16:02 / 19.05.2024
22493

Хитой нега Россияни қўлламоқчи эмас? Таҳлилчилар – Путиннинг Пекинга ташрифи ҳақида

Хитой Россияга на иқтисодий, на ҳарбий кўмак бермоқчи эмас – РФ президентининг Пекинга ташрифи давомида бундай келишувларга эришилмади. Давлат раҳбарлари қаршисида имзоланган ҳужжатлар қаторида ўтўсимлик (Қуддус артишоки) ва мол гўштининг тоғай қисми (кемирчак) етказиб бериш бўйича битимлар ҳам борлиги истеҳзоларга сабаб бўлди.

Россия президенти Владимир Путин ўз президентлик муддатининг янги фаслини Хитойга ташриф билан бошлади. Хўш, икки давлатнинг баёнотларда айтилаётган “чуқур ҳамкорлиги” реалликда қандай кўринишга эга? Иқтисодиёти учун аввало ғарб билан муносабатларини сақлашга интилаётган Хитой бир вақтнинг ўзида икки томонда ҳам бўла оладими?

“Геосиёсат” мавзуни таҳлил қилиш учун сиёсий таҳлилчилар Наргиза Умарова, Ҳамид Содиқ, Камолиддин Раббимов ва иқтисодчи Шуҳрат Расулни таклиф этди.

— Путин ва Си музокараларидан кейинги баёнотда қайси мавзулар муҳокама қилинди?

Шуҳрат Расул: — Бу ташриф қандай фонда юз бераётганига аввал эътибор беришимиз керак. Хитой ва ЕИ ўртасидаги савдо ҳажми март ойида 15 фоиз, апрел ойида 13 фоизга тушиб кетди, бир ой олдин Блинкен Пекинда бўлганди, куни кеча Байден Хитой билан савдога янги чекловларни эълон қилди. Назаримда, АҚШ бу ташрифдан олдин Хитой раҳбариятига очиқ сигналлар жўнатди, яъни эҳтиёт бўлинг, кўп нарса ваъда берманг, Блинкен айтган гаплар кучда, деган. АҚШнинг асосий мақсади Россияга қурол бўладиган товарларни бермаслиги, қолган савдо учун талаби йўқ.

Камолиддин Раббимов: — Россия коллектив Ғарб санкциялари остидаги давлат, Хитой ва коллектив Ғарб муносабатлари бир неча йиллардан бери совуқлашиб боряпти. АҚШ учун 21 асрда жанг катта стратегик рақиб Хитой. АҚШ давлат департаменти ўзининг глобал манфаатлари ва лойиҳалари бўйича ҳисоботлар чиқариб туради, охиргиларида Россия душман давлат, Хитой стратегик рақиб деб эътироф этилади.

Россия ва Хитой қисқа муддатли ёки тактик алянс яратган, уларни Ғарбга қарши курашиши мотиви бирлаштиради. 2019 йилда Россия ва Хитой ўртасидаги савдо ҳажми 110 млрд доллар бўлган бўлса, 2023 йилда 240 млрд долларга чиққан, бу жуда катта ҳамкорлик ўсиши. Хитой қўрқадиган асосий сабаб коллектив Ғарб назоратида бўлган нефт ва газ ресурсларини Хитойга етказишда муаммоларга тўқнашишдан қўрқади, санкциялар остидаги Россия эса ўзининг нефт ва газини сотишда қийналиб қолди. Украина, Тайван каби масалалар бу икки давлатда глобал иттифоқчиликка заруратни ошириб боряпти.

Россия ва Хитойнинг муносабатлари ва биргаликдаги демократия ҳамда тартиб тамойилларини ҳимоя қилиш ҳақидаги баёнотлари ҳақиқатан ҳам уларнинг сиёсатига мос келадими?

