19:45 / 17.02.2021
7582

Вакцина паспортлари. Янги даврда янги ҳужжат пайдо бўладими?

Яқин-яқингача ҳам вакцина паспортлари билан фақат фитна назариясига ишонувчилар бир-бирларини қўрқитиб юришганди. Ҳозир дунёда шундай ҳужжат сайёҳларга чегараларни очишга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида жиддий мунозаралар кетмоқда.

ISTOCK/GETTY IMAGES

IT-компаниялар, авиакомпаниялар ва ҳатто алоҳида давлатлар ҳам вакцина паспортларини жорий қилиш тарафдори. Унга қаршилар инсон ҳуқуқларининг эҳтимолий бузилиши, бундайин паспортларнинг самарадорлиги пастлигини айтиб, шошмасликка чорламоқда. Бу баҳсда ким ғолиб бўлади?

Греция сафнинг бошида

Кўпчилик вакцина паспортлари туфайли пандемияда энг кўп азият чеккан соҳалардан бири - туризм қайта жонланади, деб ҳисобламоқда.

Қийин аҳволда қолган давлатлардан бири Грециядир – туризм бу давлат учун шунчалар муҳимки, ЯИМнинг 20 фоизини ташкил қилади. Ушбу мамлакат ниҳоятда оғир молиявий бўҳрондан қутулиб чиқаётган пайтда пандемия ёпирилди.

Ҳар 5 кишининг бири бу ерда туризм соҳасида банд. Соҳадаги қулаш Грецияда 80 фоизни ташкил қилди.

«Бу йил очилмасликнинг иложи йўқ. Агар шу мавсумни ҳам бой берсак, бизни чинакамига оғир давр кутади», дейди Санторини оролида бизнес қилувчи таниқли отельер Алексис Комнинос.

Грециядаги сайёҳлар орасида машҳур бўлган Нафплион шаҳарчаси иккинчи локдаун вақти бўшаб қолди
MILOS BICANSKI/GETTY IMAGES

Вазиятдан чиқиб кетиш учун Греция бош вазири Кариакос Мицотакис Евроиттифоққа ваниҳоят вакцина паспортлари ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўришни таклиф қилди.

«Эмланган одамлар саёҳат қила олиш имкониятига эга бўлишлари керак. Бу, шунингдек, одатий ҳаётга қайтиш учун ягона чора ҳисобланган вакцинацияга фуқароларни ташвиқ қилиш учун рағбатлантириш ҳисобланади», дейди бош вазир Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенга битган мактубида.

Январ ойи охирларидан Грецияда коронавирусдан эмланганларга рақамли сертификатлар берилиши бошланди. Евроиттифоқнинг тасдиғини кутиб ўтирмасдан Греция вакцина паспортлари фақат наф келтиришини амалда кўрсатишга бел боғлади ва Исроил билан шартнома имзолади.

9 миллион аҳолига эга Исроилнинг 3,5 миллион аҳолиси эмлаб бўлинди, лекин исроилликлар Грецияга борадиган сайёҳларнинг жуда кам қисмини ташкил этади.

2019 йилда Грецияга 34,2 миллион сайёҳ келган ва уларнинг салкам миллион нафари Исроилдан.

Сайёҳлик оқими тикланиши учун Греция ўзининг доимий меҳмонларини қайтариши зарур – аввало, Германия ва Буюк Британия фуқароларини. Бу давлатлар эса вакцина паспортини жорий қилишга шошилаётгани йўқ.

Қарши аргументлар

«Гап эмланишни саёҳат қилиш учун мажбурий шарт қилиб қўйиш ҳақида кетмаяпти», дейди Греция бош вазири Евроиттифоққа ёзган хатида.

Бироқ турли сабабларга кўра, коронавирус вакцинасини олишни истамаган ёки қодир бўлмаган инсонлар айнан шу воқеа юз беришидан хавфсирайди: улар бошқа давлатга бориш учун эмланиш шарт деб ўйлайдилар.

Аммо вакцина паспортларидан дунёда аллақачонлар фойдаланиляпти, фақат номланиши бироз бошқачароқ – халқаро вакцинация сертификати ёки «сариқ карточка». Қизилча, сариқ безгак, вабо, бўғма касаллиги ёхуд безгакка қарши эмланиб, сайёҳлар шундай карточка олишлари мумкин.

