21:10 / 09.01.2020
0
200401
Трамп нега Эронга уруш очмади?

Америкаликларнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига берилган ва бирор ҳарбий хизматчига зарар етказа олмаган ракета зарбалари Эрон учун ҳам, АҚШ учун ҳам манфаатли бўлиб чиқди. Теҳрон ҳукумати Қўшма Штатлардан ўч олиш ҳақидаги баёнотини намойишкорона ҳужум қилиш орқали амалда бажарди (АҚШга очиқчасига ҳужум қилиш ҳаммага ҳам эмас). Вашингтондагилар эса Трампни мулоҳазали ва тинчликпарвар сиёсатчи сифатида кўрсатишди.

Фото: Reuters

Дональд Трампнинг имижи буткул ўзгариш учун 24 соат кифоя бўлди. Дам олиш кунларида АҚШ президенти Эрондаги ҳалокатли зарбалар бериб, бу мамлакатдаги тарихий ва маданий обидаларни йўқ қилиш билан таҳдид қилаётганди. Чоршанба куни эса ортида мамлакатнинг юқори лавозимли амалдорлари ва Пентагон раҳбарлари турган Оқ уй эгаси хотиржамлик ва тинчликка чорлаб нутқ қилди, у Теҳроннинг америкаликлар базаларига уюштирган ракета ҳужумларига жавобан уруш очилмаслиги ва бунга жазо сифатида фақатгина иқтисодий санкциялари қўлланишини маълум қилди.

«Бизда жуда кучли қуроллар ва техникалар бор, [...] аммо бу биз улардан фойдаланишимизни англатмайди. Биз уларни қўллашни истамаймиз», дея мулоҳазакорлик билан қайд этган Трамп.

(Чоршанба куни кечқурун АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Келли Крафт БМТ Хавфсизлик кенгашига нома йўллади, унда Вашингтон «Эрон билан олдиндан шартлар қўймаган ҳолда жиддий музокаралар бошлашга тайёрлиги» қайд этилган. У АҚШнинг мақсади «жаҳонда тинчлик ва хавфсизликка эҳтимолий таҳдидларнинг олдини олиш экани»ни таъкидлаган.)

Оқ уйдагилар Теҳроннинг режаларидан қандай воқиф бўлишди?

Эрон телевидениеси маълумотига кўра, ракеталар Америка базасига учирилиш жараёни

Ҳужум куни Ироқ бош вазири Одил Абдул-Маҳдий ракеталар зарбасидан бирор жабрланувчи бўлмаганини Ироқ ҳукумати ҳужум ҳақида олдиндан огоҳлантирилгани билан изоҳлади. Теҳроннинг «олдиндан огоҳлантируви» ҳақидаги хабар чиндан ҳам бош вазирнинг фейсбукдаги расмий саҳифасида ҳужум бошланишидан бир соат олдинроқ эълон қилинганди.

АҚШ маъмуриятидаги манба эса Би-би-си мухбирига берган интервьюсида Оқ уйдагилар бўлажак ҳужум ҳақида Ироқ ҳукуматидагилардан ҳам олдинроқ хабар топганини маълум қилган.

Америкадаги бир қанча нашрлар маълумотига кўра, жумладан, CNN ва ABC телеканаллари, Ироқ ғарбидаги Айн ал-Асад базасидаги ва Ироқ Курдистони ҳудудидаги Арбил шаҳрида жойлашган халқаро коалициянинг мувофиқлаштириш марказидаги ҳарбий хизматчилар ҳужум вақтида бехавотир жойда - ер ости бункерларида бўлишган. Бундан ташқари, Пентагондаги манбалар маълумотига кўра, ҳарбий базалардаги барча ходимлар ҳимоя костюмларида бўлишган, уларда ҳужумга тайёргарлик учун етарли вақт бўлган.

«Олдиндан кўриб қўйилган чоралар америкалик ҳарбийлар ҳаётини сақлаб қолишга имкон берди», деган чоршанба куни АҚШ Давлат департаменти расмийси журналистларга телефон орқали ўтказилган брифингда.

