22:20 / 09.07.2018
94424

Каттақўрғон шаҳар ИИБдаги зўравонлик: ўша куни бўлимда яна бир аёл калтакланган

Kun.uz мухбири Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлимининг тезкор вакили Санъат Умаров томонидан таҳқирланиб, қип-яланғоч қилиб ечинтирилган ва съёмка қилинган Н.Т. хонадонида бўлиб, у билан суҳбатлашди.

Н.Т. бўлган воқеаларни шундай ҳикоя қилиб берди:

— Эрим вафот этган, ҳеч қаерда ишламайман. Икки нафар ёш болам бор. Уларни боқиш учун турли ишлар билан шуғулланиб юраман. Тан оламан, ялангоёқ қолган болам учун калиш ўғирлаб бир марта қўлга тушганман. Бу ишдан ўшандаёқ тавба қилганман.

Ўша (3 июнь) куни Каттақўрғон шаҳридаги деҳқон бозорига бозор-ўчар қилиш учун борган эдим. Бозорлик қилишга улгурмасимдан милиционерлар мени нимадандир гумон қилиб ушлашди. Кейин шаҳар ички ишлар бўлимига олиб боришди. У ерда ана шу ҳаммага маълум бўлиб улгурган воқеалар рўй берди.

— Сизни яланғоч қилиб кўчага чиқарган, деган миш-мишлар бор?

— Йўқ, шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосарининг қабулхонасида ечинтиришди. Ўша бинодаги ҳамма милиционерлар кўрди. Шаҳар ИИБ ўринбосари ҳам келиб томоша қилиб кетди. Бироқ ҳеч ким ҳеч нарса демади. Навбатчилик қисми олдигача қип-яланғоч қилиб чиқаришди, лекин бинодан кўчага чиқаришгани йўқ.

— Бу воқеа видео тарқалиб кетгач, бутун дунёга 5 июль куни ошкор бўлди. Сиз дабдурустдан билиб қолдингизми ёки унгача С.Умаров устидан арз қилган эдингизми бирор жойга?

— Мени ички ишлар бўлимида шу ҳолга солишганидан сўнг уйга жуда ёмон кайфиятда келдим. Анча вақт ўзимга кела олмадим. Бир томондан қандайдир йўл билан арз қилиш истаги устун бўлса, иккинчи томондан — барибир, аёлмиз, эл-юрт олдида шарманда бўлишдан қўрқиб турдим. Кимга дардимни айтишни билмасдим, орқамда туриб берадиган бирор инсоним бўлмаса. Хуллас, бу воқеани ҳеч кимга айтмасдан юрдим.

Орадан 15 кунча вақт ўтгач, маҳаллага прокуратурадан вакил келиб чақиртирди. Ҳайрон бўлдим, нега мени прокуратура вакили чақиртиряпти экан, деб. Уларнинг қўлида ўша видео бор экан. «Сизни шу қадар хўрлабди, нега С.Умаров устидан шикоят қилмадингиз, деб сўрашди. Бу одам жазосини олиши керак. Энди сиз бизга ўша куни нималар рўй берганини ёзиб берасиз», дейишди.

Мен «Ёзиб бермайман, Худога солдим, Ўзи жазосини беради. Лекин мен жиноят қилмаган эдим. Лекин аввал бир адашиб жиноят қилган одамни ҳеч кими йўқ деб, қўрқитиб уриб, шу аҳволга солиши шартмиди», деб прокурорга айтдим. «Йўқ, ёзиб бермасдан иложингиз йўқ. Бу видеотасвир Самарқандгача борган. Ҳали сизни Самарқанд вилоят прокуратураси ҳам чақиртиради», дейишди. Шундай дейишганидан сўнг, бўлган воқеаларни ёзиб бердим. Бўлди.

Сўнг 5 июль, пайшанба куни тонгги соат 4:30 ларда эшик тақиллаб қолди. Чиқиб қарасам — икки мошина тўла 10 тача милиция ва прокуратура органлари ходимлари келишган экан.

Мени Каттақўрғон шаҳар ИИБга олиб боришди. Самарқанддан келган терговчиларми, тезкор вакилларми мендан яна нима воқеалар бўлгани тўғрисида кўрсатмаларимни ёзиб олишди.

«Сизнинг ўша ҳолатингиз Интернетга чиқиб кетганини биласизми?», деб сўрашди.

Менинг юрагим бошқача бўлиб кетди. Албатта, бу мен учун кутилмаган нохуш янгилик эди. Видеоматериал интернетда тарқалиб кетганидан ўша пайшанба куни ички ишлар бўлимида воқиф бўлдим.

Кейин мени Самарқанд шаҳрига олиб боришди. У ерда Санъат Умаров билан юзлаштириб, савол-жавоб қилишди.

Н.Т.нинг манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокат Азамат Ашурбоевнинг билдиришича, видеода ўша куни иккинчи аёл ҳам бўлган. Уни ҳам ахтариб топиш устида ҳаракат олиб борилмоқда.

Видеоматериалда Санъат Умаровдан ташқари яна бир ички ишлар органи ходими ўша ерда мавжуд бўлган аёлга «сен ҳам ҳозир мана шундай ечинасан», дея пўписа қилганини эшитиш мумкин.

Н.Т. у аёлни танимаслигини билдирди. Н.Т.дан бу борада сўраганимизда у иккинчи аёл билан боғлиқ воқеани қисқача шундай тасвирлаб берди:

— Йўқ, у аёлни ечинтиришмади. Уни калтаклашди, роса кўп калтаклашди…

KUN.UZ суриштирган маълумотларга кўра, Ф. исмли аёл ўша куни Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмаси биносида маст ҳолда можаро кўтариб, дераза ойналарини синдирган. Унинг бу қилмиши етказилган зарарни қоплатиш ва жарима тўлатиш ўрнига, ички ишлар органлари ходимларининг калтакларига мубтало бўлган.

Ўйлаймизки, Республика ва Самарқанд вилояти тергов-суриштирув органлари ИИБдаги иккинчи аёл ким бўлгани, нега у калтаклангани, уни ким калтаклагани, С.Умаровдан бошқа ўша куни ички ишлар бўлимида, навбатчилик бўлимида кимлар бўлгани, Каттақўрғон шаҳар прокурори нега бундай ҳолатларга панжа орасидан қараб келгани, ушбу шахсларга нисбатан қандай жазолар қўлланилиши ҳақида очиқ ахборотларни тақдим этишади. Айбдорлар қонунчиликда белгиланган жазоларини олишади. Ундай шахслар ҳуқуқ-тартибот органларига бошқа яқин йўлатилмайди, деган умиддамиз.

Н.Т. «Ўзбекистонимизда бу қадар яхши одамлар кўп эканлигини билмаган эдим. Менга далда берган, маънавий ва моддий ёрдам кўрсатаётган барча-барчага ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман», деди.

Эслатиб ўтамиз, Бош вазир ўринбосари, республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ўз қўл остидаги ходимлар билан биргаликда Н.Т.нинг оиласига шахсан келиб, ундан хабар олди. Н.Т.нинг хонадонида Т.Норбоева ички ишлар тизимида хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш борасида ўзаро ҳамкорлик ва ислоҳотлар бошлаш кераклиги ҳақида ҳам таъкидлаб ўтди.

Шуҳрат Шокиржонов

Top