17:20 / 31.07.2019
43615

Турли мамлакатлардаги 12та тақиқ. Улар бир қарашда бемаъни кўринади

Ҳар бир давлат ўз қоидалари ва уларга амал қилинмаганда қўлланадиган жазо турларига эга.

Баъзида тартиб қилинган чекловлар ўзининг қатъий ва беўхшовлиги билан савол уйғотади. Аммо, муаммо моҳияти чуқур ўрганиб кўрилса, ушбу кескин чораларни оқловчи сабабларни ҳам учратишимиз мумкин.

1. Болаларнинг гўзаллик танловлари (Франция)

Францияда 16 ёшдан кичик болалар учун гўзаллик танловларини ташкиллаштиришни ман қилувчи қонун қабул қилинган. Эндиликда ҳеч қайси қизалоқ «Мини-мисс Франция» тожини қўлга кирита олмайди. Тақиқланган тадбирни ташкиллаштирганлик учун 2 йилгача озодликни чеклаш ва 30 минг еврогача бўлган жарима солиш кўзда тутилган.

«Келинглар, қизалоқларимизни кичик ёшларидан уларнинг ягона бебаҳо бойликлари фақатгина ташқи гўзалликлари эканлигига ишониб қолишларидан асраймиз», — деб таъкидлашган қонун ташаббускорлари.

2. Думалоқ аквариумлар (Италия)

Италиядаги Монца шаҳарчаси маъмурияти балиқлар учун мўлжалланган думалоқ аквариумларни тақиқлашди, худди шунга ўхшаш қонун кейинчалик Римда ҳам қабул қилинди. Гап шундаки, бу каби аквариумлар жуда зарарлидир: уларда фильтр учун жой йўқ ва кислород билан яхши таъминлаб беролмайди.

3. Чақмачақарлар (Филиппин ороллари)

Биналонан шаҳрида (Филиппин ороллари) миш-миш тарқатишни ман этувчи қонун ишлаб чиқилган. Шаҳар раҳбарияти фикрига кўра, ғийбатчилик ҳар хил можароларга сабаб бўлади, ёмон гап айтиш учун кетган вақтни эса яхши ишларга сарфлаш ҳам мумкин. Қоидани бузганлик учун 200 песодан (3,5 евро) бошланувчи жарима ва жамоат ишларига жалб этиш чораси қўлланади.

Эндиликда маҳаллий аҳоли ўз қўшнилари билан ғийбатлашишдан олдин ҳамёнлари бўшаб қолишини ва шаҳар кўчаларидаги тозаланувчи ерларни кўз олдиларига келтириб кўришади. 

4. Кучукларни сайрга кунига 3 мартадан кам олиб чиқиш (Италия)

Туринда (Италия) кучук эгалари ўз овунчоқларини кунига камига 3 марта айлантиргани олиб чиқишга мажбур, акс ҳолда 500 евро жарима тўлашларига тўғри келади. Кучукларни сайрга олиб чиқиб пул топувчилар учун яхши янгилик. Кучукларнинг ўзи учун ҳам. Италия ҳукумати ҳайвонлар учун янада яхши ва инсоний ҳаётни тақдим этишдаги саъй-ҳаракатлари учун РЕТА ташкилоти томонидан мақтовларга сазовор бўлди.

5. Винни Пух (Польша)

Болалар майдончаси учун рамз танлаш чоғида Тушин (Польша) ҳокимияти Винни Пух вариантини мутлақо рад этди. Амалдорлар ушбу ярим яланғоч айиқ ўтиш ёшидаги болалар онгига салбий таъсир кўрсатади деган фикрга келишган. Айиқчанинг сурати номуносиб деб топилгани сабабли барча болалар муассасалари ва дам олиш масканларидан олиб ташланган.

6. Маҳаллий аҳоли вакилларининг казинога бориши (Монако)

Монако бой одамлар эътиборини жалб қилувчи марказга айланишининг сабабларидан бири бу унинг юқори даражадаги муҳташам казиноларидир. Қимор биноларининг эшиклари дунёнинг барча мамлакатларидан келувчи меҳмонлар учун доимо очиқ, аммо князлик ўз фуқароларига буни тақиқлайди. Сабаби оддий: Монако ҳукумати маҳаллий аҳолининг қимор ўйинларида ютқазиб, пулсизликдан азият чекишидан қўрқади. 