Би-би-си суҳбатдошининг тасдиқлашича, Вашингтондагилар ракета зарбалари берилиши ҳақида сешанба тонгидаёқ (маҳаллий вақт билан), ҳужум бошланишидан 12 соат олдин хабардор бўлишган. Америка томони бу ҳақдаги маълумотни разведка хизматидан, шунингдек, Ироқ ҳукуматидан олган.

«Биз ҳужум нишонлари ҳарбий базалар бўлиши ҳақида олдиндан билардик, бу маълумотни ироқликлар ҳам ҳужумлар олдидан тасдиқлашди», деган Би-би-си суҳбатдоши. У маълумотлар қандай йўл билан қўлга киритилгани (Эрон раҳбарияти вакилларининг ўзаро телефон сўзлашувларини тинглаш, сунъий йўлдош разведкаси ёки жосуслик хизмати орқали) ҳақидаги саволга жавоб бермаган.

Афтидан, Теҳрондагиларга ҳам ўз режаларини махфий тутиш зарурат бўлмаган. Washington Post нашри маълумотига кўра, сешанба куни кундузи Эрон ҳукумати БМТ Хавфсизлик кенгашига бўлажак ҳужумнинг юридик асослари кўрсатилган нома йўллаган. Бу нома матни ошкор этилмаган, аммо, ТИВ раҳбари Жавод Зариф айтганидек, Эрон ўз ҳаракатларини халқаро ҳуқуқ нормалари билан асосламоқчи бўлган. Ракета зарбалари берилиши билан вазирнинг твиттерида халқаро ташкилот уставига илова берилган ёзув пайдо бўлди.

«Эрон БМТ Низомининг 51-моддасига мувофиқ ўз-ўзини мудофаа қилиш мақсадида бизнинг фуқароларимиз ва юқори мартабали шахсларимизга қарши қўрқоқларча ҳужум бошланган ҳарбий базани нишонга олиб, муносиб чоралар кўрди. Эрон кескинликни ошириш ёки уруш келтириб чиқариш учун ҳаракат қилмайди, бироқ ҳар қандай агрессиядан ҳимояланади», дея ёзди у.

Бу қандай бўлгани номаълум, лекин 7 январь куни маҳаллий вақт билан соат 16:00даёқ, ҳужум амалга оширилишига бир соатдан кўпроқ вақт борлигида АҚШ президенти маъмурияти ходимлари Оқ уй тадбирларида қатнашувчи журналистларни Теҳрон ракета зарбасига тайёргарлик кўраётгани тўғрисида огоҳлантирган. Худди шу вақтда вице-президент Майк Пенс сешанба куни кечқурунга режалаштирилган телевизион интервьюсини бекор қилган.

Теҳрон қандай қуроллар ишлатган?

Чоршанба куни Пентагондаги брифингда чиқиш қилган АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер ва АҚШ Қуролли Кучлари бирлашган штаб бошлиқлари қўмитасининг раиси Марк Милли маълум қилишдики, чоршанбага ўтар кечаси Эрон томонидан Ироқдаги Америка базаларига 16та кичик ва ўрта масофага ҳаракатланувчи баллистик ракеталар учиб келган. Улардан 11таси Айн ал-Асад авиабазига, яна биттаси Арбилдаги мувофиқлаштириш марказига келиб тушган. Тўртта ракета, америкалик ҳарбийлар маълумотига кўра, нишонга етиб бормаган.

АҚШ мудофаа вазирининг таъкидлашича, ҳужумлардан мақсад «биноларга зарар етказиш, автотехникаларни йўқ қилиш, самолётлар ва бошқа учиш қурилмаларини яксон этиш, шунингдек, шахсий таркиб аскарларини йўқ қилиш» бўлган.

Марк Эспер ракеталар ҳужуми етказган зарарни «жиддий эмас» деб баҳолади.

«Ангарлар (самолётлар турадиган ёки таъмирланадиган махсус бино), учиш-қўниш йўлаклари, автомобиллар тураргоҳи ва бир вертолёт шикастланган», дея санаган Пентагон раҳбари.

Амеркалик ҳарбий экспертлар маълум қилишича, Ироқдаги базага ҳужумда эронликлар икки хил ракетадан - яқин радиусга учувчи (300-500 км) Fateh-110 ва нисбатан оғирроқ ва узоқроққа учадиган (750 километргача) Quam-1 ракеталаридан фойдаланишган.

