17:16 / 15.07.2019
14089

«Ҳаёт йўқ маҳалла 2» - Урганч туманидаги «дунёдан узилган» маҳалла муаммолари ҳал бўлмади

Шу йилнинг февраль ойида Kun.uz таҳририятига Хоразм вилояти Урганч тумани Ғалаба маҳалласининг Амударё кўчасида яшовчи аҳоли вакиллари ижтимоий муаммолар ечимсиз қолаётганидан шикоят қилишган эди.

Мурожаатда маҳалла йўллари ҳолати жуда ёмонлиги, электр энергияси таъминотидаги тез-тез узилишлар, электр симёғочлари йўқлиги, ичимлик суви тармоғидаги муаммолар, маиший чиқиндилар тўпланиб қолаётгани каби муаммолар қайд этилганди.

Мурожаат асосида маҳаллага бориб, вазиятни ўрганилди, аҳоли вакиллари билан мулоқот чоғида шикоят ўринли экани ўз тасдиғини топди. Мурожаат асосида сайтда «Ҳаёт йўқ маҳалла!» - Урганч туманидаги «дунёдан узилган» маҳалла муаммолари сарлавҳали танқидий мақола ҳам эълон қилинди.

Урганч тумани ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар Амударё кўчаси аҳолиси шикоятига эътибор қаратиши, муаммоларни бартараф қилишда ёрдам беришини кутган эдик.

Афсуски, танқидий мақола чиққанидан сўнг ҳам маҳалла аҳолисининг қўнғироқлари тинмади, шикоятлари тўхтамади. Орадан беш ой ўтгач, вазиятни ўрганиш учун яна Амударё кўчасига бордик.

Мақолада қайд этилган муаммоларни яна бир бор эслаб, уларнинг ечимига маҳаллий ҳокимият ва мутасадди ташкилотлар томонидан муносабат қандай бўлганига эътибор қаратамиз.

Урганч тумани Ғалаба маҳалласидаги Амударё кўчасида 200дан ортиқ хонадонда 1500дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллани вилоят маркази Урганч шаҳридан 3 километр масофа, Наврўз шаҳарчасидан эса атиги битта заҳкаш ажратиб туради. Маҳаллий такси ҳайдовчилари орасида у «ҳаёт йўқ маҳалла», яъни «дунёдан узилган маҳалла» номи билан машҳур. Йўллари расволиги туфайли «дунёдан узилиб қолиши», электр энергияси таъминотидаги муаммолар, аҳолининг оддий маиший қулайликлардан маҳрум экани шундай номга сабаб бўлган.

Амударё маҳалласида йўл йўқ деса ҳам бўлади. Агар тупроқ тортилган, ёзда чанг-тўзон бўлиб ётадиган, қишда ботқоққа айланадиган сўқмоқларни йўл деб ҳисоблаш мумкин бўлса, бор. Маҳалла йўллари айнан шундай.

Танқидий мақола эълон қилинганидан 5 ой ўтган бўлса-да, маҳалла йўлларида деярли ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Фақат грейдер билан баъзи ўнқир-чўнқир жойлар текисланган, холос.

Автомобиль йўллари қўмитаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Музаффар Қаландаров билан июнь ойида учрашиб, муаммо юзасидан изоҳ олганимизда, Амударё кўчаси йўлларини таъмирлаш учун Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан пул ажратилгани ва 10 июлга қадар барча ишлар бажарилишини ваъда берган эди. Афсуски, айтилган муддатдан мана бир неча кун ўтиб кетган бўлса-да, бу ишда бирор қадам олдинга силжиш кузатилмади.

Маҳаллада кўчаларида электр энергияси симёғочлари йўқ. Аҳолининг ўзи қўлбола симёғочлар ясаб, бир амаллаб ўрнатиб олишган. Агар қаттиқ шамол бўлса, симёғочлар синиб, симлар узилиб, одамларнинг, кўчада юрган болаларнинг устига тушмаслигига, бирор фалокат юз бермаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Маҳалла аҳолиси шундай хавфли шароитда яшаяпти. Бундан ташқари, маҳаллада ўрнатилган трансформатор жуда эскилиги туфайли, ёмғир ёки қор ёғса, ичига сув кириб, 2-3 кунлаб электр энергиясидан узилиб қолади.

Урганч тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари Шерзод Оллазаровдан бу ҳолат бўйича изоҳ олдик. У бизга маҳаллага янги трансформатор ўрнатилгани, 5 дона таянч симёғоч, 10 дона оддий симёғоч олиб келингани ва 10 июлга қадар уларни ўрнатиш, тармоққа улаш ишлари якунланиши ҳақида ваъда берган эди. Бу санадан мана бир неча кун ўтиб кетди, аммо ваъда бажарилмади.

Маҳаллага борганимизда ҳақиқатдан ҳам янги трансформатор ўрнатилганини кўрдик. Аммо у электр тармоғига уланмаган, симёғочлар эса умуман ўрнатилмаган. Электр энергияси таъминотидаги узилишлар эса ҳамон аҳолини қийнаб келмоқда.

Танқидий мақолада чиқинди йиғиладиган жой йўқлиги, одамлар дуч келган жойга чиқинди ташлашга мажбур бўлаётгани ҳақида айтилган эди. Қайд этиш жоизки, ҳозирги кунда маиший чиқиндиларни мунтазам олиб кетиш ишлари йўлга қўйилган. Шунингдек, ичимлик суви тармоғининг авария бўлган 2та жойи тузатилган, қўлбола усулда уланган қувурлар бирлаштирилиб, ҳимоя қобиғи билан ўралганига гувоҳ бўлдик.

Аввалги танқидий мақоламизда «Ҳаёт йўқ маҳалла» деган ибора бу ерга нисбатан бежиз ишлатилмаслиги, аҳолининг муаммолари ҳал қилинмай, йиллар давомида ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, қуруқ ваъдалар берилганини қайд этган эдик.

Биздаги маълумотларга қараганда, Хоразм вилояти ҳокимлиги аҳолининг мурожаати асосида йўлларни таъмирлашга ҳар ойда 5 миллиард сўм маблағ ажратмоқда. Электр тармоқлари корхонасини эса ночор, молиявий тарафдан қийналиб қолган ташкилот дея олмаймиз. Бироқ, орадан 5 ой муддат ўтган бўлса-да, Амударё кўчаси аҳолисининг асосий муаммолари нега ечилмагани тушунарсиз. Тўғри, ҳар қандай ишни бошлашдан олдин уни лойиҳалаш, режалаштириш, ҳужжатлаштириш керак, тегишли жойлардан рухсатнома олиш зарур. Наҳотки бу ишларга 5 ой муддат етарли бўлмаса? Ёки мутасадди ташкилотлар қийналиб қолган одамларни «бугун ёки эртага муаммо ҳал бўлади» деб алдаб, уларнинг «қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб» юришга ўрганиб қолишдими? Афсуски, Урганч тумани ҳокимлиги ҳам Амударё кўчасидаги вазиятни назоратига олмасдан, ўз ҳолига ташлаб қўйган.

10 июль куни мутасадди ташкилот раҳбарлари билан Амударё кўчасига бориб, таъмирланган йўллар, ўрнатилган симёғочлар ва бошқа бажарилган ишларни кўриб, чиройли мақола қилиб чиқаришни режалаштирган, бу борада улардан ваъда олган эдик. Энди билсак нафақат аҳоли, балки биз ҳам «чучварани хом санаган» эканмиз.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top