09:49 / 06.05.2015
18716

Ўзбек халқининг келиб чиқиши тарихига бағишланган китоб нашрдан чиқди

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фонди Аҳмадали Асқаровнинг “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида 670 бет ҳажмда нашр этилган “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” деб номланган китоби билан бойитилди. Бу ҳақда кутубхона матбуот хизмати хабар бермоқда.

Китоб академик А.П.Қаюмов, тарих фанлари доктори, профессор Б.А.Абдуҳалимов, тарих фанлари доктори, профессор М.М.Исхаков, тарих фанлари доктори, профессор А.Х.Хўжаев, тарих фанлари доктори, профессор А.А.Аширов, тарих фанлари доктори, профессор А.А.Маврулов ва тарих фанлари номзоди Ш.Р.Пидаевлар томонидан таҳрир қилинган.

Китобда ўзбек халқининг келиб чиқиши, этногенез тарихи, унинг уруғ-қабила ҳолатидан элат-халқ бўлиб шаклланиб бориш жараёни ва шаклланган халқ сифатида миллат даражасига этиш босқичлари бой моддий маданият ва ёзма манбаларнинг илмий таҳлили асосида баён этилган.

Монографияда ўзбек халқи ҳозирда яшаб келаётган ҳудуд билан қадим замонлардан бевосита боғлиқ туб ерлик халқ эканлиги, унинг этник таркибини асосан ерли суғдий, хоразмий, боҳтарий, сак, прототурк ва туркий аждодларимиз ташкил этганини ва узоқ асрлар давомида уларнинг бир-бирлари билан аралашиб яшаши натижасида янги миллат – ўзбекларнинг пайдо бўлишини илмий холислик ва объектив тарихий тизимлилик асосида батафсил маълумот берилган.

Монография аввалида муаллиф ишининг моҳиятини, мақсад ва вазифаларини илмий асослаб беради. Шунингдек, А.Асқаров бу ерда мазкур ишнинг долзарблигини исботлайди ва ўзбек халқининг пайдо бўлиши тўғрисида ҳикоя қилувчи илмий адабиётларни таҳлил қилади.

Китобнинг алоҳида боблари бронза ва темир даврида қоятошлар битикларида Ўрта Осиё аҳолиси, шу ерда яшаган халқларига тегишли осори атиқалари, маданий топилмалар, чорвадор қабилалари маданияти ёдгорликлари, ижтимоий-иқтисодий ва этномаданий ривожланиш, этносиёсий ривожланиш, Темурийлар даврида этник жараёнлар ва ўзбек тилининг шаклланиши тақдиқотига бағишланган.

Муаллиф “ўзбек миллий менталитети” тушунчасини таърифлайди ва унинг ўзига хосликларини тадқиқ этади.

Китобда қисқартмалар, атамалар ва топонимларнинг илмий исботланган изоҳлари билан, бобларга ажратилган ҳолда берилиши алоҳида эътиборга лойиқ.

Мазкур китоб илмий тадқиқот институтлари илмий ходимлари, этнография, тилшунослик, Ўзбекистон тарихини ўрганаётган талабалар ва профессор-ўқитувчилар, шунингдек, Ўзбекистон этноси тарихига қизиқувчилар учун мўлжалланган.

Top