15:01 / 24.06.2024
4699

Евроиттифоқ кенгаши Россияга қарши 14-санкциялар пакетини маъқуллади

Европа Иттифоқи, бошқа нарсалар қаторида, 116 жисмоний ва юридик шахслар учун чекловлар жорий этди. Янги пакетнинг бандларидан бири Россия суюлтирилган газига тегишли: унинг Европа портлари орқали транзитига чекловлар киритилди.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи кенгаши Украинага қарши давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар учун Россияга қарши жорий қилинган 14-санкция пакетини ниҳоят маъқуллади. Бу ҳақда кенгашнинг 24 июн, душанба куни чоп этилган пресс-релизида айтилади. Тез орада янги санкция чоралари ва рўйхатлари расман эълон қилинади. «Ушбу чора-тадбирлар Россия иқтисодиётининг энергетика, молия ва савдо каби қимматли тармоқларини нишонга олишга мўлжалланган ва Европа Иттифоқи санкцияларини четлаб ўтишни янада қийинлаштиради», — дейилади пресс-релизда.

Янги санкциялар пакетининг асосий бандларидан бири Россия суюлтирилган табиий газига (СТГ) тааллуқлидир: бундан буён учинчи давлатлар учун мўлжалланган рус СТГни Европа портлари орқали қайта экспорт қилиш мумкин эмас. Бироқ, Россия Федерациясидан Европа Иттифоқи давлатларининг ўзига СТГ етказиб беришни тақиқлаш жорий этилмаган. Шунингдек, нефт ва нефт маҳсулотлари нархлари чегарасини четлаб ўтиш учун фойдаланилган Россия флотининг 27 танкерига, хусусан, қурол-яроғ ёки Украина донини ташишда фойдаланилган кемаларга нисбатан ҳам санкциялар эълон қилинди.

Бундан ташқари, кенгайтирилган тақиқ сиёсий партиялар, жамғармалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ), шу жумладан, Европа Иттифоқидаги медиа-хизмат кўрсатувчи провайдерлар ҳамда Россия жисмоний ёки юридик шахслари манфаатларини кўзлаб амалга оширилган бўлса, ҳаво қатновлари - хусусий рейсларга ҳам тегишли.

Рўйхатларда - Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлаган янги шахслар

Шунингдек, Европа Иттифоқи 55 жисмоний ва 61 юридик шахсга нисбатан санкциялар киритди. Юридик шахслар ёки компаниялар Россия ҳарбий-саноат мажмуасини (ҲСМ) тўғридан тўғри қўллаб-қувватлагани учун рўйхатга киритилган: гап учинчи мамлакатлар - Хитой, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва БАА компаниялари ҳақида ҳам кетяпти.

Янги санкциялар рўйхатига, жумладан, тадбиркорлар Игор Алтушкин, Роман Троценко ва Таймураз Боллоев, шунингдек, қўшиқчи Полина Гагарина ҳам киритилган.

Санкцияларни четлаб ўтиш устидан назорат кучайтирилади

Янги пакет санкциялардан бўйин товлашга қарши кураш чораларини кенгайтиради: иккиламчи мақсадларда фойдаланиладиган товарларни учинчи мамлакатларга етказиб бериш янада қаттиқроқ назорат қилинади. Европа Иттифоқидаги компаниялар учинчи мамлакатлардаги шуъба корхоналари жазоларни четлаб ўтиш учун ишлатилиши мумкин бўлган фаолият билан шуғулланмаслигини шахсан таъминлаши шарт.

Бундан ташқари, «ҳарбий маҳсулотлар» ишлаб чиқариш бўйича саноат ноу-хауларини учинчи давлат тижорат ҳамкорларига ўтказаётган Европа Иттифоқи операторлари бундай ноу-хау Россияга мўлжалланган товарлар учун ишлатилмаслигини таъминлаш учун шартнома қоидаларини киритишлари керак бўлади.

Европа Иттифоқига кирмайдиган Лихтенштейн «Россиядан темир ва пўлат импортига чеклов чораларини қўллайдиган» ҳамкор давлатлар рўйхатига қўшилди.

Россия молиявий сектори нишон остида

«Россия SWIFT’и» деб аталувчи, Марказий банк томонидан яратилган ва Россия билан баъзи операциялар амалга ошириладиган молиявий хабарларни узатиш тизими (МХУТ) ҳам Европа Иттифоқи санкциялари остида қолди. Марказий банк маълумотларига кўра, йил бошида МХУТ 556 рус ва хорижий фойдаланувчиларга эга эди. Улардан 159 таси 20 та хорижий давлатдан, шу жумладан банклар сони - 58 та. Bloomberg хабар беришича, улар орасида Хитой, Беларус, Арманистон, Тожикистон ва Қозоғистон банклари бор.

Бундан ташқари, Европа кенгаши, агар ташкилотлар Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватловчи транзакцияларни амалга оширишга ёрдам берса, уларга Европа Иттифоқидан ташқарида ташкил этилган мақсадли кредит ва молия институтлари ва крипто-актив провайдерлари билан операциялар амалга оширишни тақиқлади.

10 кун олдин ЕИ Германия туфайли санкциялар пакети бўйича келиша олмади 

Европа Иттифоқи 14 июн куни 14-санкция пакети бўйича Германияни Европа компанияларининг жазо чораларини бузганлик учун жавобгарлиги тўғрисидаги банд қаноатлантирмагани боис келиша олмади. 

Европа Иттифоқи Украинадаги ҳарбий можарони ҳал қилиш бўйича тинчлик саммити бошланишидан олдин ушбу пакетнинг маъқулланишини эълон қилиши кутилган эди. Бироқ, Reuters манбаларига кўра, Германия немис саноатига потенциал таъсири туфайли субсидиар жавобгарлик бандига эътироз билдирган. 

Top