10:41 / 27.12.2018
20829

Вологдада ўзбекистонлик ишчи ҳалок бўлди

Иллюстратив фото

Вологда шаҳри Бабаев туманидаги ишлаб чиқариш базасида ишлаган Ўзбекистон фуқароси арралаш дастгоҳи бош қисмини кесиб ташлагани туфайли ҳалок бўлди. Эркак киши воқеа жойининг ўзида ҳаётдан кўз юмган.

Россия Ички ишлар вазирлиги Бабаев ИИБнинг «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида хабар берилишича, воқеа ҳақида хабар 25 декабрь, сешанба куни соат 14:00да келиб тушган.

«Никольское қишлоғи орқасида жойлашган ишлаб чиқариш базасида рўй берган воқеа жойига борилганда, Ўзбекистон фуқаросининг жасади топилди. Унинг бош қисми кесиб ташланган ҳолда бўлган, - дейди Россия Тергов қўмитасининг Вологда области бўйича бошқармаси Устюженск туманлараро тергов бўлими катта терговчиси Ольга Клюнина. - Гувоҳлар сўзларига кўра, жабрланувчининг меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этмагани ва шахсий бепарволиги бахтсиз ҳодисага сабаб бўлган».

Иш берувчи хорижлик, якка тартибдаги тадбиркорни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масала бахтсиз ҳодиса юзасидан комиссия текширувидан сўнг ҳал қилинади.

Top