15:42 / 08.08.2021
37206

Токиодаги қаҳрамонлар. Ўзбекистон Олимпиадани қандай ўтказди?

Эркаклар ўртасидаги сув полоси бўйича Греция ва Сербия жамоалари ўртасидаги учрашув (10:13) 2020 йилги Токио Олимпиадасини якунлаб берди. 16 кун ўтди, 339та медаллар шодаси ўйналди. Энди Токио-2020 ҳам ўтмишга айланди.

Фто муаллифи Алмурат Мамадаминов

8 август куни Ўзбекистоннинг олимпиададаги сўнгги вакили Баҳодир Жалолов финалда америкалик рақибни мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди. Ўзбекистон турнирда жами 5та медал олиб (3 олтин ва 2 бронза), умумий рейтингнинг 32-поғонасидан жой олди (Сербиялик сув полочилар ўз делегациясига учинчи олтин медални олиб беришди ва 1та кумуш ҳамда 5та бронзаси ҳам бўлган Сербия 34-ўриндан 28-ўринга кўтарилиб, Ўзбекистонни 31-ўриндан 32-ўринга тушириб юборди).

Ўзбекистонлик спортчилар Токиода спортнинг 17 туридан 71та йўлланма билан иштирок этишди. Ўзбекистонга беш жамоа - таэквондо, дзюдо, оғир атлетика, эркин кураш ва бокс жамоалари биттадан медал олиб берди. Kun.uz Токио Олимпиадаси якунларини сарҳисоб қилади. 

Улуғбек Рашидов, олтин (Таэквондо)

Ўзбекистон делегацияси олимпиаданинг иккинчи кунидаёқ медаллар ҳисобини очди. Таэквондо жамоасидаги «қора тойчоқ», 19 ёшли Улуғбек Рашидов (-68 кг) барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медалга эга чиқди ва спорт ихлосмандларининг севимлисига айланди.

Ўзбекистон таэквондода яна бир медал олишга яқин эди, аммо Никита Рафалович (-80 кг), аввал яримфиналда, кейин бронза учун баҳсларда ютқазиб қўйди. Таэквондочи қизлар Нигора Турсунқулова ва Светлана Осипова ҳам медаллар учун баҳсларга етиб бора олишмади.

Давлат Бобонов, бронза (Дзюдо)

Ёзги Олимпиаданинг бешинчи кунги баҳсларига келиб Ўзбекистон делегацияси жамғармасига яна бир медал қўшиб қўйилди.

-90 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган дзюдочи Давлат Бобонов эса дастлаб италиялик Николас Мунгай тўсиғидан ўтди. Иккинчи даврада украиналик Кеджау Набалини биринчи раунддаёқ мағлубиятга учратди. Аммо чоракфиналда Европа чемпионига қарши баҳсда биргина хато туфайли аламли мағлубиятга учради. Унинг рақиби финалга чиққач, бронза учун ўтиш баҳсларида иштирок этиш имконига эга бўлган Бобонов яна икки баҳсни ўз фойдасига ҳал қилиб, Олимпиада совриндорига айланди.

Дзюдо жамоаси 11 йўлланма билан турнирга борганди, аммо Шарофиддин Лутфуллаев, Сардор Нуриллаев, Ҳикматиллоҳ Тўраев, Шарофиддин Болтабоев, Муҳаммадкарим Хуррамов, Бекмурод Олтибоев, Диёра Келдиёрова, Фарангиз Ҳожиева ҳамда Гулноза Матниязова каби дзюдочилар медалсиз ортга қайтишди.

Акбар Жўраев, олтин (Оғир атлетика)

Ўзбекистонликлар навбатдаги медални кўп кутиб қолишди. 3 август, Олимпиаданинг 11-кунига келибгина оғир атлетика жамоасининг тўртинчи вакили, 21 ёшли Акбар Жўраев улкан ғалабага эришиб, ўзбекистонликларни хурсанд қилди.

-109 кг вазн тоифасида чиқиш қилиб, арманистонлик полвонга қарши рақобатни драматикага айлантирган Жўраев икки йўналишда Олимпиада рекордини ўрнатган ҳолда чемпион бўлди. У даст кўтаришда 193 кг, силтаб кўтаришда 237 кг натижа кўрсатди (Олимпия рекорди), жами 430 кг.ни (бу ҳам Олимпия рекорди сифатида қайд этилди) ўзига бўйсундирди.

Бунгача оғир атлетика жамоасининг -55 кг вазн тоифаси вакили Муаттар Набиева даст кўтаришда Олимпиада рекордини қайд этган бўлса-да, якунда тўртинчи ўринда қолиб кетганди (98+114). -67 кг вазн тоифасидаги Адҳамжон Эргашев жами 312 кг (139+173 кг) тош кўтарган ва мусобақани олтинчи ўринда якунлаган, -76 кг вазн тоифаси вакили Кумушхон Файзуллаева эса олтинчи ўринни (101+126) эгаллаганди.

Бекзод Абдураҳмонов, бронза (Эркин кураш)

2016 йилда Рио Олимпиадасида бронза учун баҳсда аламли мағлубиятга учраган Беҳзод Абдураҳмонов ўз мақсадига Токиода эришди ва Олимпиада совриндорига айланди.

74 кг вазн тоифаси вакили Бекзод Абдураҳмонов 5 август кунги дастурда 1/8 финалда Пуэрто-Рико вакили Франклин Гомесни 10:0 ҳисобида енгиб, чоракфиналга чиқди. Бироқ 1/4 финалда россиялик икки карра жаҳон чемпиони Заур Сидаковга енгилди. Сидаков финалга чиққач, Абдураҳмоновда бронза медали учун курашиш имконияти юзага келди.