Ҳамид Содиқ: — Бу ташриф кутилмаган ташриф эмас, Си Жинпинг ҳам сайлангач, биринчи ташрифини Россияга қилганди. Ўзига хос рамзийлиги бор, демократик давлатлар бу сайловларни тан олмади, Путин легитим президент эмас улар учун, Россиянинг либерал сиёсатчилари учун ҳам шундай. Балансни ўзгартира оладиган катта бир давлатга ташриф ўзига хос легитимизациядек кўринади. Дунёда нормал фикрлайдиган, халқи билан ҳисоблашадиган давлатлар биладики, бу икки раҳбар авторитар ҳисобланади. Бу икки давлат сиёсатига талабалар қарши чиқса, уларнинг устидан танк юриши мумкин, лекин талабалар билан ҳисоблашадиган давлатлар бор. Бу нарса икки давлатнинг заифлигини, жамияти билан ҳисоблашадиган давлатлар эса кучли эканини ҳам кўрсатади.

240 млрд доллар савдо ҳажмининг асосий қисми Россия иқтисодиётига – Хитойдан импорт, Россиянинг 40 фоизлик иқтисодини билдиради бу, Хитойга боғланиб қолган. Хитойнинг импортида эса Россиянинг улуши жуда кам. Хитой бир томондан Россиядан устунлигини кўрсатяпти, бошқа томондан Россияга Ғарб ва АҚШдек муносабат қилаётгани йўқ.

Хитой раҳбари баёнотларида БМТ уставини ҳурмат қилишини ва ҳудудий яхлитликни эътироф этди, бу Путиннинг юзига тарсаки деса ҳам бўлади.

Наргиза Умарова: — Си Жинпинг БМТ устави ва халқаро ҳуқуққа кўп урғу берди. Украина масаласида гапирганда давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлик ҳақида гапириб ўтди. Россия деярли 2,5 йилдан бери бу принципларни қўпол равишда бузиб келяпти. Путин билан ёнма-ён туриб билдирган Си Жинпинг баёноти Хитой ўз позициясида анча дадил эканини кўрсатади. Хитой бундай қилишига сабаб бор, яъни Тайван масаласи бор, бошқа давлатлар Хитойга нисбатан шундай позицияда бўлишини кутади.

Дунё тартиботи ҳақида гапирганда Путин ўз сиёсатига зид баёнот берди. Масалан, бизнинг муносабатлар катта давлатлар муносабати учун эталон бўлади, чунки халқаро ҳуқуқ меъёрлари, БМТ уставига кўра қурилган, деди. Буларнинг ҳаммаси коллектив Ғарбга қаратилган, турли блоклар, совуқ урушга қаршимиз, дейди, бу одатий гаплар Хитой учун. Лекин Путин дунё тартиботи адолати ҳақида гапирди, ваҳоланки, ўзи бу нарсага қарши чиқяпти. Путиннинг бу риторикасини Хитой ҳам қўллаяпти, мақсад — коллектив Ғарбдан норозиликни умумий равишда кўрсатиш.

Шуҳрат Расул: — Ташрифдаги асосий масалалардан бири Украина урушига икки томон муносабати. Ташрифдан бир кун олдин “Синхуа” газетасида Путиннинг мақоласи чиқди, унда Путин Украинага, Ғарбга таклиф киритган, яъни урушнинг, эскалациянинг тўхташи тарафдоримиз, лекин реалликдан келиб чиқиш керак, деб босиб олинган ерларни сақлаб қолиш ва шу каби ҳар доимги гаплар.

Хитой ўтган йили Украина уруши бўйича 12 бандли концепциясини эълон қилганди, унинг биринчи бандида Украина ҳудудий яхлитлигини урғулаган. Бу масала бўйича икки томон ўртасида келишмовчилик бор, шунинг учун бу мавзу четлаб ўтилди.

