19:40 / 03.04.2020
141665

Президент тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун янги фармонни имзолади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Президент яна бир бор халққа мурожаат қилди, шунингдек, тадбиркорлар учун енгилликлар ҳақида маълум қилди. 

3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони имзоланди.

Ушбу фармонга кўра:

Биринчидан, туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. Ушбу имтиёздан соҳада хизмат кўрсатаётган мингдан ортиқ субъектлар фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Иккинчидан, карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади. Ушбу имтиёз қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорга катта кўмак бўлади.

Учинчидан, тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилади. Тадбиркорлар бу имтиёзлардан солиқ идорасини уйдан туриб хабардор қилиши мумкин.

Тўртинчидан, жорий йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилади.

Бешинчидан, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёрдам бериш кўлами янада кенгайтирилади.

Ҳозирги кунда тадбиркор олган кредит ставкаси 24 фоизгача бўлганда унинг 8 фоизини жамғарма қоплаб берар эди. Энди кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда ҳам унинг 12 фоизини давлат қоплайди.  

Бунинг учун тадбиркорларнинг 3 триллион сўмлик кредитлари фоизини қоплашга жамғармадан қўшимча 400 миллиард сўм йўналтирилади. Жамғарма бир тадбиркорнинг фақатгина битта лойиҳасига кафиллик бериши бўйича чеклов ҳам энди бекор қилинади.

Интизомли ва ишончли тадбиркорларга кредитнинг 75 фоизига жамғарма кафиллик беради (бугунги кунда 50 фоиз). Кафиллик суммасининг юқори чегараси ҳам 8 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмга оширилади.

Олтинчидан, қийин аҳволдаги корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва аҳолининг 12 триллион сўмлик кредит мажбурияти муддати узайтирилади.

Шунингдек, бугун қишлоқларда кўп иш жойларини ташкил этиб, энди оёққа тураётган пахта-тўқимачилик кластерларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам алоҳида қарорга имзо чекдим. Уларнинг 2019 йилда пахта етиштириш учун олган кредитларини қайтариш муддати 1 октябргача узайтирилади.

Еттинчидан, аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгиланмоқда.

Жумладан, шу йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайди.

Шунингдек, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди. Улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилади.

Бу чоралар орқали яна 120 мингдан зиёд кам таъминланган оилаларни қамраб оламиз (ҳозирда 600 мингта).

Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади.

Саккизинчидан, карантин даврида уй шароитида ривожлантириш мумкин бўлган фаолият турларини янада қўллаб-қувватлаймиз.

Мисол учун, мамлакатимизда 28 мингдан зиёд ҳунарманд фаолият кўрсатмоқда. Уларга ўтган йили 50 миллион доллар маблағ ажратилди, 12,5 мингта лойиҳа доирасида ҳунармандлар 75 мингдан ортиқ янги шогирдларни тайёрлади.

Ушбу соҳа учун бу йил яна 50 миллион доллар маблағ йўналтирилмоқда. Яратилаётган бундай шарт-шароитлар ҳунармандлар учун катта имкониятдир.

Молия вазирлиги иқтисодиёт ва аҳолини қўллаб-қувватлаш учун жорий қилинаётган янги кенг миқёсли чоралар бўйича шарҳ берган.

Фармонга кўра, 22,3 трлн сўмлик чора-тадбирлар, шу жумладан, 20,1 трлн сўмлик солиқ ва кредит тўловларини кечиктириб туриш белгиланган.

1. Аҳолига ёрдам                                                                                           

Муддати март-июнь ойларида тугайдиган болали оилалар, болани парваришлаш нафақалари ва моддий ёрдам тайинланиши автоматик тарзда узайтирилади. Адресатлардан тегишли аризалар янгидан берилиши талаб этилмайди. Нафақа олувчилар умумий сони 596дан 719 мингтагача ошади.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасига оилалар ижтимоий нафақа олишга муҳтожлигини баҳолаш тартиб-таомилларини соддалаштириш топширилган.   

Ёлғиз қариялар ва ногиронлар карантин тугагунга қадар бир марталик ниқоблар, антисептик воситалар ва бактерияга қарши совунни бепул олади.

Жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг 2020 йилнинг 6 ойида тўланиши лозим бўлган кредитларнинг муддати узайтирилади (4,7 трлн сўм). Шу билан бирга, тижорат банклари томонидан (юридик ва жисмоний шахсларга) қарзлар бўйича ҳисоблаб чиқилган ва муддати узайтирилган фоизлар ушбу даврдаги даромад солиғини ҳисоблашда жами даромадга киритилмайди.

2. Энг кўп таъсир кўрган соҳаларни қўллаб-қувватлаш

Жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган қатъий белгиланган солиқ суммаси ва ўз фаолиятини мажбуран тўхтатиб турган якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ ҳисобланиши тўхтатиб турилмоқда. 

Туроператорлар, турагентлар ва меҳмонхона хизматларини кўрсатадиган субъектлар, «Uzbekistan Airports» АЖ, «Uzbekistan Airways» ва «Ўзаэронавигация маркази» ДУК мулк ва ер солиғи тўловидан озод қилинади. Улар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоизгача пасайтирилган. Шу сабабли, уларнинг тасарруфида 130 млрд сўмдан ортиқ маблағ қолади.

Микрофирмалар ва кичик корхоналар, ўз фаолиятини тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) товарлар (хизматлар) реализация қилишдан тушган тушум суммаси жорий йилнинг биринчи чорагида ўртача ойлик миқдорга нисбатан 50 фоиздан кўпроққа қисқаради, 2020 йилнинг 1 октябрига қадар солиқ органлари хабарнома асосида фоизсиз кечиктириш (тўлаш) тақдим этилади:

  • айланма солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, кейинчалик уларни 12 ой мобайнида тенг улушларда тўлаш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза топширмасдан;
  • ижтимоий солиқ бўйича, кейинчалик 6 ой давомида тенг миқдорда тўланади.

Фаолиятини тўхтатиб турган тадбиркорлар томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўлови ҳисобланиши ва ундирилиши тўхтатиб турилади. 

3. Солиқ тўловчиларни қўллаб-қувватлаш

  • Электрон ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланадиган, 1 млрд сўмгача айланмага эга хўжалик юритувчи субъектлар учун ҚҚС ҳар ойлик тўловидан ҳар чораклик тўловига ўтказилади. Бунда улар айланма маблағларини ошириш имконияти пайдо бўлади (150 млрд сўм атрофида).
  • Фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва нотурар иншоотларга нисбатан мулк ва ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланиши, уларга пеня ҳисобланиши ва улар бўйича қарздорлик мажбурий ундирилиши тўхтатиб турилади. Ушбу чора деярли 21 минг корхонага нисбатан татбиқ қилинади.
  • Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан фоизсиз молиявий ёрдам кўринишида олинган маблағлар фойда солиғи ва айланмадан олинадиган фойдадан солиққа тортилмайди.
  • Даромад солиғи тўловчилари, истисно тариқасида, ўтган чорак натижаларига кўра уни ҳисоблаш учун белгиланган талаб бекор қилинган ҳолда, даромад солиғи бўйича аванс тўловлари тўғрисида маълумотнома тақдим этишга ҳақлидир.
  • Юридик шахслар томонидан газ ва электр энергияси учун мажбурий олдиндан тўлов 100 фоиздан 30 фоизгача пасайтирилади, бу эса айланма маблағлар шаклланишини таъминлайди.

4. Қўллаб-қувватлаш бўйича бошқа чора-тадбирлар

2019 йил якунларига кўра, аудиторлик текширувларининг муддатлари узайтирилади Активларининг баланс қиймати 100 минг БҲМдан ортиқ бўлган масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятларнинг ҳар йиллик аудиторлик текширувини жорий қилиш кейинги йилга ўтказилади.   

  • молиявий қийинчиликларга юз тутган корхоналарга нисбатан банкротлик тартиб-таомиллари ташаббуси билан чиқиш ва уларни банкрот деб эълон қилишга мораторий жорий қилинади.
  • Бензин, дизел ёқилғиси ва газ, шунингдек спирт ва алкоголли маҳсулотни истеъмолчиларга сотиш учун акциз солиғи ставкалари оширилмайди.
  • энг муҳим – озиқ-овқат (гўшт, балиқ, ун, шакар, сут маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, тухум, пиёз ва бошқалар), шунингдек гигиена маҳсулотларини ва товарларни олиб келишга нолли божхона божи ва акциз солиғи белгиланади.
     
Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top