07:58 / 19.05.2021
6351

Тошкентда «ID карта»си мавжуд бўлган ҳайдовчиларнинг ҳужжати онлайн текширилади

Фото: KUN.UZ

“ID карта”лари мавжуд бўлган ҳайдовчиларнинг транспорт воситаси техник кўрикдан ўтказилгани тўғрисидаги маълумот, автотранспорт воситаларини бошқариш учун берилган ёки олган ишончнома ва суғурта полисларини "ID карта" ёрдамида текшириш амалиёти Тошкент шаҳрида синов тариқасида жорий этилмоқда. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХБ хабар берди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳайдовчилардан автомототранспорт воситасини бошқариш учун нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома, техник кўрикдан ўтказилгани тўғрисидаги маълумот, автотранспорт воситалари ойналари тусини ўзгартиришга, яъни қорайтиришга рухсатномани электрон шаклга ўтказиш орқали мазкур ҳужжатларни автомототранспорт воситаси ҳайдовчисидан талаб этиш тартиби бекор қилиниши белгилаб қўйилди.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан “e-Protokol” ахборот тизими такомиллаштирилиб, йўл-патрул ходимларига хизматда фойдаланиш учун бириктирилган планшетлар ёрдамида “ID карта”ни ўқиш орқали фуқаро эгалигида мавжуд бўлган автотранспорт воситаларини бошқариш учун берилган ёки олган ишончномалари, суғурта полислари тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилди.

“2021 йил 19 майдан бошлаб “ID карта”лари мавжуд бўлган ҳайдовчиларнинг транспорт воситаси техник кўрикдан ўтказилгани тўғрисидаги маълумот, автотранспорт воситаларини бошқариш учун берилган ёки олган ишончнома ва суғурта полисларини "ID карта" ёрдамида текшириш амалиёти Тошкент шаҳрида синов тариқасида жорий этилди.

"ID карта" орқали текширилганда, маълумотлар аниқланмаган ёки тизимда узилишлар бўлган ҳолатларда барча ҳайдовчилардан инспекторга ушбу ҳужжатларнинг аслини тақдим этишини, шунингдек, вазиятни тўғри тушунишини сўраб қоламиз”, дейилади маълумотда.

Top