8312.64 USD -2.21

9456.46 EUR +48.21

125.22 RUB +1.37

10578.7 GBP -23.60

20:10 / 30.09.2018 57059

Андижондаги кластерда пахта ҳосилини териб-бунтловчи терим комбайнлари иш бошлади

«Khantex-group» корхонаси Андижоннинг Қўрғонтепа тумани кластерига замонавий, ҳосилни териб-бунтловчи пахта комбайнларини олиб келди.

Маълумки, кластер усулига Ўзбекистон пахтачилигининг келажаги сифатида қаралмоқда. Мамлакатимизнинг кўплаб туманларида кластерлар ташкил қилингани бунга яққол мисол бўла олади.

Пахтани етиштиришдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичларни ўз ичига қамраб олган мазкур усул Андижон вилоятининг икки – Қўрғонтепа ва Балиқчи туманларида ҳам амалга оширилмоқда.

Қўрғонтепа туманидаги 8168 гектар пахта майдонида «Khantex-group» томонидан замонавий ва энергия тежамкор технологик ускуналар асосида клас­тер усулида сифатли трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

«Khantex-group» корхонаси пахта ҳосилини сифатли териб олиш мақсадида кластерга замонавий технологияларни олиб келди.

30 сентябрь куни Қўрғонтепа туман пахта далаларида Американинг «John Deere CP690» русумли комбайнлари синов теримини ўтказди.

Мазкур пахта терим комбайнлари ҳосилни териш билан биргаликда қадоқлаб, яъни бунт ҳолатида келтириши жуда аҳамиятлидир. Самарадорлиги юқори бўлган замонавий комбайнлар пахта теримини самарали ва тез йиғиб олишга ёрдам беради.

«Khantex-group» корхонаси ўз кластерига «CASE» русумли пахта терувчи комбайнларини олиб келган бўлиб, тез кунларда бу агрегат ҳам тест теримига тушади.

«KUN.UZ» тез кунларда замонавий агрегатларнинг ишлаш жараёни ҳақидаги видеолавҳаларни тайёрлашни режалаштирган.

Элмурод Эрматов, Андижон
KUN.
UZ мухбири

Top