Путин Хитойдан иқтисодий ёрдам олишни мақсад қилганди, лекин катта натижаларга эриша олмади. Уруш бошлангандан бери Россия Хитойга деярли босим қиляпти, “Сибир кучи 1” лойиҳаси бўйича 24 млрд метр куб газ сотган. Хитой Россиянинг Европадан тўхтатган 170-180 млрд метр куб газини жойлаштира олмаяпти, санкцияларга алоқаси йўқ, Россия ўзи Европага босим қилиш учун тўхтатган эди бу газни уруш бошида. Европа энергетик муаммоларини ҳал қилиб олди, Россия эса газини сота олмаяпти, газ экспортини катта қисмини ташкил қиларди бу.

Кейинги масала, Хитойдан ҳарбий ёрдам олиш. Бу бўйича натижа бўлмади. Имзоланган 11 ҳужжатда жаҳон дипломатиясида бўлмаган ғаройиб ҳолат ҳам бўлди. Битта ҳужжат бир доривор ўсимлик экспорти бўйича бўлди, бу иккита катта лидер муҳокама қиладиган нарса эмас. Умуман, ҳамкорлик кўламини шишириб кўрсатиш учун бўлди булар.

— Хитой ва Россия бошқарувидаги фарқлар нимада?

Камолиддин Раббимов: — Ҳар бир давлатнинг эволюцияси бор. Путин ҳокимиятга келган йилларда анча либерал эди, Қрим аннексиясидан кейинги Путин тузуми қаттиқ авторитаризм бўлди. Хитой авторитаризми эса рақамли тоталитаризмга яқин, у ерда фақат этник камчиликларни эмас, этник хитойларнинг ўзини ҳам максимал назорат қилишга қаратилган, яъни мураккаб авторитаризм.

Пекиннинг олдида бир вақтнинг ўзида Россияни ёлғизлатмаслик, хафа қилмаслик, Россия сиёсий тузумининг узоқ яшовчанлигини қўллаш турибди. Агар Путин тузуми қуласа, барча фокус Хитойга қаратилади. Хитой Украина урушидан бир томондан норози бўлди, чунки НАТОни кучайтирди, АҚШни Европага қайтарди, лекин коллектив Ғарб диққати Хитойдан Россияга ҳам қаратилди, босим камайди. Айни пайтда Хитой учун Путин тузуми қуламаслиги хам керак, коллектив Ғарб санкцияларига дучор бўлмаслик ҳам керак. Украиналик экспертлар айтадики, Хитой Россияга қурол бергани ҳақида бирорта далил йўқ. Уруш бўйича Хитой позицияси иккиламчи: бир томондан Украина ҳудудий яхлитлигини урғулайди Тайван сабаб, иккинчи томондан Россия коллектив Ғарб билан уришаётгани учун уни маънавий қўллаяпти.

Ҳамид Содиқ: — Демократик сиёсатнинг 3 та элементи бор: давлатларда гоя бўлиши, ғоянинг муҳокама қилиш имконияти ва реал сиёсатчи – мана шу 3 та компонент бўлса, демократия шаклланади. Россиянинг заифроқ ғояси бор, муҳокама йўқ, чунки сиёсий ҳаёт йўқ, ёпиб ташланган, лекин реал сиёсатчи бор. Хитойда эса кучли ғоя ва реал сиёсатчи бор, муҳокама йўқ. Бу дегани икки давлат ҳам табиатан хато қилади, лекин қачон ва қайси миқдорда хато қилади, деган масала бор.

— Хитой учун аввал иқтисод, кейин сиёсат бўлса, Россия учун бунинг тескариси, дейиш мумкинми?

Камолиддин Раббимов: — Иккаласи ҳам авторитар, лекин Россияда якка ҳукмдорлик кучли, Хитойда бюрократия маданияти шаклланган, коллектив қарор қабул қилиш бор барибир. Совет иттифоқида ҳам Сталиндан кейин коллектив бошқарув бўлган, агар Россияни СССР билан қиёсласак ҳам. Хитойда марказлашган ҳокимият бўлса-да, рационализм анча юқори.

