у ва «мулк мамлакат манфаатларига хизмат қилишига» ишонч билдирди. «Биз жиноий йўл билан олинган ва хорижга ўтказилган барча мол-мулк Украина юрисдикциясига қайтарилиши учун барча имкониятларни ишга соламиз», — дея қўшимча қилди агентлик раҳбари Елена Дума. 

Хорватияда жойлашган 92 метрлик кема 2022 йил мартида аниқланган. Бир ой ўтгач, Украина суди яхтани агентлик раҳбариятига топширди. 2023 йилнинг ноябрида Украина ҳукумати агентликка хорижда жойлашган мусодара қилинган активларни сотишга рухсат берди ва ўтган йилнинг январида Хорватия суди яхтани Украина томонига ўтказишни буюрди. 

Кремлнинг Украинадаги асосий иттифоқчиларидан бири 

Виктор Медведчук Украинадаги Кремлнинг асосий сиёсий иттифоқчиларидан бири эди. Сиёсатчининг сўзларига кўра, 2004 йилда Россия президенти Владимир Путин унинг кенжа қизининг чўқинтирган отаси бўлган. 

2021 йилда Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари Медведчукни давлатга хиёнат ва «миллий бойликларни талон-торож қилишга уриниш»да иккита айблов қўйган. Медведчук уй қамоғига олинган, хабарларга кўра, у Россиянинг Украинага ҳужумидан кейинги дастлабки кунларда қочиб кетган. 

2022 йил апрел ойида Киев Медведчук қўлга олинганини эълон қилди ва сентябрда сиёсатчи 200 нафар украиналик ҳарбий асирга алмаштирилди. 2022 йил июн ойида Украинада Медведчукнинг «Мухолифат платформаси - ҳаёт учун» партияси фаолияти тақиқланган эди. 

Top