«Сариқ безгакка қарши вакцина олсангизгина саёҳат қила олишингиз мумкин бўлган давлатларнинг мавжудлиги вакцина паспортларининг келажаги учун яхши прецедент. Менда, масалан, сариқ безгакка қарши эмланганим ҳақида махсус карточка бор. Лекин бу каби карточкаларни кўрсатадиганларнинг қанчасида карточкалар ҳақиқий, яна қанчасида ясамалиги ҳақида тасаввурим йўқ», дейди Лондон Империя коллежи катта илмий ходими, профессор Ричард Теддер BBC’га берган интервьюсида.

Бу вакцина паспорти билан боғлиқ ягона муаммо эмас. Шахсий маълумотлар сизиб чиқиш хавфи ҳам бор. Айни дамда мутахассислар вакцинациядан ўтганлик тасдиғини смартфон учун махсус иловада сақлашни таклиф этишмоқда. Демак, жуда кўп шахсий маълумотлар серверларда туради ва исталган пайт уларга эга бўлиш мумкин.

Устига-устак жаҳон аҳолисининг атиги ярми интернетга уланиб, илова юклаб олиш мумкин бўлган смартфонлардан фойдаланади.

Британия иммунология ҳамжамияти раиси Дебора Данн-Уолтерс BBC билан бўлган суҳбатда бундай иловага йўқ демаслигини тан олди: «Мен телефонимда шундай илова бўлишини истардим. Унда мен қачондир олган вакциналар ва уларнинг муддатлари кўрсатиб турилса...»

Лекин профессор Данн-Уолтерс бу каби иловалар паб ёки ресторанга кириш учун рухсатномага айланишини чатоқ деб ҳисоблайди: «Одамларга ҳар куни қилиб юрган ишларини уларда бу каби тасдиқ бўлмаса, қилолмай қолишини айтиш – мураккаб ахлоқий муаммо».

Эксетер университети доктори Анна Бедуши унинг фикрига қўшилади. У шундай ҳужжатлар қандай ишлашини ўрганган.

«Бундай иловаларга шахсий маълумотларни муҳофазалайдиган технология аввалдан ўрнатилиши шарт», дейди Бедуши.

«Бироқ умуммиллий локдаун – эмланганлик тасдиғини кўрсатишдан кўра инсонларнинг эркинлигини чекловчи анча жиддийроқ нарса», дея таъкидлайди Бедуши.

Башарти одамлар вакцина олишни исташса-ю, қандайдир сабабга кўра олишолмаса, бундай ташаббуслар уларнинг эркинлигини чегараловчи жиддий масалага айланиши мумкин.

Ричард Теддер эса масалага бошқа томондан қараб кўрди: «Менимча, вакцина олишни истамаганлар учун қандайдир чекловлар бўлиши шарт. Мен учун бу принципиал масала: вакцинациядан ўтмадингизми, саёҳат қилмаганингиз маъқул. Масала буни халқаро миқёсда қандай амалга оширишда. Бу ялпи эмлашга қодир бўлмаган мамлакатлар учун жиддий муаммога айланиши мумкин».

Хавотирга сабаб бўладиган жиддий омиллардан бири – аҳолининг аксар қисмини вакцинация қилиш коронавирус тарқалишига қай даражада таъсир кўрсатиши ҳақида маълумотлар камлиги.

«Охирги ойлардаги чекловлар бизга шунчалар таъсир кўрсатдики, вакцина паспортлари концепцияси жозибадор кўриниши мумкин», деб ҳисоблайди Дебора Данн-Уолтерс.

Унинг фикрича, ҳозирда мавжуд ва келажакда чиқиши мумкин бўлган вакциналар бизга бериши мумкин бўлган ҳимоя ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш шарт.

«Вакцинация аҳолини касалланишдан қанча муддат асрай олади? Эмлаш вирус юқишидан ҳимоялай оладими? Бу вакцина паспортларини жорий қилишдан олдин жавоб топилиши керак бўлган иккитагина савол, холос», дейди у.

«Мен Грециянинг бундай паспорт жорий қилиш истагини тушунаман. Лекин кимдир вакцина таъсир қилмайдиган штаммни олиб келсачи? Ана унда Грецияда муаммолар чиқиши мумкин. Ундан кейин, вакцинация ҳақидаги сертификатлар ҳаққонийлигига қандай ишонч ҳосил қилиш мумкин? Антитаналар мавжудлигига қўшимча тестлар ўтказишга тўғри келиши ҳам мумкин», дейди Ричард Теддер.

