21:27 / 23.03.2020
44141

Интернет ва телефон алоқаси учун тўловлар кечикса узиб қўйилмайди

Ўзбекистонда 24 мартдан бошлаб фуқаролар томонидан Интернет ва телефон алоқаси учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун 2 ой давомида ўчирилишига йўл қўйилмайди. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган.

Ўзбекистон ҳудудида 2020 йил 24 март соат 00:01дан бошлаб коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилади.

Унга кўра, давлат идоралари ва ташкилотларида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакилларини қабул қилиш ҳамда уларга давлат ва бошқа хизматларни кўрсатиш имкон қадар «онлайн» режимига ўтказилади.

Фуқаролар томонидан Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва телефон алоқаси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли икки ой давомида ўчирилишига йўл қўйилмайди.

Қарорда идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (“онлайн” режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш чоралари кўрилиши ҳам белгиланган.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top