12:22 / 21.05.2024
12745

Эрондаги ҳалокат: сиёсий таҳлилчилар қандай фикрда?

19 май куни Эрон ва Озарбойжон ўртасидаги тўғон очилишига борган Эрон президенти Иброҳим Раисий Теҳронга қайтишда, Табриз шаҳри яқинида авиаҳалокатга учраб вафот этди. Сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Каримов ва Бектош Бердиев Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида ҳодиса ҳақидаги фикрлари билан бўлишди.

— Ҳодисадан кейин ўтган вақт давомидаги хабарлар оқимини кузатган ҳолда, шахсий фикрларингиз қанақа? Асосий савол: воқеани бахтсиз ҳодиса дейиш мумкинми?

Фарҳод Каримов: — Авваламбор, Эрон халқига ўз таъзиямизни билдирамиз. Ҳар қандай халқ, жамият учун оғир бу.

Эрон ташқи сиёсатида оғир кунлар кузатилаётган эди, ривожланган давлатлар билан иқтисодий муносабатлари ҳавас қилгулик эмас, санкциялар остида эди, Ғазодаги ҳолат ортидан Исроил билан муносабатлари яна ҳам мураккаблашиб қолган эди. Шундай шароитда бу ҳалокат бўлди ва турли версиялар бўлиши табиий. Лекин аввало расмий муносабатга эътибор қаратиш керак, расмийлар ҳалокатнинг асосий сабаби туманли ноқулай об-ҳаво, яъни бахтсиз ҳодиса, деяпти. Кўриш имконияти паст бўлгани учун вертолёт пастлаб учган ва қояга урилган, деган версия айтиляпти ва биз шуни қабул қиламиз расман. Лекин геосиёсий ва Эрон ичидаги вазият бошқа бир версияларни ҳам олдимизга қўяди.

Ички вазият версиясидан бошласак. Эрон ичида ҳаммаси ҳам барқарор эмасди охирги йилларда. Яқинда Қишлоқ хўжалиги вазири қўлга олинди, унинг 4 млрд АҚШ долларга яқин ўзлаштириши воқеалари фонида Раисий ҳукуматига нисбатан ишончсизлик ортиб борди турли кучлар томонидан, бундан ташқари, у ердаги либераллар ва консерваторлар ўртасидаги рақобат кучайиб кетиб, қайсидир маънода ижтимоий-сиёсий кланлар ўртасидаги кураш бошлангани ҳам айтилганди. Раисий Эрон Олий суди раҳбари бўлиб турган пайтда Руҳонийнинг яқин одамлари ҳибсга олиниши ортидан ҳам кланлар ўртасидаги кураш кўтарилганди. Мана шу ички сиёсий беқарорлик ҳам диверсия қилишга сабаб бўлиши мумкин, деган тахмин ҳам бор таҳлилчилар томонидан. Бундан ташқари, Раисийни Хоминаийнинг вориси сифатида ҳам кўришаётган эди.

— Кўприк очилишига 3 та вертолётда делегация борган ва фақат Раисийнинг вертолёти шундай ҳодисага учраган, шу бўйича ҳам фикрингиз?

Фарҳод Каримов: — Бу масала ҳам баҳсли. Давлат раҳбари учаётган борт жиддий техник текширувлардан ўтказилади, кучли мутахассислар текширади ва уларнинг хато қилиш эҳтимоли кам. Қолган иккита вертолётнинг вазифаси биринчи рақамли вертолётни кузатиш, радарлардан йўқолиши билан бош штабга хабар бериши керак эди. Қидирувлар 5 соат давом этди, нега ўша йўқолиб қолган жойдаги кординаталар берилмаган, деган саволлар бор ва булар турли версияларни вужудга келтиряпти.

— Эрон авиацияси анча эски экани айтилади. Ғарб санкциялари Эроннинг хориждан янги самолётлар сотиб олишига, мавжудларини таъмирлашига қандай таъсир кўрсатган? Чунки самолётлар асосан Ғарб давлатларида ишлаб чиқарилади.

Фарҳод Каримов: — Вертолётлар эски, лекин доимий таъмирланиб турса керак, давлат раҳбари учади чунки. Техник носоз вертолёт дейишга ҳам асослар кам, чунки Эрон ҳарбий соҳада ҳам энг олди давлатлардан бири ўз минтақасида, Россия каби давлатларга дронлар тақдим эта оляпти. Европа санкциялари остида бўлса ҳам, Россия, Хитой билан муносабатлари яхши, бу омиллар авиацияси оғир аҳволда қолган, деган масалани савол остида қолдиради. Техник жиҳозлар етмаган, деган гап бор, лекин нега шундай вертолётга давлат раҳбарини чиқаришади? Шунинг учун техник носоз деган версия эҳтимолини паст баҳолаган бўлардим.

