19:39 / 30.04.2019
3675

Зарбулдостон туркумида ёзилган «Одам ва омад» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Бугун, 30 апрель куни Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети тадбирлар залида шоир Сафар Оллоёрнинг «Одам ва омад» номли асари тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда адабиётшунос олим ва шоирлар, университет талабалари, ижодкорнинг мухлислари ва оила аъзолари, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этди.

«Одам ва омад» китоби саккиз достонни ўз таркибига олган («Саховат сароби», «Муҳожирлик - муҳтожлик», «Номсиз Армон», «Серрежа режиссёр», «Тилсиз тилсим», «Эрмак эртак», «Одам ва Ҳайқириқ») зарбулдостон туркум ҳисобланади.

Қиёслаш учун, шу пайтга қадар халқ оғзаки ижодида қирқдан ортиқ достонларни бирлаштирган «Гўрўғли», ёзма адабиётда «хамса»чилик анъаналари, шунингдек, Чори Эргашнинг йигирма достондан иборат «Раҳмон васваси» туркум жанрида яратилган асарлар сирасига киради.

Китоб тақдимотида сўзга чиққанлар, «Одам ва омад» асарининг мазмун-моҳияти, унинг китоб шаклига келгунча бўлган жараёнлар, шунингдек муаллиф ҳақида ўз фикрларини билдиришди.

Олим Тошбоев - адабиётшунос
Арслон Эшмуродов - журналист
Шодмонқул Салом - шоир

«Одам ва омад» асарини ўқиганларнинг кўпчилиги унга зарбулдостони нимаси тағин, шунақасиям бор эканми дегандай қарадилар. Аслида бирор битикнинг қандайлиги унинг тасаввуримизга мос келиш-келмаслиги билан белгиланмайди. Эътиборимизга саккиз достон қўшилувидан ҳосил бўлган битта зарбулдостон асари ҳавола қилинган. Битикнинг яхлитлиги нимада? Саккиз бутунликни ўзаро бирлаштириб турувчи моҳият нимадан иборат? Бу достонлар саккизлигида нима бор ўзи? Улардаги тасвир ўқувчига нимаси билан қизиқарли ва бадиий-эстетик жиҳатдан аҳамиятли? Битикни ўқиш асносида шу саволларга жавоб изланса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ўқувчи ҳам, синчи олим ҳам асардан унда йўқ нарсани эмас, бор нарсани қидиргани маъқул.

Адабиётимиз тарихида масални масалга қўшиш орқали юзага келган «Зарбулмасал» асари бўлган эди. Сафар Оллоёр достонни достонга қўшиш йўли билан зарбулдостон жанридаги кенг қамровли битикни дунёга келтирибди.

Асарда миллий руҳият кишанланган Кечадан ўзлиги ёғдуланган Бугунга ўтаётган чоғдошларга хос туйғу ва ўйларнинг жилвалари бадиий ифода этилади», дея адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдошнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қозоқбой Йўлдош - адабиётшунос

Сафар Оллоёр - муаллиф

Маълумот учун, Сафар Оллоёр «Ишқ йўли», «Умид ўзани», «Нафис идрок», «Омад кўзи», «Ишқ йўли» каби шеърий тўпламлари, шунингдек, «Муҳожир» (баллада), «Армон изи» (баллада), «Чақмоқтош» (поэма), «Тийрат тилсим», «Безавол олмос» ва «Инсон» каби достонлар муаллифи ҳисобланади.

Top