21:55 / 14.05.2024
15598

Дюмин ва Патрушев Путиннинг ёрдамчиларига айланишди. Улар ҳукуматда қандай рол ўйнайди?

Патрушев Россиядаги энг нуфузли хавфсизлик ходими деб аталган ва ҳозир у Путиннинг «кемасозлик» бўйича ёрдамчиси. Дюмин ҳам худди шунга ўхшаш лавозимни эгаллади, гарчи уни Мудофаа вазири лавозимига тайинланишини тахмин қилишган бўлса ҳам. Буларнинг барчаси нимани англатади? 

Алексей Дюмин ва Владимир Путин / Фото: РИА Новости

14 май куни эрталаб Кремл сайтида Россия Президенти администрацияси (ПА) раҳбариятининг янги таркиби эълон қилинди. Meduza нашрининг таҳлилига кўра, кўплаб асосий амалдорлар, жумладан, президент маъмурияти раҳбари Антон Вайно, шунингдек, унинг биринчи ўринбосарлари Сергей Кириенко (ички сиёсат учун масъул) ва Алексей Громов (ҳукуматпараст оммавий ахборот воситаларининг бош куратори) ўз лавозимларини сақлаб қолди. 

Шу билан бирга, Вайнода янги ўринбосар пайдо бўлди - президентнинг иқтисодиёт бўйича собиқ ёрдамчиси Максим Орешкин. Путинда эса икки нафар янги ёрдамчи: Хавфсизлик Кенгашининг собиқ котиби Николай Патрушев (баъзи экспертлар уни ҳозирги тузумнинг энг нуфузли шахсларидан бири деб аташган; энди у гўёки «кемасозлик масалалари»ни назорат қилади), шунингдек, Тула собиқ губернатори Алексей Дюмин (у «мудофаа саноати, спорт ва Давлат кенгаши масалалари» билан шуғулланади). 

Қайд қилинишича, қайта сайлангандан сўнг, Путин «ҳокимият вертикалида» кўплаб амалдорлар кутган кенг кўламли ўзгаришларни амалга оширмади. Янгиланган ҳукумат таркибидаги асосий ўзгариш Бош вазирнинг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Андрей Белоусовнинг мудофаа вазири лавозимига ўтиши бўлди - Сергей Шойгу, ўз навбатида, Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида Николай Патрушев ўрнини эгаллади. Meduza нашрининг Кремлга яқин бўлган икки суҳбатдоши Патрушевнинг истеъфоси ҳақида хабар топганда «ҳайратда қолганини» тан олишди, бироқ унинг «кемасозлик масалалари» бўйича Путин ёрдамчиси бўлиши янада «ҳайратланарли» эди. 

Николай Патрушев

«Агар «клан» ҳақида гапирадиган бўлсак, у [Патрушев] кичик бўлса-да, бир кланнинг бошлиғи эди. Унинг ўғли Дмитрий қишлоқ хўжалиги вазири бўлиб ишлаган [ва энди Бош вазир ўринбосари бўлди]. Унинг ўзи Хавфсизлик Кенгаши раҳбари сифатида ўта нуфузли лавозимини эгаллаган эди, у ҳеч қандай муаммосиз кланни ҳимоя қила оларди. Энди ҳам шундай бўладими? Бунга ишонмайман», деди улардан бири. 

Яна бир манба 2016 йилдаги мудофаа вазири, ўз вақтида Путиннинг ўрнига номзод сифатида кўрилган Сергей Иванов ҳам президентнинг атроф-муҳит бўйича ёрдамчиси лавозимига ўтганини эслайди. 

«Аммо [Иванов] буни ўзи сўради, 2014 йилда ўғлининг ўлими унга чиндан ҳам ёмон таъсир қилди. Николай Платонич [Патрушев] эса кетмоқчи эмасди», деди суҳбатдош. 

Шу билан бирга, «Единая Россия» партияси раҳбариятига яқин бўлган яна бир манба, «кемасозлик масалалари» учун расмий жавобгарликка қарамай, Патрушев ўз таъсирининг бир қисмини сақлаб қолади ва хавфсизлик кучлари билан алоқалар учун масъул бўлишда давом этади, деб ҳисобламоқда. 

Президент маъмуриятига яқин суҳбатдошларнинг таъкидлашича, президент ёрдамчилари Путиннинг «ҳокимият вертикали»да анча муҳим шахслар ҳисобланса-да, аслида уларнинг имкониятлари жуда чекланган. 

