Жамият | 15:25 / 13.09.2022
23911
4 дақиқада ўқилади

Гулнора Каримованинг 1,3 млрд долларлик активлари ҳисобига 1400 та мактаб қурса бўлади — Адлия вазири ўринбосари

Гулнора Каримова ва унинг жиноий шерикларининг Франция, АҚШ, Латвия ва бошқа мамлакатлардаги активлари қиймати 1,3 млрд долларга тенг. Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромовнинг сўзларига кўра, бу маблағларга 1400 та мактаб қуриш мумкин.

Фото: Валерий Левитин / РИА «Новости»

Гулнора Каримова ва у бошчилигидаги уюшган гуруҳнинг Швейцарияда жойлашган активлардан ташқари бошқа хорижий давлатлардан ҳам жиноий активларини қайтариш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазири ўринбосари  Музраф Икромов маълум қилди.

Жиноий активларнинг умумий қиймати қарийб 1,3 млрд АҚШ долларини ташкил этади. Адлия вазири ўринбосари фикрича, мазкур пуллар 14,3 триллион сўмни ташкил этиб, уларнинг ҳисобига 1400 тадан ортиқ мактаб қурса бўлади.

Франция Республикаси

Франция Республикасидан 2020 ва 2021 йилларда тақрибан жиноий уюшган гуруҳ аъзоларига тегишли кўчмас мулкларни (Париж шаҳри яқинидаги 2 та қасрлар) сотилиши натижасида 20 миллион АҚШ долларига тенг пул маблағлари Ўзбекистонга қайтарилди.

Белгия Қироллиги

Белгия Қироллигида ҳам жиноий уюшган гуруҳга тегишли бўлган активлар жойлашган. Уларни қайтариш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси мутасадди ташкилотлари ҳамда Белгия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Белгияда тергов жараёни тугамагани сабабли (тергов сири), ушбу активлар ҳақида кўп маълумот ошкор қилиш имконияти мавжуд эмас.

Буюк Британия

Буюк Британияда Гулнора Каримова ва унинг шерикларига тегишли бўлган 10 миллион фунт стерлинг миқдоридаги маблағлар ва 3 та кўчмас мулкнинг тақдири Лондоннинг Олий судида кўриб чиқиш жараёнида.
 
Латвия Республикаси

Латвия Республикасида ҳам бир талай активлар мавжуд. Латвия суд органлари томонидан 2018 йили Ўзбекистон Республикасида чиқарилган ҳукмлар (Латвияда жойлашган активларни Ўзбекистон даромадига мусодара қилиш ҳақида) тан олинган. 

Активлар 15 миллион АҚШ долларига тенг маблағлар, 850 унцияга (24,1 кг.) тенг олтин сертификатлари ҳамда Рига шаҳрида жойлашган маданий-кўнгилочар мажмуадан ташкил топган.

Қайд этилишича, бу борадаги барча ишлар ҳам осонликча амалга ошмаяпти. Масалан, Латвиядаги юқоридаги активларни қайтаришда мураккабликлар юзага келмоқда. Шунга қарамай, ушбу давлатдаги активларни қайтариш бўйича ишлар қатъий изчиллик билан давом эттирилмоқда.
 
Россия Федерацияси

2021 йил ноябр ойида Москва шаҳрида жойлашган активлар (6 та хонадон) Ўзбекистон даромадига ўтказилиши ҳақида Москва шаҳар судининг қарори чиқарилган. 

Ҳозирги пайтда, ушбу кўчмас мулк объектларини Россия суд ижрочилари томонидан сотиш жараёни давом этмоқда. Сотиш натижасида келиб тушган пул маблағлари Ўзбекистон ва Россия фойдасига тенг улушларда бўлиниши Москва шаҳар судининг қарорида ўз аксини топган.

Бундан ташқари, бошқа мамлакатларда ҳам Гулнора Каримова ва унинг жиноий шериклари томонидан ноқонуний орттирилган ва Ўзбекистондан олиб чиқилган активларни қайтариш бўйича иш олиб борилмоқда. Жиноий активларнинг умумий қиймати қарийб 1,3 млрд АҚШ долларини ташкил этади.

Вазирлик баҳоларига кўра, ҳозирги кунга келиб, мазкур пуллар 14,3 триллион сўмни ташкил этади ва уларнинг ҳисобига 1400 дан ортиқ мактаб қурса бўлади.

Бундан олдинроқ Гулнора Каримованинг Швейцарияда ундирилиши лозим бўлган активлари қиймати тақрибан 686 миллион АҚШ долларига тенг экани хабар қилинганди.

Ҳозирда шундан 131 млн доллари қайтарилмоқда ва таълим ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилади. Ушбу жараённи назорат қилиш учун халқаро ташкилотлар, ННТлар, журналист ва блогерлардан иборат кенгаш тузилган.

Мавзуга оид