11:34 / 27.01.2022
46875

12 бош курка боласини пора сифатида олаётганда ушланган мудофаа бўлими бошлиғига қандай жазо тайинлангани маълум бўлди

Қоракўл тумани мудофаа бўлими бошлиғи Отабек Ёдгоровга қандай жазо тайинланганлиги маълум бўлди. У 100 АҚШ доллари ва 12 бош курка боласини пора тариқасида олаётганда қўлга тушганди.

Фото: Kun.uz

Отабек Ёдгоровга оид ишни кўриб чиққан ҳарбий суд унга 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган. Жазони манзил колонияларида ўташ белгиланган.

Ўтган йилнинг сентябрида 45 ёшли подполковник ўзга бир фуқарони алдаб, уни вилоят мудофаа бошқармаси сафарбарлик чақирув резерви бўлими нозири вазифасига ишга жойлаштиргани учун 100 AҚШ доллари ва 12 бош курка боласини олган вақтида вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ушланганди.

Кеча, 26 январ куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тақдим қилган ҳисоботда 2021 йилда давомида давлат органлари ва ташкилотларида ишловчи 3050 нафар ходим томонидан 4 186 та ҳолатда коррупцион жиноятлар содир этилгани хабар берилган эди.

Top