11:38 / 21.05.2024
16636

Сирдарёдаги “Мурувват” уйида даволанаётган ақли заиф беморни мазах қилган ходимлар ишдан бўшатилди

Ҳозирда ҳолат юзасидан Сирдарё тумани ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

Фото: Омбудсман

2024 йилнинг 17 май куни ижтимоий тармоқларда Сирдарёдаги ногиронлиги бор шахслар яшайдиган “Мурувват” уйида ишловчи бир гуруҳ ходимлар шу ерда яшаб даволанаётган руҳий носоғлом аёлнинг устидан мазах қилгани тасвирланган видео тарқалди.

Ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Сирдарёдаги минтақавий вакили томонидан жойига бориб ўрганилган.

Аниқланишича, аёлни мазах қилган ходималар ушбу муассасага аутсорсинг асосида хизмат кўрсатадиган тадбиркорлик субъектида ишлаган. Улар муассаса ҳудудида эркин сайр қилиб юрган Я.С.ни шифокор, ҳамшира ҳамда кичик тиббий ходимлар (энага) рухсатисиз ошхона биносига олиб кириб, руҳий ҳолатини била туриб мазах қилишган. Ҳолатни видеога олиб, уни ошхонада ишловчи ходимларнинг Телеграм группасига ташлашган. 

“С.Я.да ақли заифликнинг оғир даражаси сабабли хулқ-атвор бузилиши билан кечувчи руҳий ҳолат тез-тез кузатилади. Яъни доимий равишда яқин қариндошларини эслаб уйимга жўнатинг ёки чақириб беринг деб йиғлаш ҳолатлари юзага келади”, дейилади Омбудсман хабарида.

2024 йил 17 май куни Сирдарё “Мурувват” уйи раҳбари Сирдарё тумани ИИБга мурожаат қилиб, Х.М. ва Ш.О.ларнинг хатти-ҳаракатига қонуний чора кўришни сўраган.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда Сирдарё тумани ИИБ томонидан ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Беморнинг устидан кулган ходималар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ва улар вазифасидан озод қилинган.

Текширув давомида С.Я. ва унинг шифокори билан суҳбатлашган Омбудсман минтақавий вакили бемор аёлнинг кайфияти ва руҳий ҳолати яхши эканини маълум қилган.

Top