Европа бир қарорга келмади

Туризмга боғланиб қолган Европанинг кўплаб давлатлари Грецияни қўллаб-қувватлашмоқда. Италия, Португалия, Кипр, Чехия, Эстония, Испания, Словакия ва Венгрия каби давлатлар ҳам озми-кўпми вакцина паспорти жорий қилиниши тарафдори.

Умуман олганда, Европа ҳали якдил фикрга келганича йўқ.

Ҳозирча ЖССТ вакцинацияни вирус тарқалишининг олдини олишга кафолат сифатида кўраётгани йўқ. Ундан ташқари, ЖССТда саёҳат қилиш учун иммунитет борлиги тасдиғининг қандайдир тизими мавжуд бўлиши керак деб ҳисоблашмоқда.

ЖССТнинг Европадаги махсус вакили Давид Набарро «Одатий ҳаёт тарзига қайтиш учун фавқулодда тезкор коронавирус тестлари кўмак беради», дея таъкидлаган ва «эмланмаганлар чекловларга дучор бўлиши» ҳақида огоҳлантирган.

ЖССТнинг етакчи мутахассисларидан бири бўлган Набарро вакциналарнинг етишмовчилигига барҳам берилмагунча одамлар қисқа муддатга бундайин аччиқ реалликка кўникишлари лозим, деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, вакцина ишлаб чиқариш ҳажми ошиб бораётгани боис, яқин ойлар ичида муаммо ҳал бўлади.

Сайёҳларга вакцина паспорти ёки сертификатларини жорий қилиш, унинг фикрича, давлатлараро даражада ҳал қилиниши шарт ва бу осон кечмайди.

«Ҳа, мен вақт ўтиши билан инсон коронавирусга қарши иммунитети борлигини кўрсата олишига имкон берувчи тизим пайдо бўлади, деб ўйлайман. Бунинг учун бироз меҳнат керак», дейди Набарро Британиянинг ITV телеканалига берган интервьюсида.

Ўтган йилнинг октябрида ЖССТ халқаро вакцинация сертификатини ишлаб чиқиш бўйича Эстония билан келишувга эришганди.

Ташаббусга Германия ва Францияда шубҳа билан қарашмоқда. У ерда вакцина паспортлари одамларнинг бир қисми алоҳида имтиёзларга эга бўлиб қолишига сабаб бўлади.

Амалдаги вакцинация схемасига кўра энг охирги бўлиб эмланадиган ёшлар бу масалада ютқазади.

Германия ҳукуматининг маслаҳатчиси ва мустақил орган бўлган Ахлоқ кенгаши эмланганларга махсус шароит қилиб бермасликни тавсия қилди.

Буюк Британия амалдорлари эса ялпи вакцинация ва экспресс тестлар уйғунлиги вазиятни ўрнига туширади, деб ҳисоблашмоқда.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон 15 феврал куни берган баёнотида Британия мамлакат ичида вакцина паспортини жорий қилмоқчи эмаслигини маълум қилган бўлса-да, бу каби ҳужжатлар хорижга чиқишда зарур бўлишини тан олди.

«Фикримча, саёҳат қилиш учун баъзан сариқ безгак ва бошқа касалликларга қарши эмланганингиз исботини кўрсатишингизга тўғри келгани каби, коронавирусга қарши эмланганингизни кўрсата олиш ғояси кўпчиликни қизиқтиради ва бундан қочишнинг иложи йўқ. Бу келажакда рўй беради деб ўйлайман. Бизнинг мамлакатда эса паб ёки шунга ўхшаш жойларга кириш учун паспортлар бўлмайди, деб ўйлайман», деган Борис Жонсон.

Европадаги кўплаб мамлакатларга киришда коронавирус тестининг манфий натижасини кўрсатиш керак
THOMAS LOHNES/GETTY IMAGES

Илгарироқ Британиянинг вакцинация бўйича мулозими Нозим Заҳовий вакцина паспортлари бўлмаслигига ваъда бериб, хорижга отланганлар зарур ҳолларда ўз врачларидан маълумотнома олиб кетаверишлари мумкинлигини айтганди.

Британиянинг позицияси ўзгариши мумкинми?

