11:47 / 09.07.2021
7538

«Жомбой дон маҳсулотлари» АЖ соҳада ўз тарихига эга ва яхши тажрибалари билан одимламоқда

«Жомбой дон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти Давлат мулк қўмитасининг буйруғига асосан 1996 йилда «Жомбой дон маҳсулотлари» базасида ташкил топган. Айтиш мумкинки, мазкур корхона ўзига хос тарихга эга ва соҳада катта тажриба тўплаган.

Дастлаб «Жомбой дон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти қурилиш ишлари 1968 йилда бошланган. 1974 йилдан корхона тегирмон цехи ишга туширилиб, ун маҳсулоти ишлаб чиқарилган. Икки йилдан сўнг донни қайта ишлаш лойиҳа қуввати суткасига 600 тоннага етказилган.

1992 йилдан корхонанинг тегирмон комплекси машҳур «Бюллер» фирмасининг техник жиҳозлари билан таъминланди. Натижада суткасига 500 тонна буғдой қайта ишланди, сифат ортди ва корхонанинг рақобат даражаси кўтарилди.

«Жомбой дон маҳсулотлари» АЖ доим фаолиятини замон талабларидан келиб чиққан ҳолда янгилаб келган.

Мазкур корхонада омихта ем ишлаб чиқариш борасида ҳам ўзига хос тажриба шаклланган. Дастлаб 1977 йилда омихта ем ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, ўша вақтда суткасига 315 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилган. Ушбу йўналиш ҳам сўнгги йилларда янгиланди, замон талабидан келиб чиқиб ёндашилди. Хусусан, 2009 йилда Украинанинг «Хоролский» заводи ҳамда «Грантех» МЧЖдан бир қатор асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлари олиб келинди. Модернизация натижасида ўша йилдан бошлаб лойиҳа қуввати суткасига 228 тонна сифатли омихта ем маҳсулоти тайёрланди. Шунингдек, ем маҳсулотини донадор ҳолда ишлаб чиқаришга ихтисослашган цех қайта жиҳозланиб, ишга туширилди.

“2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги Президент фармонига асосан 2020 йилда корхонанинг тегирмон цехи модернизация қилинди ва электр тежамкор ускуналар ўрнатилди.

Бугунги кунда омихта ем ишлаб чиқариш цехида суткасига 200 тонна маҳсулот тайёрланмоқда. 2021 йилнинг ўтган чорагида жамият томонидан аҳолига 17 829 тонна сифатли омихта ем маҳсулотлари етказиб берилди.

Шунингдек, жамиятга қарашли учта нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехлари мавжуд бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1000 тоннани ташкил қилади. Ҳозирги кунда суткасига 300 тонна буғдой қайта ишланмоқда. Жорий йилнинг ўтган чорагида аҳолига 30 458 тонна сифатли ун маҳсулотлари етказиб берилди.

Ташкилот бугунги кунда ҳам тўла қувват билан ишламоқда ва ҳозир айни иш қизғин паллага кирган. Корхонада ҳозирги кунда 591 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Бундан ташқари, ғалла қабул қилиш мавсумида 122 нафар мавсумий ишчи жалб қилинган.

Жорий йилда корхонанинг ғалла қабул қилиш режаси 56518 тоннани ташкил этади. Корхона шу кунларда фермер-тадбиркорлар билан қилинган шартнома режаларини юқори сифатда бажариш арафасида турибди.

«Жомбой дон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти Ⓣ

Мавзуга оид
Top