12:51 / 02.05.2015
3311

Тошкентда корпоратив бошқарув тизимининг долзарб масалалари муҳокама этилди

Фабрика ФорматовDSC_12431 Kun.uz: 2015 йил 1 май куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан “Ўзбекистонда корпоратив бошқарув тизимини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва долзарб масалалари” мавзусида амалий мулоқот ташкил этилди. Бир қатор манфаатдор ташкилот ва идоралар вакиллари иштирок этган тадбирда Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган устувор вазифаларга эътибор қаратилди. Мазкур фармон тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан ошириш ва сифат жиҳатдан янги даражага кўтариш, корпоратив бошқарув услубларини кенг жорий этиш каби масалаларни замон талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳал этиш орқали пировардида иқтисодиёт рақобатдошлигини оширишга йўналтирилган муҳим тарихий аҳамиятга эга ҳужжат сифатида эътироф этилди. Юртимизда ўтган йиллар давомида бозор иқтисодиёти соҳасидаги ўзгаришларнинг ишончли қонунчилик базасини шакллантириш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Президентимиз фармонининг мазмун-моҳиятидан кўриниб турибдики, буларнинг барчасини эътироф этган ҳолда, мавжуд қонунларнинг кўпчилигини уларни қўллаш амалиёти ва мамлакатимизда бозор муносабатлари ривожланишининг ҳозирги даврдаги реал ҳолатига кўра жиддий қайта кўриб чиқилган. Мисол учун, акциядорлик компаниялари принципи бўйича ташкил этилган ишлаб чиқариш объектлари ўз мақомига қай даражада мос фаолият юритиши, ўз ҳуқуқларидан қандай фойдаланиши, акциядорлик компаниялари талаб даражасида ишлаши учун яна қандай механизмларни ҳаракатга келтириш зарур, деган саволларга атрофлича жавоб берилган. Тадбир иштирокчилари бугунги кунда акциядорлик жамиятларининг фаолияти ўнлаб қонун ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинишига қарамасдан ҳали-хануз акциядорлик жамиятларининг кузатув кенгашлари, умумий йиғилишлари, тафтиш комиссиялари ўзлари бошқараётган акциядорлик жамиятларини яқин ва истиқболда шу жамиятнинг барча акциядорлари, айниқса, миноритар, яъни қўлида акцияси кам бўлганларнинг манфаатларини тўла-тўкис кафолатлай ололмаётгани, бу эса бўлажак инвесторларнинг акциядорлик компаниялари фаолияти тўғрисида ахборот олишига тўсқинлик қилиб келаётганини алоҳида эътироф этишди. Президентимиз мамлакатни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида ҳам мазкур масалага яна бир бор тўхталиб, корпоратив бошқарув тизимидаги принцип ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш, ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий ва инвестиция жараёнларига замонавий халқаро корпоратив менежмент стандартларини жорий этишга жиддий эътибор қаратилгани таъкидланди. Фармонда устувор йўналишлардан бири – чет эл капитали иштирок этган акциядорлик жамиятларини ташкил қилиш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этишда алоҳида эътибор қаратилган. Унда қатнашаётган капитал эгаси – инвестор ўз маблағининг ҳимояланганлигини таъминлашга ва ўзининг манфаатлари учун ишлатишни истагани сайин, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг рақобатбардош, нафақат ички, балки ташқи бозорда харидоргир бўлиши ва сотилишини хоҳлайди. Таъкидлаш жоизки, мамлакат иқтисодиётини модернизация ва диверсификация қилиш, жаҳон бозорларида унинг рақобатдошлигини оширишнинг зарур шарти сифатида юрт иқтисодиётига шу йўл билан инвестицияларнинг жалб қилиниши, бу орқали реал иқтисодиёт соҳасида, биринчи навбатда, саноатнинг етакчи тармоқларида хусусий мулкнинг муносиб ўрин эгаллашига мустаҳкам замин яратибгина қолмай, янги инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш, саноатнинг юқори технологияларга асосланган ва қайта ишлайдиган тармоқларига жалб этишни рағбатлантириш, хорижий инвестициялар иштирокидаги компанияларнинг ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятини енгиллаштиришда жуда қўл келади. Бугунги кунда мамлакатимизда 1100 атрофида акциядорлик жамияти фаолият юритаётганлиги ва уларнинг Инвестицион дастурни амалга оширишдаги улушини ҳисобга олганда, фармондаги вазифаларнинг иқтисодиётни диверсификациялаш ва модернизациялашда нақадар катта аҳамиятга эга эканлигини кўриш мумкин. Хусусан, акциядорлик жамиятлари 2015 йилда 4,8 млрд. доллар миқдоридаги 53 та лойиҳани амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшмоқдалар. Шунингдек, бу фармон бўлажак инвесторлар учун акцияларнинг очиқлиги ва жозибадорлигини таъминлаш, корхоналарни стратегик бошқаришда акциядорлар ролини кучайтириш бўйича яратилаётган шароитлар янги корпоратив бошқарув дастаклари орқали акциядорлик жамиятларининг инвестициявий ва моддий-техник, шунингдек, молиявий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини янада оширади. Кенг кўламли ислоҳотлар туфайли яхшиланадиган инвестицион муҳит нафақат марказ ёки саноат ҳудудлари, балки республикамизнинг барча минтақаларида инвестицион жозибадорликни ошириш бўйича бошланган хайрли ишларга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини фаол жалб этишда ҳам кенг имкониятлар эшигини очади. Шунингдек, ялпи ички маҳсулот таркибида саноатнинг иштироки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улушини оширишга хизмат қилади. O‘zLiDeP Матбуот хизмати билдиришича, тадбир давомида иштирокчилар томонидан Фармонга асосан, амалдаги бир қатор қонунларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш, айниқса “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунни яна бир бор танқидий назар билан инвентаризация қилиш зарурати, давлат мулкини бошқариш соҳасидаги, инвестицион фаолиятнинг турли кўринишларини, жумладан жамоавий инвестициялаш тартиб-таомилларини белгилаб берувчи янги қонунларни қабул қилиш, cоҳадаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан депутатлик, парламент назоратини янада кучайтириш масаласида қатор амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди. xab-1
Top