18:00 / 08.07.2021
6671

Кореядаги таълим, талабаларга имтиёзлар ва кутубхоналар ҳақида — Пусан миллий университети талабаси билан суҳбат

Uzbeklife чет элдаги ҳамюртларимиз билан суҳбатларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз Жанубий Кореянинг Пусан миллий университети талабаси Фаррух Аҳмедов.

Суҳбатимиз Жанубий Кореядаги таълим, талабаларга бериладиган имтиёз ва имкониятлар ҳақида кечди.

Ўзини намоён қила олган талабалар учун имкониятлар етарлича

Хорижда ўқишга қизиқишимга ривожланган давлатлардаги таълим тизими сифати ва бу мамлакатлардаги имкониятлар, мазкур университетларни тамомлагач, эришишингиз мумкин бўлган натижалар сабаб бўлган.

Коллежда ўқиб юрган вақтларим ҳам чет элда таҳсил оладиган ёшларнинг блогларини кузатиб, уларга ҳавас қилардим. 2018 йил таваккал қилиб ўқишга топширдим ва қабул қилиндим. Ҳозир мен таълим оладиган университет Кореяда ТОП-10 таликка киради. Йўналишим «Global studies», баъзи таълим муассасаларида «Global affairs» деб ҳам аталади. Буни глобал таълим деб ҳам таржима қилиш мумкин. Бу йўналиш бошқаларига нисбатан ёш. Лекин халқаро алоқалар соҳаси бунга яқин туради. Аммо «Global studies» халқаро алоқалардан ташқари, халқаро иқтисодиёт, халқаро молия, халқаро ўзгаришлар ва глобализацияни ҳам ўз ичига олади. Кенг қамровли соҳа бўлгани учун ички танлов асосида маълум бир йўналишни олиш мумкин. Халқаро алоқалар бўйича кетишни истасангиз, халқаро сиёсатга доир фанларни ўқийсиз. Ўз қизиқишингизга қараб кейинги қадамни қўйсангиз бўлади.

Пусан миллий университети ўз номи билан миллий университет. Таълим тизими етарлича рақобатбардош, жуда ҳам кўп абитуриентлар топширади, лекин камчилик ўқишга қабул қилинади. Эндиликда қабул квоталари бироз кўпаймоқда. Лекин бошқа университетларга қараганда чет эллик талабалар сони камроқ. Тўлов-контракт миқдори ҳам бошқа университетларга нисбатан кам — 2–3 баравар арзон. Ҳар семестр ТOП-3 таликка кирган энг яхши талабаларга контракт учун 70 фоиз, 15 кишига 40 ёки 50 фоизлик имтиёзлар беришади. Ўз йўналишини яхши кўрсаткичлар билан тамомлаган талабалар шу тарзда моддий рағбатлантирилади. Шу сабаб ҳам талабалар бир семестр яхши ўқиб, кейин ўқишни ташлаб юборишмайди, ҳар семестрда контрактни камроқ тўлаш учун ҳам ҳаракат қилишади. Булар фақат бизнинг университетга тегишли эмас, Кореядаги ёки бошқа мамлакатлардаги университетларда ҳам шу каби пулли имтиёзлар бор. Агар ўқисангиз, ўзингиз намоён қила олсангиз, ҳар хил имкониятлар эшиги очилади.

Моддий рағбат талабаларга мотивация беради

Кореяда бундай имтиёз тизими деярли ҳамма университетда бор. Сиз маълум бир баллдан юқорироқ йиғсангиз, масалан, GPA баҳолаш тизими бор, 4,5 балликда баҳоланади. Умумий балл 4 дан ошса, кўплаб университетларда юқорида таъкидланган стипендияларни олсангиз бўлади. Бу талабаларга етарлича мотивация беради, кимдир молиявий жиҳатдан қийналган бўлса у учун катта ёрдам бўлади деб ҳисоблайман. Булардан ташқари, ўқиган, фаол талабалар учун кўплаб дастурлар бор. Уларда қатнашиб, маълум ўринларни эгаллаган ёшлар учун саёҳатлар, семинарлар, бошқа бир халқаро университетларда ўқиб келиш учун харажатларнинг маълум қисмини қоплаб беришади. Бу тизим Ўзбекистонда ҳам бор, албатта.

Шулардан бири алмашинув дастури. Сиз чет эллик талаба бўлатуриб, яна мана шу дастур орқали бошқа хорижий университетда текин ёки қисман харажат билан маълум муддат ўқиб келишингиз мумкин. Пусан миллий университети ҳар йили 200–300 талабани бошқа халқаро университетларга алмашинув дастури орқали юборади. Шундан 2 нафар талабанинг харажатлари қоплаб берилади. Мен 2019 йили ёзда бу дастурга ҳаракат қилдим ва 2020 йил баҳорги семестрни Американинг Нью Ҳампшир штатида ўқидим. Яъни ютиб чиқдим ва харажатларимни қоплаб беришди, бир семестр давомида ўша ерда таҳсил олдим. Ҳозирда пандемия туфайли бундай дастурларда ҳам танаффус бўлди, менимча, лекин 2020 йил пандемиядан олдин мен Америкага бориб ўқишни бошлаган эдим. Яқинда яна иншолар танлови ҳам бўлиб ўтди. 4 кишини танлаб олиб, Жежу оролида бўлаётган семинарга ҳамма харажатлари қопланган ҳолда йўлланма беришди. Муносиб кўрилганлар орасида мен ҳам борман ва бундан хурсандман. Бу БМТнинг пандемия борасидаги семинари эди. Бу каби танловлар жуда кўп. Биздан талаб қилингани эса қизиқиш, изланиш, муносиб иштирок, холос. Ана шунда талаба ҳаёти ҳам зерикарли бўлиб қолмайди.

