18:48 / 07.02.2020
1
17851

Нарпайда 20 йил муқаддам вафот этган кишининг уйига маиший чиқинди учун тўлов талабномаси келмоқда

Kun.uz таҳририятига Нарпай туманида истиқомат қилуви Жамшид Тоғаевдан мурожаат келиб тушди. Унинг айтишича, 20 йил муқаддам вафот этган отаси номига МИБдан маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун тўлов талабномаси келишда давом этмоқда.

Фото: KUN.UZ

Нарпай туман «Баркамол» МФЙ, Шўркент кўчаси 25-уйда айни пайтда марҳумнинг беваси Замира Тоғаева фарзандлари билан истиқомат қилиб келади. Улар ўзлари яшаб турган хонадондан маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун мунтазам тўловларни амалга ошириб келишган (Абонент рақами: 105100660026).

Бироқ, Нарпай туман маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиш бўйича хизмат кўрсатувчи корхонаси тақдим этган маълумотномага кўра, МИБ 15 январь куни 48000 сўм, 6 февраль куни 58000 сўмлик қарздорлик тўғрисидаги талабномани марҳум Тоғаев Тошботир Астанович номига йўллаган. Боз устига, марҳумнинг номига келган талабномада кўрсатилган абонент рақами ҳам бошқа: 105100660037.

Таъкидланганидек, Тоғаев Тошботир Астанович 2000 йил 1 май куни ўткир юрак миокарди — инфарктдан вафот этган.

Мазкур масала юзасидан МИБ нарпай туман бўлими бошлиғи ўринбосари Санжар Зайниддиновнинг фикри билан қизиқдик. МИБ вакилига кўра, рўйхатни улар шакллантирмайди ва унга бирор ўзгартириш ҳам кирита олишмайди:

«Маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун абонентлар рўйхати ва тўловларни «Тоза ҳудуд» ДУКдан оламиз. Бу рўйхат «Тоза ҳудуд»нинг базасидан МИБга ўтади. Биз базадан ўчира олмаймиз, фақат кўрсатилган суммани ундириб берамиз. Шу боис ундириш учун талабнома жўнатилмоқда. Шундай ҳолатга дуч келганлар «Тоза ҳудуд» идорасига бориб, исм-фамилияни базадан ўчиртиришлари керак бўлади», — дейди С.Зайниддинов.

«Тоза ҳудуд» ДУК Нарпай филиали раҳбари Шамсиддин Рўзиев вазиятни қуйидагича изоҳлади. Мутасаддининг айтишича, шакллантирилган база рўйхатида чиндан ҳам чалкашликлар бор:

«Фуқаролар рўйхатини шакллантириш бизнинг зиммамизда эмас. Биз фақат чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича техник хизмат кўрсатамиз. Базани Санитар тозалаш маркази тузади. Уларга маълумотни Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги №95-сонли қарорига кўра Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳар ойнинг 5-санасигача тақдим этиши керак. Айни пайтда рўйхатда чалкашликлар чиндан ҳам бор. Эски рўйхатдан қолиб кетган исм-фамилиялар бор. Улар орасида вафот этганлар ҳам учрайди. Ёки, айтайлик хонадон 3 кишига пул тўлаб юрган бўлса, йиллар ўтиб уларнинг сонида ўсиш бўлган. Бундай ҳолатлар ҳам инобатга олинмай қолган. Шундай камчиликлар МФЙ ва Санитар тозалаш маркази иштирокида бартараф этилади», — деди Ш.Рўзиев.

Самарқанд вилоят Экология бошқармаси ҳузуридаги Санитария тозалаш маркази раҳбари Умид Мунавваровнинг айтишича, бундай ҳолатлар вужудга келишига бош сабабчи маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг Вазирлар Маҳкамаси қарорига беписандлиги оқибатида келиб чиқмоқда:

«Санитария тозалаш марказининг туман ва шаҳарларда бир нафардан ходимлари бор. Ҳукумат қарорига кўра, МФЙ раислари ҳар ойнинг 5-санасида ўз маҳалласидаги абонентлар ва истиқомат қилувчи шахслар тўғрисидаги маълумотларни ходимларимизга бериб боришлари шарт. Лекин, айрим маҳаллақўмлар бу ишга беписандлиги туфайли ходимларимизга бир пайтлар шакарга, унга шакллантирилган тайёр рўйхатлар бериб юборилмоқда. Бу эса шундай нореал қаздорликлар вужудга келишига сабаб бўлмоқда. Ёки ходимларимиз ўзлари маҳаллаларни кезиб, раислардан рўйхат ололмасдан, кўчабошилардан илтимос қилиб, рўйхат шакллантириб юришибди», — дейди У.Мунавваров.