— Озарбайжон ва Эрон ўртасидаги Тўғон очилиши президентлар иштирок этадиган даражада катта воқеликми?

Бектош Бердиев: — Ташриф асосли бўлиши мумкин, тўғон очилишига борса ҳам, бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинади. Миллатлараро зиддиятлар мураккаблашиб бораётган минтақа Табриз, у ерда кўпроқ озарбойжонлар яшайди. Бундан ташқари, чегара муаммоси бор эди сўнгги пайтларда. Умуман, Озарбойжон билан Эрон муносабатлари ҳар доим яхши эмас, кескинликлар ҳам бўлиб туради. Технологик катастрофа ҳисобланаётган бу вазиятда қандайдир аралашув бор, айрим экспертлар фикрича. Энг мураккаб минтақада содир бўлди, ташқи аралашув эҳтимоли катта деб баҳолаш мумкин. Лекин юқорида айтилгандек, биринчи рақамли бортда техник носозлик бўлиши қийин, уни текширадиган экспертлар, керак бўлса қулаш вақтида давлат раҳбари билан сакраши керак бўлган қўриқчилар бўлиши керак эди. Нега шундай бўлмади? Нега чегарага яқин жойда бўлди? Бу сценарийни қилганлар чегара яқинида бўлди, ташқи аралашув бор, деган фикр яратмоқчи бўлгандир.

Раисийнинг охирги вақтлардаги фаолиятига қарасак, у кўпроқ босиқлик асосида сиёсат олиб бораётган эди. Лекин Яқин Шарқда босиқ сиёсат кетмайди, қайноқ нуқта бу минтақа. Яқин Шарқда тинчлик, барқарорлик ўрнатаман, деган етакчиларнинг аксарияти фалокат билан якунлаган, бу ҳам шу занжирнинг бир кўринишидир. Айтилгандек, Раисий Хоминаийнинг вориси бўлиши мумкин эди, лекин Хоминаийнинг ўғлини сиёсий майдонга олиб чиқмоқчи бўлган кучлар ҳам бор, уларнинг иши бўлиши мумкин. Бундан ташқари, миллатлараро, диний зиддиятлар бор. Умуман олганда, Раисий фаолиятига қарши нафақат ташқи кучлар, балки ички кучлар бор эди ва улар катта қудратга, шу каби ҳалокатларни уюштира олиш кучига эга эканини ҳам айтиш керак.

Фарҳод Каримов: — Тўғон очилиши Озарбойжон ОАВида жуда катта лойиҳа сифатида кўрсатилди бу. Минтақада аҳолини энергетика билан таъминлай оладиган тўғон. Бу, аслида, Эрон ва Озарбойжон ўртасида баҳсли масала эди, шу муаммони ҳал қила олдик, бу лойиҳа бўлишини кутмаганлар бор эди, деб Озарбойжон президенти ҳам айтди. Шунинг учун ҳам давлат раҳбарлари даражасида бўлган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, бу лойиҳада Эрон компаниялари ҳам иштирок этганди, яъни оддий лойиҳа эмасди.

Яна бир масала, Теҳрондаги Озарбойжон элчихонасига террористик акт бўлганди ва бунинг ортидан муносабатлар яна совиганди, шуни илиқлаштириш учун ҳам Озарбойжон томони ҳаракат қилди. Бугунги Озарбойжон 10 йил олдинги Озарбойжон эмас, геосиёсий сиёсатни бошлаш арафасидаги давлат, иқтисодий имкониятлари етарл. Шу сабаб ҳам бу учрашувга бошқача ракурсдан қараш кераклигини таъкидланган эди.

— Эрон президенти давлат раҳбари эмас, ҳукумат раҳбари эканини инобатга олсак, унинг вафоти Эроннинг ички ва ташқи сиёсатига катта таъсир кўрсатмайди, деб ҳисобласа бўладими?