Чоршанба тонгида Эрон давлат телеканаллари ракета зарбалари оқибатида америкалик 80 нафар ҳарбий хизматчи ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатганди.

Америка томони ва халқаро коалиция вакиллари ҳужум оқибатида ҳеч ким шикастланмаганини маълум қилишди.

Калифорниядаги Миддлбери институти таҳлилчиси Дэвид Шмерлер сунъий йўлдош тасвирларини ўрганган ҳолда Эрон ракеталаридан камида биттаси «ўта аниқлик» билан нишонга текканини маълум қилди. Аммо бу нишон самолётлар турадиган ангар бўлган.

«Айн ал-Асадда ичида одамлар бўладиган бошқа бинолар ҳам бўлган. Улар нега одамлар бўлган биноларни нишонга олмагани тушунарсиз», деган у.

Трамп нега уруш очмади?

Ракета зарбалари оқибатлари ҳақидаги маълумотлар тез вақт ичида Ироқдаги мутахассислар томонидан Вашингтонга етказилди. Пентагоннинг тасдиқлашича, ҳужумдан кейин бир неча соат давомида ҳарбий базалардаги барча ходимлар ер остидаги махсус бошпаналарда бўлишган.

Чоршанба куни Вашингтон вақти билан соат 7:30да Америка ҳарбийлари ва махсус хизматлар раҳбарияти президентга Эрон ҳужуми оқибатида бирор америкалик ҳалок бўлмагани ёки жароҳатланмагани ҳақида ҳисобот беришган.

Пентагон экспертлари ва АҚШ махсус хизматлари бир неча соат давом этган муҳокамалардан кейин «агар Эрон истаса, жиддий талофат етказиши мумкин бўлгани» тўғрисида хулосага келишган.

Бу маълумотни Washington Post нашрига берган интервьюсида нуфузли сенатор-республикачи, ракета ҳужумларидан кейин бир неча марта Трамп билан телефон орқали гаплашган Линдси Грэм ҳам тасдиқлаган.

«Ҳужум Эрон ҳукуматининг ўз аҳолиси учун ўз кучини намойиш этиш мақсадида амалга оширилган. Улар шунчаки кучини кўрсатиб қўймоқчи бўлишган, аммо улар бу зиддият тезроқ якунланишини исташмоқда, чунки улар президентдан (Трампдан) қўрқишади», деган у.

Оқ уй маъмуриятидаги ўз шахси сир қолишини истаган манба Washington Post мухбири билан бўлган суҳбатда Эрон ҳукумати «ички манфаатларини ҳимоя қилишга интилаётгани» ва АҚШ билан уруш бошлашни эмас «ўз обрўсини сақлаб қолиш»ни истаётгани ҳақида гапирди.

CNN телеканали маълумотига кўра, ракета зарбалари якунланганидан кейин Теҳрондаги расмийлар Вашингтонга камида уч марта Эрон ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш ниятида эмаслиги ҳақида хабар йўллаган. Швейцария ҳукуматидаги манбанинг тасдиқлашича, АҚШ ҳам, Эрон ҳам Американинг Теҳрондаги манфаатларини ифода этувчи Швейцариядаги дипломатлар орқали ўзаро хабарлар алмашган.

Чоршанба куни тонгдаёқ Оқ уйга Пентагон ва АҚШ Давлат департаментидан мутахассислар келишган, АҚШ Эронга ҳарбий йўл билан жавоб қайтармаслиги бўйича қарор қабул қилингач, спичрайтерлар жамоаси иштирокида Дональд Трампнинг кўпчилик учун кутилмаган тарзда тинчликпарвар руҳидаги чиқиши тайёрланган. 

Трампнинг ўзи ҳам тайёрланган текстни деярли ўзгартирмаган. Washington Post хабарига кўра, президент текстга фақат битта ўзгартириш киритган, у чиқишини оддий саломлашиш билан эмас, сиёсий баёнот билан бошлаш истагини билдирган.

«Мен Қўшма Штатлар президенти эканман, Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўла олмайди!», дея оташин сўзлар билан миллатга мурожаатини бошлаган Дональд Трамп кейин хотиржамлик билан шундай деди: «Хайрли тонг».