— Пекин ва Москва ҳамкорлигининг энг юқори даражаси қайси нуқтагача бўлиши мумкин?

Шуҳрат Расул: — Бу ҳамкорлик ШҲТ доирасида институционаллашган. Россия ва Хитой стратегик даражада ҳамкорлик қиламиз, деяпти, лекин бир қозонда икки қўчқорнинг калласи қайнамайди, деган гап бор, шу мантиқ бўйича бу икки давлат бир-биридан фарқ қилади ички моҳият бўйича. Хитойнинг минг йиллик маданияти бор, энг қонхўр сулолалар даврида ҳам ҳақиқатни айтадиган, позиция билдирадиганлар бўлган Хитой тарихида. Россияда эса ҳақиқий ўрта аср абсолютизми, бўлаётган воқеаларни кузатсангиз, Африкадаги абсолютизмга ҳам ўхшаб кетади.

Уларнинг мақсадлари бошқа-бошқа. Россия империяни тикламоқчи, Хитой эса ўз иқтисодий муаммоларини ечиши керак, АҚШ, Европа билан ҳам зиддиятга бориб қолмаслиги керак бир пайтда. Бир томонда бўлиш Хитой иқтисодиётини йиқитади. Хитой иқтисодининг 30 фоизи қурилиш компаниялари бўлса, энг йирик иккита компанияси банкрот бўлди, агар бир томонлама кетса, бундан ҳам катта зарбаларга учраши мумкин. 7 ойдан бери Хитой экспорти тушиб боряпти, иқтисодий ўсиш ҳам кутилгандек эмас.

Наргиза Умарова: — Бу икки давлат халқаро авторитетини ушлаб туриши учун ҳам бир-бирига таянади. Буларни бирлаштирувчи яна бир муҳим соҳа – хавфсизлик. Қўшма баёнотга эътибор берсак, икки давлат ўзини фақат минтақавий эмас, глобал хавфсизлик учун ҳам масъул субъект сифатида кўради. Хитой бу нарсани идеологик жиҳатдан расмийлаштириб ҳам бўлган, Хитойнинг дунёга тақдим этган 3 йирик ташаббусидан бири глобал хавфсизлик масаласи. Хитойнинг яна бир муҳим концепцияси – бутун инсониятнинг ягона тақдири. Бу лойиҳалар фақат фалсафий, реал кучга эга эмасдек кўринади, лекин буларнинг асосида хитойцентризм, янги дунё тартиботига жиддий тайёргарлик ётибди. Ўз идеологияси атрофида хайрихоҳ давлатларни йиғяпти, булардан бири Россия деб биламан, чунки Россия Хитой каби ўзи бошчилигидаги қутб таклиф эта олаётгани йўқ дунёга, сўниб боряпти у, потенциали паст. Экспертлар айтадики, Россия ўзини ҳозирги шаклда сақлаб қолиш учун янги дунё тартиботида Хитой билан битта лагерда бўлиши керак. Бугун Россиянинг авторитетини ушлаб беришда Хитойнинг ўрни муҳим.

Камолиддин Раббимов: — Путин “Бир камар – бир йўл” лойиҳаси билан ЕОИИни бирлаштиришни таклиф қилди, бунга Хитой муносабат билдиргани йўқ, менимча, бундан хурсанд эмас Хитой. Путин ЕОИИга Хитойни қўшиб, жозибадорлигини оширмоқчи.

АҚШ ва Хитой ўртасида ҳарбий тўқнашув эҳтимоли ошиб боряпти. Путин ўз чиқишларида Тайван масаласини кўтариб, бу бўйича конфликтда ёнингда бўламан, деган мессеж беряпти Хитойга. Кутаётган нарсаси – Украина урушида Хитойнинг қўллови. Хитой эса Европада тезроқ урушлар тўхтаб, БМТ низомларига кўра тартиб бўлсин, деяпти. Яъни Украинанинг босиб олинган ерлари Россияга берилиши Тайваннинг Хитойдан тортиб олинишига сабаб бўлади, деган позицияда. Лекин буни очиқча айтолмайди, дипломатик тилда айтиляпти. Хитой мураккаб аҳволда, дейиш мумкин.

