21:16 / 09.02.2021
9699

Шерзод Шерматов Америкадан келган ўқитувчилар олиб борадиган ишлар ҳақида маълумот берди

Бугун, 9 феврал куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм Тошкент шаҳридаги 295-мактабда Ўзбекистондаги таълим муассасаларида дарс бериш учун Америкадан ташриф буюрган 27 нафар инглиз тили ўқитувчиларини кутиб олишди. Kun.uz мухбири вазир Шерзод Шерматовдан олган интервьюсида ўтган асрнинг 90-йилларида ҳам Америкадан Ўзбекистонга ўқитувчилар келгани ва ўрта таълимга дарс беришга жалб қилинганини эслаб, бу сафар ҳам шу каби амалиёт қайтарилиши эҳтимоли қанчалик экани ҳақида сўради.

«90-йиллардан хабарим йўқ, мен у пайтлар умуман таълим тизимида ишламаганман. Ҳозир биз нима қилаётганимиз ҳақида гаплашсак. 

Президентимиз мурожаатномада бу йилги устувор йўналишлардан бири сифатида хорижий тилларини ўрганиш эканини айтди. Хорижий тиллардан дунёда энг кўп ишлатиладигани – бу инглиз тили ҳисобланади. Дунёда American English, яъни Американинг инглиз тили кенгроқ тарқалгани ва соддароқ бўлгани сабабли ҳамкорлик доирасида Америкадан 27 нафар ўқитувчи келди.

Бу ўқитувчиларнинг вазифалари 14та ҳудудий малака ошириш марказига бориб, у ерлардаги маҳаллий инглиз тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш ҳамда маълум бир мактабларда инглиз тилидан дарс беришдан иборат. Шу билан биргаликда, онлайн мактабларимизда 1-11-синфларга фақат native speaker дарс берилади. Чунки инглиз тилида бизнинг энг катта муаммоимиз - болалардаги акцентда. Агар дарсни америкалик ўқитувчилар ўтадиган бўлса, бизнинг болаларнинг ҳам талаффузи ҳақиқий америкаликники каби бўлади. 

Биз иккита катта лойиҳа қилганмиз. Биринчиси English Speaking Nation, яъни ҳар бир боламизни кўпроқ инглиз тилига ўргатиш, иккинчиси эса IT nation, яъни мактабларда кўпроқ ахборот технологияларини ўргатиш. Мана шу лойиҳаларимиз бўйича болаларимиз кўпроқ инглиз тили ва IT соҳасини билиб чиқадиган бўлишса, уларнинг ҳаётда муваффақиятга эришиш имконияти кўпроқ бўлади. Бизнинг мақсадимиз ҳам болаларимиз келажакда рақобатбардош бўлиб, яхши даромад келтирадиган ишларда ишлашига имконият ва шароит яратиш.

Биз Америкадан инглиз тили ўқитувчиларини олиб келишга ҳаракат қилмоқдамиз ёки Россия томони билан гаплашиб, рус тили ўқитувчиларини олиб келдик. Яъни ҳар бир давлатнинг ўзидан эксперт олиб келмоқдамиз. Чунки улардан яхшироқ биладигани йўқ. Уларда ўзининг тилини ўргатиш бўйича кўп йиллик тажриба ва кучли экспертлари мавжуд. Шу экспертларни жалб қилиб, ҳам ўрганмоқдамиз, ҳам дарсликларни қайтадан ишлаб чиқариш устида ишламоқдамиз, ҳам методологияни яхшилаб, уни кўпроқ тарғиб қилиш устида ишламоқдамиз», деган вазир Kun.uz мухбирига берган интервьюсида.

Top