22:04 / 06.08.2020
2686

Анжей Дуда иккинчи муддатга Польша президенти лавозимини эгаллади 

Польшанинг иккинчи муддатга қайта сайланган президенти Андей Дуданинг инаугурацияси бўлиб ўтди. 

Тантанали маросим 6 августда Польша парламентининг қуйи палатаси – Сеймнинг йиғилишлар залида бўлиб ўтди.

Мамлакат конституциясига мувофиқ, Дуда Миллий йиғин олдида президент қасамёдини келтирган.

Инаугурацияда анъанавий равишда депутатлар ва сенаторлар, ҳукумат, диний ташкилотлар, қуролли кучлар вакиллари, хорижий дипломатлар иштирок этган. Шу билан бирга, маросимга таклиф қилинган кўплаб сиёсатчилар унда иштирок этишдан бош тортишган. Улардан баъзилари буни сиёсий нуқтайи назардан қилишган бўлса, баъзилари эса пандемия сабабли маросимга келишмаган.    

Коронавирус сабабли инаугурация санитария чораларига риоя қилинган ҳолда ўтган. Кўпчилик, жумладан Дуда ва унинг рафиқаси ҳимоя ниқобларида бўлган.

Дуда Польшадаги президент сайловларининг 2-босқичида кичик фарқ билан рақиби - Варшава мэри Рафал Тшасковскийни ортда қолдирганди. Дуда учун 51,03 фоиз, Тшасковскийга эса 48,97 фоиз сайловчилар овоз берган.  

Дуда президент лавозимини яна 5 йил давомида эгаллайди.

Top