17:56 / 30.09.2015
15722

Истиқлолчилик ҳаракати ҳақида 17 йил ичида биринчи китоб нашр қилинди

Ўзбекистонда истиқлолчилик ҳаракатига бағишланган янги китоб нашрдан чиқди. “Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракати: моҳияти ва асосий ривожланиш босқичлари” Китоб Тошкентдаги “Янги нашр” матбаа уйида 2 минг нусхада чоп этилди.

Китоб муаллифи, тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов айни кунларда Фанлар Академияси Тарих институтининг “Ўзбекистоннинг совет даври тарихи” бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритмоқда. У совет тарихчилигида қўлланган “босмачи” истилоҳи ўрнига “истиқлолчи” атамасини жорий қилган биринчи тадқиқотчилардан бири ҳисобланади.

“Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракати” ушбу мавзуда охирги 17 йил ичида чоп этилган биринчи илмий монография бўлгани таъкидланмоқда. Шу билан бирга, бу давр ичида мазкур мавзу юзасидан бошқа турдаги илмий ва илмий-оммабоп материаллар яратиб келинди.

Китобдаги асосий янгиликлардан бири унда истиқлолчилик ҳаракатининг барча кўзга кўринган вакиллари, катта-кичик гуруҳларга бошчилик қилган қўмондонлар, қўрбошилар ва понсодларнинг тўлиқ рўйхати келтирилганидир.

Маълумот учун, 1918 йилда Туркистон зиёлилари ва сиёсатчиларининг қонуний йўл билан мустақил давлат яратишга бўлган ҳаракати қурол кучи билан бостирилиб, 72 кун умр кўрган Туркистон мухторияти (Қўқон мухторияти) тугатилгач, миллий ҳукуматнинг айрим собиқ аъзолари ҳамда бошқа сиёсий гуруҳлар вакиллари кичик қуролланган гуруҳлар ташкил эта бошлади. Совет тарихчилиги ва сиёсий риторикасида “босмачилар” деб аталган бу ҳаракат аъзолари секин-аста йирик гуруҳларга бирлаша бошлади. Ўнлаб йиллар давом этган қуролли курашдан сўнг ушбу ҳаракат совет ҳукумати томонидан йўқ қилинди.

Истиқлолчилик ҳаракатининг энг машҳур вакиллари Фарғона водийсида Кичик Эргаш, Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, Хоразмда Жунайдхон, Бухорода Анвар пошшо, Шарқий Бухоро ва Афғонистонда (бугунги Тожикистон ҳудуди) Иброҳимбек Лақай бўлдилар.

Муаллиф: Элдор Асанов

Top