09:06 / 27.04.2021
4543

«Келтирилган важлар ўз исботини топмади» – МИБ Қорақалпоғистондаги раҳбарлар устидан тушган ариза бўйича маълумот берди

Аввалроқ МИБ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари бошқармада таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, коррупция ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари кўпайганидан норозилик билдириб, Жўқорғи Кенгес раиси Мурат Камалов ва бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга ариза ёзгани хабар қилинганди.

Аризада ходимлар айрим туман бўлим бошлиқларининг прокуратурадаги танишларига ишониб ишга хоҳласа келиб, хоҳласа келмаслиги, иш вақтида алкогол ичимликлар истеъмол қилиши, интизомий жазо олган ҳолда танишнинг кучи билан мартаба даражалари олганини билдирган ва бош прокурорнинг шахсан назорати остида текширув ўтказиб, тизимни «тозалаш»ни илтимос қилганди. МИБ матбуот хизмати эса бюронинг марказий аппарати масъул ходимлари томонидан мурожаатда келтирилган ҳар бир важ бўйича ўрганиш ишлари бошланганини маълум қилганди.

МИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, текширув ишлари якунланган ва аризада келтирилган важлар ўз исботини топмаган.

«Биргина мисол, Мўйноқ тумани бўлими бошлиғи М.Балтабаев ва Амударё тумани бўлими бошлиғи Р.Балтабаев бир-бирига амакивачча бўлса-да, улар собиқ Суд департамент давридан буён ишлаб келиб, 2017 йилда Бюро органларига хизматга олинган.

Уларнинг бири иккинчисига бевосита бўйсунмаган ҳолда, хизмат олиб бораётгани сабабли, Мажбурий ижро бюросида хизматни ўташ тўғрисидаги Низом талаблари бузилмаган», дейилади МИБ матбуот хизмати маълумотида.

Қўшимча қилинишича, ходимларга даражали унвонлар уларнинг ишчанлик ва шахсий фазилатларини ҳисобга олган ҳолда ҳамда эгаллаб турган лавозими ҳамда иш стажига мувофиқ берилади ва бу бошқарма бошлиғи ваколатига кирмайди.

Эслатиб ўтамиз, МИБнинг Қорақалпоғистон бошқармасидаги ҳолатлар юзасидан ёзилган ариза Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан назоратга олинганди.

Top