21:53 / 06.04.2020
186009

Тошкент вилоятининг 4 туманида вирусдан зарарланиш ҳолатлари аниқланган. Бу ҳудудлар аҳолисидан карантинга қатъий амал қилиш сўралди

Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота, Ўрта Чирчиқ ва Тошкент туманларида коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ жами 18та ҳолат қайд этилган.

Коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича Тошкент вилояти штаби вилоят ҳудудидаги вазият бўйича маълумот берди. 

«6 апрель куни соат 19:00 ҳолатига Тошкент вилоятида коронавирус инфекциясига чалинган 18 нафар бемор бор. Улар айни пайтда Тошкент шаҳрида жойлашган Республика вирусология илмий текшириш институти ва Республика эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникаларида муолажа олишмоқда.

Шунингдек, бу беморлар билан бирламчи контактга киришган 400дан ортиқ фуқаро Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси, Қибрай туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси ва Зангиота туманидаи юқумли касалликлар шифохонасида, шунингдек, айримлари уй шароитида карантинга олинган.

Карантинга олинган фуқароларга малакали врач ва ҳамширалар бириктирилган. Шифохоналар ва хонадонлар миллий гвардия ҳамда ички ишлар органи ходимлари томонидан 24 соат қўриқланмоқда. Уй шароитида карантинга олинган фуқароларга зарур озиқ-овқат ва бошқа тиббий-гигиеник воситалар мунтазам етказиб берилмоқда», дейилади Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан келтирилган хабарда.

Вилоят ҳокимлиги коронавирус ташхиси қўйилган беморларнинг яшаш жойлари бўйича маълумотларни ҳам келтириб ўтган.

Маълум бўлишича, вилоятнинг тўрт туманида - Қибрай, Зангиота, Ўрта Чирчиқ ва Тошкент туманларида коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари қайд этилган:

Ўрта Чирчиқ тумани, Пахтаобод қишлоғи
Ўрта Чирчиқ тумани, «Равотак» МФЙ
Ўрта Чирчиқ тумани, «Ўрта овул» МФЙ
Ўрта Чирчиқ тумани, «Ғузор» МФЙ
Зангиота тумани, «Тараққиёт» МФЙ
Зангиота тумани, «Туркистон» МФЙ, (2 нафар)
Қибрай тумани, Дўрмон кўчаси
Қибрай тумани, Ҳикмат кўчаси
Қибрай тумани, «Юқори юз» МФЙ
Қибрай тумани, «Зафаробод» МФЙ
Қибрай тумани Солар ГЭС, Зиёкорлар кўчаси
Тошкент тумани, «Сабзавот» МФЙ
Тошкент тумани, «Ғишткўприк» МФЙ
Тошкент тумани, «Зарбдор» МФЙ (2 нафар)
Тошкент тумани, «Кўксарой» МФЙ (2 нафар)

«Мазкур ҳудудлар ва унга ёндош жойларда яшовчи фуқаролардан карантин қоидаларига қатъий амал қилишларини, кўчага чиқмасликни, шунингдек, касаллик белгилари сезилса, иситма кўтарилса, зудлик билан шифокорларга мурожаат қилишларини сўраймиз.

Ўзингиз билмаган ҳолда вирус ташувчисига айланиб қолишдан сақланинг! Ўзаро мулоқотга киришганда ижтимоий масофа сақланг!», дейилади Коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича Тошкент вилояти штаби хабарида.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top