11:09 / 21.08.2019
7524

Ички ишлар органлари терговчилари малакасини ошириш тизими жорий этилади

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимида ҳуқуқий билимни ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Адлия вазирлигининг 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти ва Тошкент давлат юридик университетининг юқори натижалар қайд этган курсантлари (талабалари) ўқишнинг сўнгги босқичини бевосита амалиётда ўтказиши тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олий таълим муассасаларининг юқори натижаларни қайд этган курсантлари (талабалари) ўқишнинг сўнгги босқичини бевосита амалиётда ўтказиши тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Белгиланишича:

олий таълим муассасаларининг юқори натижалар қайд этган курсантлари (талабалари) тегишлилиги бўйича амалиёт ўташ учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органларига, жумладан, суд, прокуратура, ички ишлар, миллий гвардия, адлия органлари ва адвокатура тузилмаларига тегишлича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Адлия вазирлиги томонидан бириктирилади;

бунда юқори натижалар қайд этган курсантларни (талабаларни) амалиёт ўташ учун амалиёт ўтказувчи органларга бириктириш уларнинг мутахассислиги (йўналиши) бўйича ташкил этилади;

олий таълим муассасаларининг юқори натижалар қайд этган курсантлари (талабалари) ўқишининг сўнгги босқичини бевосита амалиётда ўтказиш белгиланган ўқув юкламалари ҳажми доирасида ҳал этилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясида юқори малакали амалиёт ходимлари, профессор ва ўқитувчилар ҳамда экспертларни жалб қилган ҳолда ички ишлар органлари терговчиларининг малакасини ошириш тизими жорий этилади.

Қуйидагилар ички ишлар органлари терговчиларининг малакасини ошириш тизимини жорий этишнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

дастлабки терговни амалга оширишда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устунлигига, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишига сўзсиз риоя қилиш кўникмасини мустаҳкамлаш;

терговчиларнинг билим ва малакасини оширишда инновацион техника ва воситалардан фойдаланиш ҳамда янги иш усулларини ўргатиш;

терговчиларнинг ўта мураккаб, шу жумладан, уюшган жиноий гуруҳлар ва уюшмалар томонидан содир этилган, ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш бўйича малакасини ошириш.

Терговчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясида малака ошириши хизматдан ажралмаган ҳолда амалга оширилади ҳамда ҳар йили ички ишлар органларининг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Қайд этилишича:

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш тўғрисида” 2013 йил 10 октябрдаги ПҚ-2050-сон қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида давлат таълим муассасаси шаклида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилган;

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ҳудудий филиалларини ташкил этиш тўғрисида” 2018 йил 6 августдаги ПҚ-3901-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ҳудудий филиалларида жойлардаги давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги раҳбар кадрларнинг малакасини ошириш курслари ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳокимлар ва фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) учун малака ошириш курсларининг таълим дастурларига ҳуқуқшуносликка оид ўқув соатлари ажратилишини таъминлайди.

Top