У бронза медали учун курашга ўтиш босқичида Гвинея-Биссау вакили Аугусто Миданани осонлик билан мағлуб этди (10:0), бронза учун баҳсда қозоғистонлик Данияр Кайсанов ҳам унга жиддий қаршилик кўрсата олмади (13:2).

Эркин курашчилар жамоасининг бошқа вакиллари Ғуломжон Абдуллаев (-57 кг) ва Жавраиль Шапиев (-86 кг) бронза медал учун баҳсларда муваффақиятсизликка учради, Магомед Ибрагимов (-97 кг) эса илк баҳсдаёқ енгилгани ва рақиби финалга чиқа олмагани туфайли бронза учун курашиш имконига эга бўлмади.

Баҳодир Жалолов, олтин (Бокс)

Рио Олимпиадасининг яна бир аламзадаси, супероғир вазн тоифаси вакили Баҳодир Жалолов турнирнинг тенгсиз боксчиси эканини исботлади. Беш йил муқаддам чоракфиналда британиялик Жозеф Жойсга мағлуб бўлиб, медалсиз қолган ушбу боксчи бу сафарги турнирга асосий фаворит сифатида ташриф буюрди.

Жалолов финалгача бўлган йўлда озарбойжонлик Магомед Абдуллаев, ҳиндистонлик Сатиш Кумар ва британиялик Фрейзер Кларкни мағлуб этди. Финалда эса АҚШ вакили Ричард Торресни иложсиз аҳволда қолдирди ва ўз олтин медалига эга чиқиб, Ўзбекистон турнирни юқори кайфиятда якунлашини таъминлаб берди.

Дзюдо каби бокс жамоаси ҳам турнирга энг кўп йўлланма билан келган ва бу жамоа Рио Олимпиадасидаги каби энг кўп медаллар қўлга киритиши кутилганди. Лекин 11 боксчидан 10 нафари яримфиналга ҳам чиқа олмади - Санжар Турсунов ва Шаҳноза Юнусова илк босқичдаёқ муваффақиятсизликка учради, Миразизбек Мирзахалилов, Фанат Қаҳрамонов, Дилшод Рўзметов ва Турсуной Раҳимова нимчорак финалда иштирокини тўхтатди, Бобо-Усмон Ботуров, Шаҳобиддин Зоиров, Элнур Абдураимов ва Райҳон Қодирова эса чоракфиналда турнирни тарк этиб, медалсиз қолишди.

Юнон-рум кураши (4та), қиличбозлик (3та), енгил атлетика (7та), сузиш (2та), каноэда эшкак эшиш (4 та), академик эшкак эшиш (2 та), спорт гимнастикаси (2та), бадиий гимнастика (6та), ўқ отиш спорти (2та), велоспорт (2та), замонавий бешкураш (2та) ва теннис (1та) бўйича жамоалар эса муваффақиятсиз иштирок этиб, медалсиз қайтишди.

Шу билан бирга, медал ололмаган бўлса-да, енгил атлетикачи Сафина Саъдуллаева, қиличбоз Зайнаб Дайибекова, оғир атлетикачи Муаттар Набиева, юнон-рум курашчи Мўминжон Абдуллаев, дзюдочи Бекмурод Олтибоев каби спортчилар ҳам медалларга яқин келиб, ўз иштироки билан мухлисларда катта таассурот қолдиришди.

Якунлар

Олимпиадада АҚШ делегацияси ҳам энг кўп медал (113), ҳам энг кўп олтин (39) олган ҳолда биринчи бўлди. Кейинги ўринларни Хитой (38 олтин, 32 кумуш, 18 бронза - жами 88), Япония (27 олтин, 14 кумуш, 17 бронза - жами 58), Буюк Британия (22 олтин, 21 кумуш, 22 бронза - жами 65) ҳамда Россия олимпия қўмитаси (20 олтин, 28 кумуш, 23 бронза - жами 71) эгаллади.

Олимпиадада жами 93 давлат камида битта медал олди, Ўзбекистон 3 олтин ва 2 бронза билан 32-ўринда жойлашди.

Бу медаллар сифати бўйича Ўзбекистон учун Олимпиадалар тарихидаги иккинчи энг яхши натижа бўлди. 2016 йилги Рио Олимпиадасида 13та медал (4та олтин, 2та кумуш ва 7та бронза) қўлга киритилган, ўшанда Ўзбекистон делегацияси умумий рейтингда 21-ўринни эгаллаганди.

Ўзбекистон медаллар бўйича МДҲда расман 1-ўрин, амалда 2-ўринни эгаллади (Россия давлат сифатида дисквалификация қилингани туфайли, россиялик спортчилар олимпиадада Россия олимпия қўмитаси жамоаси сифатида иштирок этди).

Шунингдек, Марказий Осиёда 1-ўрин, туркий мамлакатлар орасида 1-ўрин (Туркия 2 олтин, 2 кумуш ва 9 бронза билан 34-ўрин), ислом мамлакатлари орасида 2-ўрин (Эрон 3та олтин, 2та кумуш ва 2та бронза олиб, 27-ўринда), Осиё мамлакатлари ичида 5-ўринни (Хитой, Япония, Жанубий Корея ва Эрондан кейин) эгаллади.

Ўзбекистонлик спортчилар жами 3та олимпиада рекордини янгилашди.

Мавзу
Токио Олимпиадаси
Пандемия туфайли қолдирилган 2020 йилги Ёзги Олимпиада 2021 йил 23 июлида Япониянинг Токио шаҳрида расман бошланади.
Барчаси
Top