Прокси-уруш

Энди АҚШ ва Эрон ҳарбийларининг тўғридан-тўғри ўзаро тўқнашувига гувоҳ бўлмасакда, зиддият минтақадаги америкаликлар ва Эрон таъсиридаги шиаларнинг ҳарбийлашган кучлари ўртасидаги тўқнашувлар кўринишида давом этиши эҳтимоли юқори.

«Эрон сиёсати ўзгариши даргумон: у минтақадаги мақсадларига, шу жумладан, Америка ҳарбийлари Ироқдан чиқиб кетишига эришиш учун интилишда давом этади. Сулаймонийнинг ўлдирилиши АҚШнинг Ироқдаги позициясини кучсизлантирди. Аммо воқеалар декабрь ойи охирида АҚШ базаларига Эрон таъсиридаги маҳаллий шиа айирмачилари томонидан ҳужум уюштирилишидан бошланганди», дея эслатади Би-би-си таҳлилчиси Жонатан Маркус.

Оятуллоҳ Али Хоминаий 

Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий ҳужумни АҚШга тортилган «тарсаки» деб атади.

«Кечаги воқеа – АҚШга туширилган тарсаки. Америка минтақадаги балолар манбаи ҳисобланади. Америкалик барча ҳарбийлар минтақани тезроқ тарк этишлари шарт. Аммо бундай ҳарбий амалиёт етарли эмас. Муҳими Американинг минтақадаги мавжудлигига якун ясаш», деди у.

Чоршанба куни ҳудуддаги камида икки гуруҳ америкаликларга қарши уруш бошлаши ҳақида эълон қилди.

Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф шу ҳафтада берган интервьюсида Теҳрон «бутун минтақадаги ғазабланган одамларни назорат қила олмаслиги мумкинлиги»дан огоҳлантирганди.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний эса чоршанба куни ҳукуматдаги чиқишида шундай деди: «Менимча, Қўшма Штатларга асосий жавобни минтақадаги халқлар бериши керак: америкаликлар бизнинг қадрли генералимиз Сулаймонийнинг қўлини узишди, бунга жавобан Американинг бу ҳудуддан оёғи узилиши керак».

Катта уруш таҳдиди

Ҳозирги воқеалар олови ўчгандан кейин ҳам минтақада АҚШ ва Эрон ўртасида уруш келиб чиқиш хавфи йўқолмайди.

«Жиддий уруш хавфи ҳамиша сақланиб қолади. Сулаймонийнинг ўлими туфайли юзага келган инқирозли ҳолат якунланаётган бўлсада, истиқболда Эрон ва АҚШ урушишга чоғланишда давом этаверади ва агар олий даражадаги музокаралар орқали сиёсий келишувга эришилмаса, бу жараён тўхтамайди», дея ҳисоблайди эксперт Жереми Боуэн.

Эрон ракеталари етиб борадиган ҳудудлар
Фото: DIA, D3 Design

Би-би-си таҳлилчиси 2015 йилда Эрон ядро дастури бўйича келишув имзоланган маҳалда томонлар ўртасида илиқлик пайдо бўла бошлагани, аммо кейин АҚШда Трамп президентликка сайлангач, 2018 йилда у «Эрон билан ядро келишуви»дан чиқиб, томонлар ўртасида зиддият яна чуқурлаша бошлаганини қайд этган.

Эрон ҳарбий авиацияси базалари жойлашган ҳудудлар (Fighter Base)
Фото: DIA, D3 Design

Чоршанба куни Трамп яна бир марта Эрон билан 2015 йилги ядровий келишувни танқид қилиб, қолган иштирокчилар - Буюк Британия, Германия, Франция, Россия ва Хитойни ҳам бу келишувдан чиқиб, Эрон билан янги ядровий келишув бўйича музокаралар бошлашга чақирди.

Бошқа томондан, Эрон ва АҚШ ўртасидаги урушдан қочиб қутулиб бўлмаслиги ҳақида 40 йилдан буён, 1979 йилги инқилобдан буён гапириб келишади.

Мавзу
Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши
Эрон ташқи сиёсати бунёдкори, Яқин Шарқ бўйича бош стратеги, Эрон Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси таркибидаги «Кудс» махсус бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймоний Бағдоддаги аэропортда АҚШ президенти Дональд Трамп фармойишига биноан ўлдирилди.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top