19:35 / 09.01.2021
90106

Қоидабузарликни хабар қилган “терпила”ми? Бу борада яна бир фикр билдирилди

Azon.uz сайти асосчиси Мубашшир Аҳмад йўл ҳаракати қоидалари бузилишини расм ёки видео кўринишида хабар қилиш борасида ўз фикрларини билдирди.

Фото: Зураб Джавахадзе

Йўл ҳаракати қоидалари бузилиш ҳолатларини расм ёки видеога олган ҳолда масъул идораларга маълум қилиш қанчалик тўғри? Бу масала ижтимоий тармоқларда жуда кенг, қизғинлик ва кескин фикрлар билдирилган ҳолда муҳокама қилинаётган муаммолардан биридир. Бу муҳокамаларга айрим аҳли илмлар ҳам ўз муносабатларини билдираётгани мавзунинг нақадар жиддий эканлигини англатади.

Azon.uz сайти асосчиси Мубашшир Аҳмад йўл ҳаракати қоидалари бузилишини расм ёки видео кўринишида хабар қилиш борасида ўз қарашларини билдирди. Қуйида унинг баёноти билан танишишингиз мумкин.

«Шаръий сиёсат - шариатда далили йўқ масалаларни ҳоким томонидан жамиятга манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни ўйлаб жорий қилган фармон ё ҳукмидир ва унга риоя қилиш вожиб саналади.

Масалан, светофор қоидалари, ўқ чизиқни босмаслик ва тезликни оширмаслик инсон ҳаёти ё соғлигини сақлаб қолиш учун жорий қилинган. Бинобарин бу ишлар жамиятга фойда келтиради ё зарарни даф қилади.

Гарчи бу қоидалар янги пайдо бўлгани учун Қуръон ва Суннатда сариҳ ва равшан далилга эга бўлмаса-да, аммо бу икки манбадан олинган қоидалар ичида "манфаатни жалб қилиш ёки зарарни даф этиш" ҳам мавжуд бўлгани сабабли, бу қоидаларга риоя қилиш вожиб бўлади.

Энди ана шу қоидаларни бузганларни масъул жиҳатларга етказиш мавзусига келсак, қадимда ислом диёрида муҳтасиблик ва иҳтисоб ишлари жорий қилинган.

Муҳтасибнинг вазифаси жумладан жорий ҳукм ва қоидалар халқ томонидан қандай бажарилаётганини назорат қилишни ва ҳуқуқи берилган бўлса ҳатто жазолашни ўз ичига олган.

Бинобарин ҳозирги ҳолатимизда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаётганларни суратга олиб, тегишли жиҳатларга юбораётган кишиларни ана шу муҳтасибларга ўхшатсак бўлади.

Чунки улар итоат этилиши керак бўлган қоидабузарликлар ҳақида хабар беришмоқда. Буни қонун чиқарувчи жиҳат жорий қилган ва уларни бу ишларини қўллаб-қувватлайди.

Агар ҳақлари йўқ ва қонуний бўлмаган ишларни етказишса, яъни шариатда буюрилмаган ёки ҳоким амр этмаган ишларда айғоқчилик қилишса, у ҳолда хоин дея аталишлари мумкин.

Мавзуни яхшилаб ўрганмоқчи бўлганлар "Шаръий сиёсат" ва "Ҳисба ва муҳтасиблик" мавзуларига мурожаат қилсинлар», - дейилади баёнотда.

Kun.uz мухбири аҳоли ва ҳайдовчилар орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган саволга жавоб олиш мақсадида Мубашшир Аҳмад билан телефон орқали боғланди.

Мубашшир Аҳмад

Йўл ҳаракати қоидабузарлигини масъул идораларга расм ёки видео кўринишида хабар қилиб, унга солинадиган жариманинг бир қисмини олиш орқали бу ишни тирикчилик манбаи қилиб олиш мумкинми? Шу иш жоизми?

Мубашшир Аҳмаднинг маълум қилишича, бугунги кунда Ислом мамлакатларида йўл қоидабузарлигини тасвирга олиб масъул идорага юборганларни қандайдир кўринишда рағбатлантириш амалиёти бўлмагани боис, уларда айнан бу масала бўйича аниқ фатво йўқ.

«Аммо, илгариги даврларда Ҳисба ва муҳтасиблик каби масалалар ҳал қилинган бўлган, ушбу ишлар билан шуғулланувчилар давлат томонидан белгиланган маошни олишган.

Қиёс усули билан ёндашилса, бугунги кундаги кенг муҳокама қилинаётган ишни муҳтасибликка ўхшатса бўлади, назаримда. Албатта, бу ҳозирча билганларим, бу мавзуни энди ўрганишни бошладим ва саҳифамда ўз хулосамни қолдирдим.

Биз кимгадир ёқмаяпти, одамлар ёмон кўряпти, дея ёзмаслигимиз ёки бор нарсани маълум қилмаслигимиз нотўғри. Тарихда шундай касб бўлган, улар ўша вақтдаги шариат қонунларига риоя қилинишини кузатиб юришган, зид ҳолатларни маълум қилишган ва бунинг эвазига маош ҳам олишган», - деди Мубашшир Аҳмад.

Унинг айтишича, бу нарсани тирикчилик манбаи қилиб олиш қанчалик тўғри, деган саволга аниқ бир жавобни ҳозирча топмаган, мабодо манбаларда бу ҳолатга аниқ мисол бўлмаган тақдирда, «Шаръий сиёсат» ва «Ҳисба ва муҳтасиблик» мавзуларини чуқур ўрганиб, Қиёс усули орқали ҳал қилса бўлади.

Мубашшир Аҳмад, шунингдек, бу мавзунинг кишилар орасида бунчалик норозилик уйғотаётганига доир фикрларини ҳам билдирди.

«Назаримда, жарималарнинг фуқаролар даромадларига номутаносиб бўлгани кескин қарашларга сабаб бўлмоқда. Агар жарималар адолатли бўлса, кўпчилик йўллардаги қоидабузарликлар барҳам топиши учун ҳам бу ишни ёқлаган бўларди», - деди Мубашшир Аҳмад.

Top