Наргиза Умарова: — ЕОИИ Россиянинг геосиёсий лойиҳаси, иқтисодий эмас. Хитойнинг “Бир камар – бир йўл”и ҳам геосиёсий лойиҳа, аслида, геоиқтисодий аҳамияти катта бўлса-да. Пекин Путин таклифига рози бўлмаса ҳам, қўшма баёнотда бу риторика бор, лекин Шуҳрат айтгандай, бир қозонда икки қўчқорнинг калласи қайнамайди. Бу икки лойиҳа реал бирлашиши жуда қийин масала, биринчиси иккинчисини еб қўйиши мумкин.

Россияда ОДКБ лойиҳаси бор, Хитойда бундай сиёсий институт йўқ. Бу йилги баёнот минтақавий ва глобал хавфсизликда ОДКБ ва Хитой позицияларини мувофиқлаштиради, дейилган. Балки ОДКБ+Хитой формати юзага келиши ҳам мумкин деб тахмин қиляпман.

Ҳамид Содиқ: — Си Жинпингнинг глобал хавфсизлик, инсоният тақдири, деётгани маълум бир фалсафий, сиёсий томондан тушунтирмоқчи бутун дунёга. Путин эса эса яланғоч кўринишда тушунтирмоқчи, яъни Россиясиз дунё бўлса, дунё керак эмас. Хитой эса фалсафий томондан айтмоқчи буни. Мана шу риторика икки автократнинг тафаккурини кўрсатади.

Камолиддин Раббимов: — Дунёда кейинги 30 йилда АҚШ қудратидан чарчаш кузатиляпти. Глобал жануб, мусулмон ва араб дунёси Фаластин мисолида, Исроилнинг ҳомийси сифатида эса АҚШ кўрилади. Шунинг учун ҳам бу икки давлатнинг адолати авторитар адолат, авторитар демократия.

Демократияни ҳар хил талқин қилиш мумкин, Шимолий Корея ҳам ўзини демократик давлат деб билади. Россия ва Хитой бир хил вазндаги “қўчқор” эмас, Россия аҳолиси 140 млн, Хитойники 10 баробар кўп. Россия ЯИМ 1,5 трлн атрофида, Хитойнинг ЯИМ 21 трлндан ошади. Совет иттифоқи даврида Сталин лидер эди ва Хитой унга бўйсунарди, ҳозир эса мутлақ тескари ҳолат. Шартли равишда айтадиган бўлсак, Россиянинг тақдирини кўпроқ Пекин белгилайди бугун. Агар Пекин Россиядан воз кечса, Россия тўлиқ иҳоталанади ва Ғарб санкциялари самара беради. Хитойнинг ўзига ҳам Россия билан ҳамкорлик қилиш узоқ муддатли манфаатларига тўғри келади.

— Хитой ва Россиянинг Марказий Осиё бўйича сиёсати қайси нуқталарда ўзаро кесишади ва қайси жиҳатдан зиддиятли?

Наргиза Умарова: — Марказий Осиё географик яқин минтақа, шунинг учун бефарқ бўлолмайди. Яқингача бу икки давлат ўртасида вазифалар тақсимоти бор дейиларди, Россия Марказий Осиёдаги хавфсизликка жавоб берса, Хитой иқтисодий томонига. Бу қараш ҳозир эскирган. Энди Хитой очиқча ўзини Марказий Осиё учун ҳам, бутун дунё хавфсизлиги учун ҳам масъул эканини айтяпти Россия билан бирга.