Фарҳод Каримов: — Эрон президенти бош вазир даражасида демаган бўлардим. Давлатнинг асосий стратегиясини олий диний раҳнамо белгиласа ҳам, асосий ижрочи, тактик масалаларни, кадрлар масаласини ҳал қилувчи, ташқи сиёсатда Эрон номидан гапирувчи президент бўлади. Эроннинг президентлари алмашганда ички ва ташқи сиёсатда анчагина ўзгаришлар бўлади (умумий стратегиядан қочмаган ҳолатда). Либераллар келганда Эрон иқтисоди енгиллашиб, ташқи давлатлар билан ҳам яхши муносабатда бўлди, 2016 йил Эрон ядровий дастурида Европага яқинлашиш масаласи кўрилганди, Эронга нисбатан санкциялар ечилиш ҳаракатлари бўлганди. Яъни Хоминаийнинг 30 йилдан ошиқ фаолиятида ташқи сиёсатда бир қанча ўзгаришлар бўлган, буларнинг ҳаммаси президент сиёсатига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан президентнинг ташқи ва ички сиёсатда ўрни катта.

Эронда институтлар ишлайди, сиёсий тизим бор, иерархияга асосланган механизм ишлайди сиёсатда. Кадрлар билан боғлиқ муаммолари йўқ унчалик, давлат раҳбарининг вафот этиши Эрон сиёсий тизими қулайди, дегани эмас. Диний раҳнамо бор, унинг халқни тинчлантириш, таъсир қилиш сиёсатига путур етмайди, қонунчилиги бор, вице-президент вақтинча президент бўлади сайлов ўтгунча. Тўғри, катта зарба бу, бир муддат шокка тушишади, ташқаридаги Эрон ҳамкорлари бор, Эрон қўллаётган “Ҳизбуллоҳ”, ҳусийлар каби кучлар бор, улар вазиятни кузатади, бундан кейин бизга бўлган муносабат қандай бўлади, деган масала бўлади. Либераллар минтақада Эрон ёрдам берадиган кучларни қўллашни унчалик ёқламайди, ўзимизда қийинчиликлар бўлган бир пайтда ташқаридаги кучларга ёрдам бериш нотўғри, деб ҳисоблайди. Шу маънода либераллардан президент келса, ташқи сиёсатда ўзгариш бўлади. Мана шу жиҳатдан ички ва ташқи сиёсатга таъсир қилиши мумкин, лекин мавжуд сиёсий тизим қуламайди. Кадрлар етарлича бор, ишлайди, Хоминаий ўрни ҳам мавжуд.

— Воқеага ташқи ва ички кучлар фокусидан назар солсак. Масалан, Исроил бу ҳодисага алоқадорлигини рад этди.

Бектош Бердиев: — Бу ерда гап Исроил рад этгани ёки шарҳламаганида эмас. Умумий риторика бўйича кўпчилик Исроилнинг қўли бор, дейди, жамият шунга одатланган. Лекин Раисийнинг сиёсати барқарорлаштиришга хизмат қилаётган эди. Масалан, Хоминаий агрессив кайфиятни мафкура даражасига олиб чиқади, Исроилни йўқ қилиш, АҚШ манфаатларига зарба бериш ҳақида катта ғоявий гапларни айтади. Лекин Раисий вазиятни чигаллаштирмаслик йўлидан кетаётган эди. Шундоқ ҳам санкциялар остидаги ҳолатда вазиятни янада мураккаблаштирмаслик, мўътадил сиёсат олиб бораётган эди. Бу нарса Исроилга ҳам маъқул келади. Агар диний раҳнамо гапларини амалга оширадиган президент бўлганда бугун Эрон ва Исроил катта урушга киришган бўлиши мумкин эди. Катта уруш бошланмаганида Раисий ўрни бор.

Фарҳод Каримов: — Раисийнинг Суриядаги консулликка ҳужумдан кейинги босиқлиги ҳам катта иш бўлди. Диний элита уруш ҳақида гапираётган эди. Аслида, ваколатхонага ҳужум катта уруш учун етарли сабаб, лекин Раисий жавоб зарбаси билан чекланди. Эронни урушга тортиш бўйича ҳаракатлар йиллар давомида бўлаётган эди ва буни Раисий тушунар эди. Эроннинг ортида туриб берадиган куч йўқ бугун, шунинг учун провокацияларга учмай келаётган эди, айниқса, Ғазодаги уруш бошлангач, Эронга нисбатан провокациялар кучайди, Раисийнинг сиёсати эса босиқлик бўлди. Янги келадиган президентнинг позициясига кўп нарса боғлиқ бўлади.

— Эрон Конституциясининг 131-моддасига кўра, вице-президент Эрон президентининг вазифаларини ўз зиммасига олади. Яъни Муҳаммад Мохбер Эрон президенти вазифасини бажарувчи бўлади. Асосий номзодлар ҳақида тахминлар ёки маълумотлар борми?