7. Болаларга шапалоқ уриш (Швеция)

Швеция ўз ҳудудида болалар билан боғлиқ ҳар қандай жисмоний жазони тақиқлаган энг биринчи мамлакат бўлди. Қонун қабул қилинганидан бошлаб (1979 йил) бир неча авлод етишиб чиқишга улгурди. Шу каби нормалар кейинчалик Финляндия, Норвегия, Австрия ва бошқа давлатларда ҳам қабул қилинган. Бу аввалига ноодатий туюлса-да, вақт ўтиб тўғри ва ижобий эканлиги тан олинган қонунларнинг яққол мисолидир.

8. Мемларни кўчириш ёки тарқатиш (Австралия)

Австралияда мем ва кулгили видеоларни тарқатиш мумкин эмас. Агар сиз Youtube-роликни ўз обуначиларингиз билан баҳам кўрсангиз, 93,5 минг доллар миқдоридаги жарима ёки 5 йил қамоқ билан жазоланишингиз мумкин. Бу ерда интернет фойдаланувчиларини хавфга қўювчи муаллифлик ҳуқуқига оид жуда қатъий қонун амал қилади. Айни вақтда амалдаги қонунни бекор қилиш ёки чекловни енгиллаштириш борасида уринишлар кетяпти, аммо ҳозирча уларнинг бари бесамар бўлиб қолмоқда.

9. Тун ярмидан кейин видео-ўйинлар ўйнаш (Жанубий Корея)

Жанубий Кореяда видео ўйинлар бозори ўсиб бораётгани болалар ўйинлари билан боғлиқ жиддий муаммоларни келтириб чиқарди. Ушбу қарамликнинг олдини олиш учун ҳукумат «Золушка қонуни» деб номланган тақиқни жорий қилди. Энди 16 ёшгача бўлган болаларнинг соат 00:00 ва 06:00 вақти оралиғида видеоўйинлар билан банд бўлиши тақиқланади. Қонунга амал қилмаган ўйин компанияларини 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги жарима ва масъул ходимнинг 2 йиллик қамоқ жазосига тортилиши чораси кутади.

10. Кўча овқатлари ва селфи таёқчаси (Италия)

Раҳбарият Милан марказида кўча таомларини сотишни тақиқлади, шунингдек селфи таёқчаси ва шиша сув идишлари қонунга зид деб эълон қилинди. Чекловлар кўчаларда жамоат тартибини сақлаш учун жорий этилган. Полиция ходими ўзини «номуносиб тутган» сайёҳни 900 евро жаримага тортиши ва маълум ҳудудни тарк этишни 48 соат давомида чекловчи жазони қўллаши мумкин. 

11. Ясмин гули (Хитой)

2010 йил Тунисда бўлиб ўтган «ясмин инқилоби» Хитой намойишчиларини илҳомлантиришидан хавфсираган коммунистик давлат ҳукумати ушбу нафис оқ гулни ўз ҳудудида тақиқлади. Ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда ясминни ифодаловчи иероглифлардан фойдаланиш мумкин эмас, интернетдан ясмин гули ҳақидаги қўшиқлар ўчириб юборилган, дўконларда бу гул савдоси билан шуғулланиш тақиқланади.

12. Дарахтга чиқиш (Канада)

Торонтонинг (Канада) муниципиал кодексига мувофиқ, паркларда дарахтларга тирмашиб чиқиш мумкин эмас. Ушбу қоида болалар ва катталарга бирдек тааллуқлидир. Уни бузиш яхшигина жаримага сабаб бўлади ( 2013 йилда ёш йигит бу учун 365 АҚШ доллари тўлашга мажбур бўлган). Тақиқ инсон саломатлиги хавфсизлиги ва дарахтларни асрашга интилиш билан боғлиқ бўлса ҳам, аксарият одамлар наздида керагидан ортиқ қатъийдир.

Top