Нарпай туманидаги «Баркамол» МФЙ раиси Элмурод Умаров вазиятни шундай тушунтирди:

«2019 йилнинг бошида рўйхат шакллантирилган. Ҳукумат қарори чиққач, зудлик билан тайёрланган. Аввал ҳар бир хонадон чиқинди бўйича алоҳида шартнома тузар эди, кейин маҳалла умумий шартнома тузадиган бўлди. Хуллас, турар жой кадастр ҳужжатларига кўра кимнинг номида бўлса, ўшаларнинг номига рўйхат шаклланиб кетган. Ҳақиқатан ҳам, мурожаатчининг отаси дунёдан ўтган. Лекин уй-жой отасининг номида қолиб кетган.

Мазкур вазиятдан хабарим бор. Бу маҳалламиздаги ягона ҳолат ҳам эмас. Ҳамма ҳам уй-жойнинг кадастр ҳужжатларини ўз вақтида тўғрилаб қўймайди. Ота-онасининг номида қолиб кетаверади. Биз бундай ҳолатларга барҳам берамиз, хусусан шу ҳолатда маҳалла раиси сифатида марҳумнинг номини рўйхатдан ўчиришга ёрдам қиламан», — деди Э.Умаров.

Чиндан ҳам, мазкур хусусий ҳолда «Баркамол» МФЙ раиси ўз маҳалласидаги фуқароларнинг янгиланган рўйхатини Санитария тозалаш марказига тақдим этиши керак бўлади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги «Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги №95-сонли қарорининг 36-бандида шундай белгиланган:

«Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳар ойнинг 5-санасига қадар Давлат экология қўмитаси томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича Санитар тозалаш марказига абонентлар, хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг хизмат кўрсатиш зонасида ҳақиқатда истиқомат қилувчи шахслар бўйича қуйидаги ўзгаришлар тўғрисида маълумот тақдим этиб боришади:

·       абонент билан бирга истиқомат қилувчи, кўчиб келган ёки кўчиб кетган шахслар сонини кўрсатган ҳолда янги абонент кўчиб келиши ёки абонентнинг кўчиб кетиши;

·       фамилия, исми ва отасининг исми, шунингдек, мазкур манзил бўйича янги абонентнинг паспорт маълумотларини кўрсатган ҳолда, абонентнинг ўлим ёки бошқа сабабга кўра яшаш манзилидан чиқарилганлиги;

·       абонентнинг манзили бўйича бир ёки бир нечта бирга истиқомат қилувчи шахслар сонининг ўлим, туғилиш, кўчиб келиш ёки кўчиб кетиш (шу жумладан вақтинча) билан боғлиқ ўзгаришлар.

Абонентлар бўйича ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси ва Санитар тозалаш марказининг тегишли туман (шаҳар)га бириктирилган мутахассиси томонидан имзоланади.

Санитар тозалаш маркази маълумотларни олган кундан бошлаб уч иш кунидан кечикмай Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимига тегишли ўзгартиришлар киритади. Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўловларнинг кейинги ҳисоб-китоби кўрсатилган ўзгартиришлар Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимига киритилган вақтдан бошлаб амалга оширилади.

Хулоса қилиш мумкинки, муаммо биргина Ж.Тоғаев яшаб турган хонадонда рўй бермаяпти. Муҳими, унинг ечими бор. Ўйлаймизки, Нарпайдаги мутасаддилар Ягона электрон базани тўгри шакллантиришда саъй-ҳаракатни кучайтириб, юқоридаги мисол каби турли тушунмовчиликларнинг олдини олиш пайидан бўлишади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz махсус мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top