«Улар бирор бир масалани муҳокама қилиши, маслаҳат бериши, тавсия этиши мумкин. Эҳтимол, уларга қулоқ солишади. Аммо улар президентни ўртага қўйиб бўлса-да, буйруқ беролмайди. Ҳар қандай вазир ижро қилишга тайёрман, лекин буйруқни президент ёки бош вазир берсин, дейди». 

Алексей Дюмин бир вақтлар Путиннинг шахсий қўриқчиси бўлганига қарамай, ўзининг янги лавозимида худди шундай ишлайди деган фикр илгари сурилмоқда. 

«Ҳеч қандай истиснолар йўқ. Эҳтимол, улар [унинг позициясига] кўпроқ эътибор беришади. Аммо умумий қоидалар ҳамма учун бир хил», деди манба. 

Яна бир манбанинг тан олишича, Дюмин «муаммоларни тушуниши» учун президентнинг мудофаа саноати бўйича ёрдамчиси этиб тайинланган, шундан сўнг у ҳукуматда кўпроқ мақомга эга бўлиши ёки Мудофаа вазирлигига раҳбарлик қилиши мумкин (2010-йилларнинг ўрталарида у вазир ўринбосари эди). 

«Аммо агар имконият берилса. Дюмин ўтмишда бундай имкониятларга эга бўлган, аммо негадир эплаб кетолмаган», деди у. 

Дюминнинг таниши Meduza билан суҳбатда собиқ Тула губернатори ҳақиқатан ҳам юқорироқ лавозимга - янгиланган ҳукуматдаги «аниқроқ лавозимга» тайинланишга умид қилганини таъкидлайди. «Верстка» нашри 2023 йилда Дюмин мудофаа комплекси бўйича бош вазир ўринбосари бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган, аноним каналларда эса унинг мудофаа вазири этиб тайинланиши ҳақида миш-мишлар пайдо бўлган. 

Максим Орешкин ҳам сезиларли ўсишга умид қилган эди. Meduza билан суҳбатлашган танишларининг сўзларига кўра, у ҳатто бош вазир курсисини орзу қилган, аммо «бош вазирнинг иқтисодиёт бўйича биринчи ўринбосари бўлиш имкониятини яхшироқ баҳолаган». Бунинг ўрнига Орешкин президент администрацияси раҳбари ўринбосари бўлади. Кремлга кўра, бу лавозимда у «иқтисодий масалалар билан шуғулланишда давом этади ва транспортни ҳам назорат қилади». 

Максим Орешкин

«Ёрдамчи лавозимидан фарқли ўлароқ, энди унга бўйсунадиган одамлар бўлади. Аммо худди ёрдамчи каби ҳукуматга буйруқ бера олмайди. Лекин агар президентнинг соҳалардаги кўрсатмалари бажарилмаса, у вазирларни «жойидан силжитиши» мумкин», деб тушунтирди Meduza манбаси. 

«Президент кўпчилик одамлар учун консерватив қарор қабул қилди», деб таърифлайди Президент администрациясига яқин манбалардан бири бу ўзгаришларни. Унинг таъкидлашича, бошқалар қаторида Сергей Кириенко ҳақиқатан ҳам ўз позициясини ўзгартирмоқчи бўлган, аммо ҳеч қандай лавозимга кўтарилмаган. Бироқ, Meduza суҳбатдошларига кўра, Кириенко Путиннинг қарорини «тушуниш билан қабул қилган» ва «қайсидир маънода ҳатто хурсанд бўлган»: «Ҳамма лавозимга кўтарилишни хоҳлаган, деярли ҳеч ким бунга эриша олмади. Аммо ўз лавозимимни сақлаб қолганим ва ёрдамчи бўлмаганим аллақачон муваффақиятдир. Ҳозирги вазиятга кўра». 

«Россия элитаси»дан бир нечта манбалар содир бўлган ўзгаришларни «вақтинчалик» деб қабул қилиш кераклигини айтган. Бироқ, Кремлга яқин суҳбатдошлар ва «Единая Россия» бунга қўшилмайди. Улар асосий лавозимдаги одамлар камида бир неча йил ўзгармаслигига ишонишади: «Кўплаб нуфузли персонажларнинг ёши туфайли бўш иш ўринлари кутилмаганда пайдо бўлиши мумкин, лекин бир-икки йил учун асосий лавозимлар тақсимланди. Махсус ҳарбий операция [Украинадаги уруш] тугайди — шунда ўзгаришлар бўлиши мумкин. Лекин сиз ва биз учун бу узоқ муддатли тайинлашдек туюлиши мумкин, лекин президент учун бу вақтинчалик. Унинг учун вақт бошқача ишлайди, у тарих китобида яшайди».

Top