09:30 / 12.06.2020
23307
Онажоним юриб кетиши учун ҳамма нарсага тайёрман – муштипар аёл ва унинг қизи кўмакка муҳтож

Одамзод чалинадиган дардлар кўп. Аммо улар орасида инсонни узлуксиз қийнайдиган, муттасил оғриқ берадиган, ўзига ҳам, яқинларига ҳам катта ноқулайликлар туғдирадиган шундай касалликлар борки, уларга қарши албатта жиддий курашиш керак.

 Kun.uz сайти фаолиятида хайриялар салмоқли ўрин тутади ва мурожаатларнинг кўпчилигини ҳам беморлардан келган мактублар ташкил қилади. Пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида яшовчи 64 ёшли Насиба Худойқулова ҳам 17 йилдан буён бўғимларнинг оғир касаллиги билан курашиб келади. Таҳририятга мурожаат қилган қизи Муборак Қосимованинг билдиришича, шунча йил ўтган бўлса-да, оила тиббиёт ривожига ва касаллик чекинишига умид қилиб яшайди.

–  2003 йили ёз фаслида онамнинг оёғида касаллик пайдо бўлди. 2007 йилгача бир амаллаб ишладилар ва кейин умуман ишга ярамай қолдилар. 2012 йилнинг май ойигача ҳар-хил шифохоналарда даволатдик, диагнозлари ревматоид артрит. 2012 йили май ойидан батамом ётиб қолдилар. Иккала тиззада юмшоқ қатлам қуриб қолган, суюқлик қолмаган экан. Онамга биринчи гуруҳ ногиронлиги белгиланган.

2016 йили Ҳиндистондан Тошкентга ортопед профессор Анил Арора келишини эшитиб қолдик ва онамни тез ёрдам машинасида кўрикка олиб бордик. Ҳиндистонлик шифокор онамнинг иккала тизза ва бел қисмини текшириб “иккала тиззага сунъий бўғим қўйиш керак, фақат шундагина бу аёл юра олади”, – деди ва бизда катта умид уйғотди. Маълум бўлишича, бу операция қиймати 8 минг доллар экан.

Биз шу операцияни Ўзбекистонда қилдирмоқчи бўлдик. Афсуски ўзимиздаги мутахассислар дастлаб битта оёқни, иккинчи оёқни эса 6 ой ёки 1 йилдан сўнг операция қилишларини айтишди ва энг нозик томони – бу операциялар муваффақиятли чиқишига кафолат бера олмасликларини билдиришди. Ортопед Анил Арора эса ҳар иккала оёқни бир вақтда операция қилишини ва бу ишга тўлиқ кафолат беришини айтганди.

Текширувлар жараёнида бир аёл билан танишиб қолдик. У аёл ҳам профессорнинг олдига қайта кўрикдан ўтиш учун келган экан. Бу аёл иккала оёғини шу шифокорга операция қилдирган экан. Биз унинг бемалол юришини кўрдик ва ўзимизча “фақат шу профессорга операция қилдирамиз” – дея қарор қилдик. Лекин керакли маблағимиз бўлмагани учун ҳозиргача бу иш чўзилиб юрибди.

Онамни парваришлайман деб турмушга ҳам чиқа олмадим. Лекин тузалиб кетишлари учун ҳамма нарсага тайёрман. Сабаби, онам ҳатто ўтира олмайдилар, фақатгина ётадилар. Ўтириш учун қотиб қолган тиззалари йўл бермайди.

Карантин ҳам охирлаб қолди, яқинда парвозлар ҳам бошланса керак. Ҳиндистонга онамни олиб бориш учун самолётда бир ўзларига учта ўрин керак бўлади, мен билан эса тўртта ўринга чипта сотиб оламиз. Профессорнинг айтишича, операциядан кейинги даволаниш жараёнлари учун Ҳиндистонда икки ой бўлишга тўғри келар экан. Демак бу ҳам қўшимча харажатлар талаб қилади.

Оиламиз жуда ўртаҳол, отам нафақада, мен ярим ставкада шифохона рўйхатга олиш бўлимида ишлайман. Топганимиз рўзғор ва онамнинг дори-дармонига кетиб қолади.

Шу боис юртимиздаги саховатли инсонлардан ёрдам сўрашга қарор қилдим. Kun.uz сайтида ёритилаётган жуда кўп хайрия акцияларидан кейин беморларнинг оғири енгил бўлаётганини эшитганман. Ажабмас, бизга ҳам ёрдам берсалар..., – дейди бемор Насиба опанинг қизи Муборак.

 Насиба Худойқуловага оид маълумотлар:

Пластик карта рақами: 8600 0417 9012 7436

(Агробанк, қизи Муборак Қосимова номида)

Виза: 4278 3300 0026 9264 (Муборак Қосимова)

Сбербанк: 4817 7603 3870 0812 (қариндоши Ўрол Абдуазизов)

Телефон: +998909785633 (қизи)

 Азизлар! Сиз бирорта беморимизни ноумид қилмагансиз ва саховатингиздан ҳеч ким бенасиб қолмаган. Онага умрини бағишлаб ўтаётган қизнинг кўз ёшлари тиниши, оғриқлардан азоб тортаётган аёлнинг мушкули осон бўлишида ҳам ҳимматингиз беқиёс бўлади албатта.

 Аброр Зоҳидов.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top