20:37 / 21.04.2021
9599

Янги қурилаётган Самарқанд халқаро аэропорти йилига 1,5 миллион йўловчига хизмат қилади

Самарқанд халқаро аэропорти айни дамда қурилаётган янги терминал ишга тушгач, йилига 1,5 миллион йўловчига хизмат қилади. Бу ҳақда туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Самарқанд шаҳрида ўтказилган пресс-ҳисоботда айтди.

«Самарқанд халқаро аэропорти янги терминал ишга тушгач, йилига 1,5 миллион йўловчига хизмат қилиш имконига эга бўлади. Самарқанд аэропорти ҳозиргача 2019 йил энг кўп – 390 мингга яқин йўловчига хизмат қилган. Бу йил эса терминал узоқ вақт ишламагани учун атиги 165 минг йўловчи ҳаракатланиши кутилмоқда. Аэропортда «бешинчи даражали ҳаво эркинлиги» тизими амалда бўлади. Бу Самарқанднинг ўзига хос ҳабга айланишига имкон беради ва Самарқанд аэропорти Ўзбекистоннинг сайёҳлик дарвозасига айланади.

Халқаро авиакомпаниялар Самарқанд аэропорти орқали парвозларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди. Бирор ҳудуд транспорт ҳабига айланиши учун автобус, темир йўл ва авиақатнов яхши ташкиллаштирилиши керак. Самарқандда ҳам автобус, ҳам темир йўл қатнови мавжуд бўлган йўл атиги 820 метрни ташкил этади. Самарқандда бутун республика бўйича автобус қатновларини амалга ошириш бўйича режалар ҳам бор», деди Абдуҳакимов.

Туризм ва спорт вазирининг айтишича, вазирлик Саудия Арабистонида ваколатхона ташкил этмоқчи. Унинг вазифалари «Умра+» дастури бўйича Малайзия, Индонезия, Ҳиндистон, Покистон каби давлатлардан Ҳажга борадиганларнинг йўналишини айнан Самарқанд ёки Бухоро орқали амалга ошириш бўлади. Яъни ваколатхона айнан шу давлатлар фуқаролари орасида Самарқанд ва Бухородаги зиёрат туризмини тарғиб қилади.

Самарқандда туризмни ривожлантириш учун меҳмонхоналар жуда зарур ҳисобланади. Ҳудуддаги туристик режаларга кўра, 2025 йилгача 94 та меҳмонхона қурилади. Умумий ҳисобда меҳмонхоналар борасида 220 та лойиҳа бор. Туристик қишлоқларни ташкил этиш ҳам давом эттирилади. Ургут туманидаги Терсак қишлоғи, Пайариқ туманидаги Чоштепа қишлоқлари худди Самарқанд туманидаги Конигил қишлоғи каби туристик қишлоққа айлантирилади.

Азиз Абдуҳакимовдан Самарқанд шаҳри ШҲТ саммитига қанчалик тайёрлиги ҳақида сўрадик. Унинг айтишича, асосий вазифа айнан қандайдир тадбир учун шаҳарни таъмирлаш эмас, доимий сайёҳлик инфратузилмасини яратиш. Туризм вазирига кўра, Самарқанд шаҳридаги 83,4 км йўлни таъмирлаш учун 978,9 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, 103 км электр тармоқлари реконструкция қилинади, 25 км ичимлик суви тармоқлари, 14,1 км газ тармоқлари тортилади.

ШҲТ саммити йирик сиёсий тадбир ҳисобланади. Унга кўплаб мамлакат етакчилари келади ва табиийки бу саммит ўтадиган шаҳарда меҳмонхоналар кўп бўлишини талаб қилади. Шу ўринда Самарқанддаги машҳур «Афросиёб» меҳмонхонаси тақдири борасида Азиз Абдуҳакимовга савол бердик. Унинг айтишича, Самарқанд ШҲТ саммитини ўтказиш учун «Афросиёб»га қараб қолмаган, шаҳарда имкониятлар етарли. Шунингдек, туризм вазири бирор ўзгаришни айнан қайсидир тадбирга боғлашни қоралади.

Маълумот учун, «Афросиёб» меҳмонхонаси 43,5 миллиард сўмга сотилган ва 2 йил ичида 4 юлдузли меҳмонхонага айланиши белгиланган. Бунгача ҳам меҳмонхона сотилган, лекин узоқ йил қаровсиз ҳолатда қолмоқда.

Top