21:09 / 18.09.2023
17883

«Навбаҳор» Осиёнинг энг қиммат жамоасига қарши. Бабаян шогирдлари Неймарни тўхтата оладими? 

Қитъанинг энг нуфузли мусобақаси Осиё Чемпионлар лигаси старт олмоқда. «Ал-Ҳилол» сафидаги турнирнинг асосий юлдузи саналмиш Неймар мусобақадаги илк ўйинини «Навбаҳор»га қарши ўтказиши кутилмоқда. Бразилиялик юлдуз Самвел Бабаян мураббийлигидаги ўзбек клубига қарши ўйин қайдномасидан жой олган. 

«Навбаҳор» ва Неймарда дебют

Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига Қатардаги плей-офф баҳсидаги ғалаба эвазига йўлланма олган «Навбаҳор» жамоаси турнирдаги дебютини «Ал-Ҳилол»га қарши ўтказади. Саудия Арабистони чемпионати пешқадами ёзда таркибини юлдуз ўйинчилар билан кучайтиргач, Осиё Чемпионлар лигаси ғолиблиги учун навбатдаги марта асосий фаворитга айланди. Ар-Риёд шаҳрида ўтказиладиган бугунги ўйинда Неймар, Малком, Невеш, Митрович, Микаэль сингари футбол юлдузлари ОЧЛдаги дебютини ўтказиши кутилмоқда. ОЧЛда бир ўйинда осиёлик бўлмаган фақат 5 легионердан фойдаланиш мумкинлиги боис мезбонлардан Ясин Буну, Калиду Кулибали ва Сергей Милинкович-Савич 1-тур қайдномасидан тушиб қолишди.

Ар-Риёд жамоаси ҳозирда мамлакат чемпионатида 6-турдан кейин 16 очко билан 1-ўринда бормоқда. Наманган жамоаси эса Суперлигада 2-ўринни эгаллаб турибди.

Қайд этиш жоиз, Самвел Бабаян ўйин олди матбуот анжуманида унинг жамоаси номдор рақибдан чўчимаслигини, «Ал-Ҳилол» ва унинг асосий юлдузи саналмиш Неймарга қарши муносиб қаршилик кўрсатишини айтиб ўтди. 

Ким қандай ҳолатда?

«Навбаҳор» сўнгги расмий ўйинида 3 сентябрь куни Ўзбекистон кубоги чоракфиналида «Сурхон»ни мағлуб этди – 2:0. «Ал-Ҳилол» эса Саудия Про лигасида 15 сентябр куни «Ар-Риёд»ни тор-мор этди – 6:1. 

Факт

«Ал-Иттиҳод» клуби Осиёнинг энг қимматбаҳо жамоаси саналади. Transfermarkt порталига кўра, ОЧЛ 4 карра ғолибининг айни пайтдаги таркиби 258,4 миллион еврони ташкил этади. Жозе Жезуш мураббийлигидаги жамоа ўз тарихида 9 марта ОЧЛ финалида қатнашган бўлиб, энг кўп – 4 маротаба ғолибликни қўлга киритган. 

Трансфер баҳоси: «Ал-Ҳилол» - Осиёда тенгсиз

Transfermarkt порталида Наманган клубининг умумий таркиби 10,39 миллион евро нарх билан ОЧЛ-2023/24 йилги мавсум жамоалари орасида 21-ўринда қайд этилган. Саудия Про лигаси пешқадами таркибининг умумий баҳоси 258,4 миллион евро нархни ташкил этиб, Ар-Риёд клуби турнирнинг иштирокчи 40 жамоаси орасида 1-ўриндан жой олган. 

«Ал-Ҳилол»нинг энг қимматбаҳо 3 футболчиси:

1. Неймар, ҳужумчи (Бразилия) – 60 млн евро

2. Сергей Милинкович-Савич, яримҳимоячи (Сербия) – 50 млн евро

3. Рубен Невеш, яримҳимоячи (Португалия) – 40 млн евро 

«Навбаҳор»нинг энг қимматбаҳо 3 футболчиси:

1. Жамшид Искандеров, яримҳимоячи – 850 минг евро

2. Остон Ўрунов, яримҳимоячи – 800 минг евро

3. Милош Милович, ҳимоячи – 750 минг евро 

«Навбаҳор» ғалаба ёки дурангга эришса қанча мукофот пули олади?

Осиё Чемпионлар лигаси 2023/24 йилги мавсум гуруҳ босқичидаги ҳар бир ўйиндаги ғалаба ва сафар харажатлари учун ОФК томонидан маблағ ажратилган. Жумладан, Наманган клубининг сафар харажати учун 40 минг АҚШ доллари ажратилган бўлса, ғалаба учун ОФК томонидан 50 минг АҚШ доллари, дуранг учун 10 минг АҚШ доллари мукофот тариқасида тўланади. 

«С» гуруҳи. 1-тур.
18 сентябр (душанба)
«Ал-Ҳилол» (С.Арабистони) - «Навбаҳор»

Стадион: «Қирол Фаҳд» халқаро ўйингоҳи
Ўйин бошланиш вақти: 23:00
ТВ-трансляция: «Спорт ТВ» 

Усмон Ибодов

 

Top