МО давлатлари учун ҳам танлов кенгайяпти. Ғарб ҳам ўз ёрдамларини, лойиҳаларини тақдим этяпти. Марказий Осиё булар учун муҳим ҳисобланади. МО давлатлари хайрихоҳлик кўрсатяпти, Хитой ташаббусларини МОнинг камида 2 йирик давлати (Ўзбекистон, Қозоғистон) қўллаган.

Шуҳрат Расул: — Наргизанинг фикрларига тўла қўшиламан. МО давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ўз хайрихоҳлигини глобал ўйинчиларга кўрсатиб туриши кепак, чунки бу кўп векторли сиёсат асоси. Минтақавий кучлар билан ҳам, АҚШ, Ғарб, Россия ва Хитой билан ҳам шундай.

АҚШ ва Ғарб бўйича халқимизда салбий муносабат шаклланган. МОга Ғарб жуда керак, масалан, Ўзбекистонга Жаҳон банки, Европа Тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро валюта жамғармаси томонидан 1,5 фоизлик кредитлар бериляпти. МО учун Россия ва Хитой ўртасида рақобат бор, иқтисодий муносабатларда кўриш мумкин. Ўзбекистонда Россиянинг 3100 дан ортиқ қўшма корхонаси бор, Хитойники 2200 та, лекин Хитой инвестицияларининг миқдори анча катта. Ўтган йили саммит доирасида Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифида 57 млрд долларлик шартномалар имзоланган, шуларнинг ярми амалга ошса ҳам, Ўзбекистон иқтисодида сезиларли ўсиш бўлади. Россия ва Хитой ўртасидаги саммит бўйича бирор рақам эшитмадик ҳали инвестиция тўғрисида. Хитой Россияга иқтисодини кўтарувчи инвестициялар киритиш сиёсатидан воз кечган. Ноябр ойидаги форумда бунинг учун Москва мэри Собянин Хитой томонини айблаган ҳам эди.

Хитойнинг бу сиёсати мантиқли. Хитой МО давлатларини ўзига рақиб деб билмайди, лекин Россияни кучайтиришдан манфаатдор эмас, Россияни товар сотадиган катта бозор сифатида кўради ва шундай ушлаб турмоқчи.

Камолиддин Раббимов: — Бу икки давлат МОда демократия бўлишини ўзига таҳдид деб билади. Ўтган 2023 йилдаги Си Жинпинг ва Путин учрашувларида биз МОдаги рангли инқилобларга қарши курашамиз, деди. Улар демократиянинг ҳар қандай кўринишини шундай номлайди. Агар Қозоғистон ва Ўзбекистонда либерал демократик ўсиш бўлса, икки авторитар давлатнинг сиёсати табиий равишда танқидга учрайди, масалан, мусулмонларга, этник камчиликларга муносабати. Чунки демократия халқ иродасининг ҳокимиятга чиқиши дегани, ташқи сиёсатда ўз аксини топади. Шу нуқтаи назардан булар МОда демократия бўлишидан манфаатдор эмас.

Лекин Путин ташрифи фонида Кремлга яқин бўлган рус экспертлари олдин биз МОга Хитойнинг келишини таҳдид деб билардик, бугун муносабатлар ижобий, шунинг учун бунга қарши эмасмиз, бу борада ҳам ҳамкорлик қиламиз, деди. Бошқа иложи ҳам йўқ. МОда Россиянинг таъсири сўнди. Путин ҳокимиятга келгач, ўзининг геосиёсий босимини ошириб бораётган эди. Украина урушидан кейин Россиянинг таъсири нафақат Ўзбекистонга, балки Қозоғистон ва Қирғизистонга ҳам сўниб қолди. Кичик Қирғизистон КХШТ ўқув машқларини ҳам бекор қилди, Россия бирор жазо чораларини қўллай олгани йўқ. Бу икки давлат ўртасида МО бўйича рақобат яширинча сақланиб қолаверади.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Top