Британиядаги Telegraph нашри январ ойидаёқ мамлакат раҳбарлари вакцина паспортлари синовларини молиялаштираётгани ҳақида ёзганди. Фойдаланувчилар улар эмлангани ҳақидаги маълумот киритилган иловани юклаб олиши режа қилинганди.

Айрим британияликлар бундай паспорт барибир жорий қилинади, деган қўрқувда. 150 мингдан зиёдроқ киши бу ғоядан бутунлай воз кечишни талаб қилувчи петицияга имзо чекишди.

«Бундай паспортдан коронавирус вакцинасини олишни рад қилган инсонларнинг ҳуқуқларини чеклаш учун фойдаланилиши мумкин ва бунга йўл қўйиб бўлмайди», дейди петиция муаллифлари.

Бизнес – паспорт тарафдори

Масала шундаки, давлатлар қандай позицияда бўлмасин хусусий корхоналар, жумладан, ресторанлар, кинотеатрлар ва авиакомпанияларга ўз қоидаларини белгилашига қаршилик қилишнинг иложи йўқ.

Кўплаб IT-компаниялар вакцинация ҳақидаги маълумотлар сақлаш мумкин бўлган иловалар ишлаб чиқишмоқда
ISTOCK/GETTY IMAGES

Германиянинг концерт ва бошқа тадбирларга чипта сотиш билан шуғулланувчи Eventim компанияси ўзининг онлайн бронлаш тизимига ўзгартиш киритишга улгурди: мижозлар эмланганлик ҳақидаги маълумотни жойлашлари мумкин.

Компания бош директори Клас-Петер Шуленберг вакциналар етарли бўлиб, истаган одам эмлана олиш имкони бўлгач, тадбирлар ташкилотчилари чипта сотиб олаётганда вакцинация ҳақидаги гувоҳномани мажбурий қилиб қўйишлари мумкин.

Американинг маданий тадбирларга чипта сотувчи Ticketmaster компанияси ҳам концерт фаолиятини тиклаш режасини ишлаб чиқмоқда.

Режа қуйидагича ишлайди: концертга чипта сотиб олган томошабинлар концерт бошлангунга қадар эмлангани ҳақидаги сертификат ёки коронавирус тестига манфий жавобни тақдим этиши керак бўлади. Сертификатсиз чипта ҳақиқий ҳисобланмайди.

Авиакомпаниялар ҳам ўз талабларини илгари суришлари эҳтимолдан холи эмас. Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси ноябрдаёқ махсус рақамли чипта яратиш таклифини берганди. IATA’нинг режасига кўра, ундай чипта давом этиб турган пандемия шароитида ҳам чегараларни бемалол очиш имконини беради.

Ассоциация ташаббусига қўшиладиганлар кўп куттиришмади – Emirates авиакомпанияси Ассоциация билан ҳамкорлик қилишни бошлаб юборди.

Улар ҳамкорликда фойдаланувчиларга турли давлатларга кириш шартлари билан танишиш имконини берувчи ва унга коронавирус тести натижалари ёхуд вакцинация сертификатини киритиш мумкин бўлган иловани синаб кўришади.

Бир неча ҳафтадан сўнг Etihad Airways компанияси ҳам иловани синовдан ўтказишни бошлайди.

Бутунжаҳон иқтисодий форуми Швейцариянинг Commons Project Foundation нотижорат гуруҳи билан саломатликка оид рақамли паспорт устида ишламоқда.

IBM компанияси ҳам ўз иловаси устида ишламоқда. Пандемия мобайнида компания ўз ғоялари билан чиқиш қилиб, контактларни кузатувчи илова тақдим қилишди. Лекин лойиҳани муваффақиятли бўлди дейиш қийин.

Вакцина паспортлари билан вазият янада мураккаблашиши мумкин, гап, ҳар ҳолда, барча давлатларга мос келадиган тизим ҳақида кетмоқда.

Турли давлатларда турли вакциналар сертификатлаштирилиши, сайёҳ эса ўзи эмланган вакцина билан у муайян давлатга киритиладими йўқми, била олишини ҳам ҳисобга олиш шарт.

«Чегарачиларга сайёҳ, айтайлик, Pfizer, Россия ё Хитой вакцинасини олган-олмаганини билиш қизиқ бўлса керак. Бу бир қарорга келишга ёрдам беради», дейди Commons Project Foundation’нинг жамоатчилик билан ишлаш директори Томас Крэмптон CNN’га берган интервьюсида.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top