 Кутубхоналарда жойлар олдиндан банд қилинади

Университет кутубхоналарининг ўзига хослиги уларнинг иккига бўлинишида деб ўйлайман. Бири китоб олишга мўлжалланган, иккинчиси эса дарс қилишга. Биринчисига асосан китоб олиш учун борамиз, агар дарс қилмоқчи бўлсак, иккинчисига борамиз. Яна бир ўзига хослиги, ҳар бир жойни олдиндан банд қиласиз, рўйхатдан ўтишда ўриндиқ рақамини белгилаб, маълум муддатга банд қилишингиз мумкин. Кўпи билан 2–3 соат банд қилиш имкони бор. Чунки ҳамма талабалар дарс қилиши керак. Агар ўзингиз қидирган китобни топа олмасангиз, кутубхона орқали буюртма берсангиз ҳам бўлади. Университет ўша китобни топиб, олиб келиб беради.

Кутубхоналар жуда чиройли, тартибли, шовқин кам, у ерда сизга халақит берадиган ҳеч нарсани кўрмайсиз. Тартибга риоя қилмасангиз, огоҳлантириш беришади. Дам оладиган жойлари ҳам бор. Дарс қилиб, бироз тоза ҳаводан нафас олишга шароитлар яратилган. Иш соати 21 гача, дарс қиладиган кутубхоналарнинг бир қавати 24 гача ишлайди. Имтиҳон вақтларида маълум қаватлар 24 соат ишлайдиган қилиб очиб қўйилади.

 Оne room’га чиқиб кетишади

Ўзбекистонда ўқийдиган, ақлли талабалар кўп. Буни инкор қилиб бўлмайди. Лекин Кореяда университетга киргандан кейин кўпчилик талабалар астойдил ўқишади. Бу ерда ҳам яхши ўқимайдиган, яхши ўқий олмайдиган талабалар бор. Лекин университетга киргандан кейин кўпчилик талабалар ўзи танлаган фанни ўқийди, тугатади. Ўқийдиган талабаларга келсак, улар катта стресс билан тайёрланиб, туни билан ухламайди. Айниқса, имтиҳон ҳафталарида. Кореяда ўқийдиган ўзбек талабалари ҳам шундай. Жуда кўп дарс қилишади. Уларни чалғитадиган ортиқча нарса йўқ. Ўқиш тугаганда ҳафта охирида ўйин-кулги қилишади. Билишимча, кўпчилик талабалар оиласи билан яшамайди. Оиласи шу шаҳарда яшаса ҳам, улар Оne room’га — бир хонали уйлар деса бўлади — чиқиб кетишади. Шахсан мен таниган талабалар шундай.

Асосий мақсадини унутмаган инсон барчасини уддалайди

Корейслар университетга киришга ва ўқишга шошилмайди. Аксинча, кўпроқ ўқишга ҳаракат қилишади. Етарлича ўйлаб олишга вақт сарфлашади. Ўртада оралиқ дам олишади, бу “gap year” – аниқ қарорга келиш, диққатини жамлаш ва келажакларини аниқ тасаввур қилиш учун. Улар мактабни битириб чиқишган вақти ҳақиқий талаба бўлиш учун кўп ҳунарларни эгаллаб чиқишади.

Бизда мактабни тугатган, баъзида университетларни тамомлаганлар ҳам вақт тақсимлаш ва унга амал қилиш, қанча ўқиш, қанча дам олишни билмаслиги мумкин. Келган пайтим ҳайрон қолгандим: талабалар вақт билан доимий ҳисоблашадилар. 45 дақиқа ўқиб, 15 дақиқа дам олишади. Ёнида соат олиб юришади, кундалик ишларини ёзиб боришади. Улар етарлича маданиятли. Талабалар орасида ҳеч қачон турли келишмовчилик чиққанини эшитмаганман. Улар бир-бирини ҳурмат қилади. Ҳар бир ишининг оқибатини ўйлашади. Ўзбеклар маданиятига ўхшаш жиҳатлари биз қадрлаган анъаналар – оила, ота-она, ўзидан каттани ҳурмат қилиш сақланиб қолган. Балки биздагичалик кучли эмасдир, лекин бор. Европадан фарқи, университетда ёши катта профессорлар, устозларни олайлик, уларга алоҳида ҳурмат кўрсатилиши керак, Ўзбекистонда ҳам устозлар шогирдлари билан яқиндан мулоқот қилиши, ака-укадек бўлиб кетиши мумкин, билишимча. Лекин бу ерда доим масофа сақланади, эркин мулоқот қилиш қийин. Албатта, одатларимизда бир-бирига тўғри келмайдиган, қийинчилик туғдирадиган томонлар ҳам бор. Булар ҳақда кўп гапирилади. Лекин мақсадини унутмаган инсон барча қийинчиликларни енгиб ўта олади.

 Моҳидил Абдуллаева суҳбатлашди

Top