Фарҳод Каримов: — Раисий сиёсати асосий сиёсий элитани қониқтиргани сабаб унинг ўрнига кимнидир тақдим этмаётган эди партиялар. Ҳалокатдан сўнг номзодлар варианти чиқа бошлади, Хоминаийнинг ўғли, Аҳмадинежод, либераллар ҳам кимнидир кўрсатиши мумкин. Биламизки, охирги қарорларни диний раҳнамо қабул қилади. 5 кунлик мотам ўтгач, зудлик билан рўйхат шакллантирилади. Энди кланлар ўртасидаги муаммолар ҳам рол ўйнайди ички сиёсатда. Чунки Руҳоний давридаги тозалаш ва 2023 йил охири ва 2024 йил бошидаги тозалаш ишлари ижтимоий-сиёсий гуруҳлар ўртасидаги кураш эди ва бу номзодларни олиб чиқишда рол ўйнайди.

Лекин Эрон диний раҳнамолари ва сиёсий элита ҳам вазиятни тушуниши керак ва тушунади ҳам. Минтақа олдинги минтақа эмас, Фаластинда ҳарбий операция, Сурия билан Эрон муносабатлари бироз совуқлашган, умуман, геосиёсий тиғизлик пайти. Шунинг учун кескин ички сиёсий беқарорлик келтириб чиқариш керакмас. Шундай бир шароитда бир-бирига кескин душман бўлган номзодлар берилмаса керак. Чунки шундай бўлишини кутиб турган кучлар бор, ичкарида ҳам ташқаридан ёрдам олишга муҳтож кучлар йўқ эмас. Паҳлавий давридан кейин сиёсий кучга, капиталга эга оилалар бор 40 дан ортиқ. Бу оилалар асосан либерал кайфиятда, улар хам номзодини олиб чиқади. Лекин бу номзод олиб чиқиш Эроннинг ташқи сиёсатдаги обрўси тўкилиши ёки позициялари йўқотилишига олиб келмаслиги керак ва буни яхши тушунишади. Шунинг учун ҳам 50 кун ичида ичкаридаги кучлар ўзига хос консолидацияга келади, Шарқнинг ўзига хос хусусияти ҳам шунда. Эрон давлатчилиги минглаб йиллик тарихга эга, бундай ҳолатларга иммунитети бор. Шу сабаб ичкарида қандай ҳокимият учун кураш бўлса ҳам, номзод беришда барибир мўътадил номзодни беришади, деб ўйлайман.

Бектош Бердиев: — Ким бўлишидан қатъи назар унинг олдида мураккаб танлов бўлади: Хоминаийнинг стратегиясини бажариш ёки халқнинг манфаати. Эрон санкциялар остида бўлса ҳам, катта ресурсларни ташқи дунёдаги шиаларни, турли гуруҳларни қўллашга сарфлаяпти. Айтганимиздек, Раисий Хоминаийга хўп деса ҳам, кўпроқ ўзининг мустақил сиёсатини амалга ошираётган эди. Яъни ташқарига сарфлаётган ресурсларни чеклаб, ичкаридаги муаммоларга ҳам сарфлаётган эди. Унда халқ қўллови ҳам бор эди. Эндиги раҳбар Хоминаийнинг мафкуравий ташқи сиёсатини амалга оширишга ёки ички сиёсатни барқарорлаштиришга ҳаракат қиладими, деган масала бор.

Эрон ичида ташқарига сарфлаётган ресурслардан норози кучлар бор. Олдин ички муаммоларни ҳал қилайлик, дейишади. Шунинг учун янги раҳбар олдида шундай танлов бўлади, шу танловди моҳирона ютиб чиқиш учун популистроқ одам керак Аҳмадинажот каби, нотиқ, маълум маънода технократ. Ҳозирги ҳолатда Эроннинг давлат сифатида сақланиб қолиши муҳим. Агар янги раҳбар АҚШ ва Исроилга нисбатан кескин сиёсат олиб борса, Эрон давлатчилиги хавф остида қолади. Шунинг учун узоқни ўйлайдиган, Эрон манфаатларини тушунадиган, босиқ сиёсат олиб борадиган номзод бўлиши керак ва бундай номзодни Эрон элитаси топа олишига ишонамиз.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзу
Иброҳим Раисийнинг ҳалокати
19 май куни вертолёт ҳалокати оқибатида Эрон президенти Иброҳим Раисий вафот этди. У 2021 йилда давлат раҳбари лавозимига сайланганди.
Барчаси
Top