08:03 / 18.05.2015
3247

Дмитрий Шокин Челябинск шаҳрида таэквондо бўйича жаҳон чемпионатида олтин медал олди

17 май куни Россиянинг Челябинск шаҳрида Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган таэквондонинг WTF йўналиши бўйича катталар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионати баҳслари доирасида яна икки нафар ўзбекистонлик спортчи совриндорлар сафидан жой олди.

Ушбу жаҳон чемпионатида дунёнинг 141 давлатидан келган энг кучли даян усталари ғолиблик ва шу билан бирга Рио-2016 Олимпия ўйинларининг муҳим рейтинг очколари учун баҳс олиб боришяпти.

Ўзбекистон таэквондо WTF тарихида илк олтин медаль қўлга киритилди. +87 кг вазн тоифасида даянга чиққан Дмитрий Шокин барча рақибларини енгиб, жаҳон чемпионига айланди. У ҳал қилувчи финал беллашувида Лондон-2012 Олимпиадаси чемпиони бўлган габонлик спортчини мағлубиятга учратди. Асосий вақтда 10:10 ҳисоби қайд этилди. Қўшимча вақтда Шокин аниқ зарба билан рақибини мағлуб этди.

Эслатиб ўтамиз, Шокин финалга қадар аввалига ямайкалик Жейсон Грантни 31:1, кейин италиялик Леонардо Басилени (8:2) , чорак финалда германиялик Волкер Водзихни (11:2), ярим финалда кубалик таэквондочини доғда қолдирганди.

-87 кг вазн тоифасида юртимиз спорт шарафини ҳимоя қилган Жасур Бойқўзиев эса финал жангида озарбайжонлик азалий рақибига кичик фарқ билан имкониятни бой бериб, кумуш медал билан тақдирланди.

Ўз вазн тоифасида дунёнинг биринчи рақамли таэквондочиси бўлиб турган Бойқўзиев финалга қадар сербиялик Милош Голубовични (8:2), италиялик Карло Молфеттани (9:5), чорак финалда мексикалик Мисаэль Лопесни (3:2) ҳисобида мағлуб этганди. У ярим финал беллашувида россиялик Владислав Ларинни ҳам енгди.

Айни вақтдаЎзбекистон терма жамоаси ҳисобидаги медаллар сони 3тага етди. Ўзбекистонликлар орасидан биринчи бўлиб баҳсларга киришган Никита Рафалович -74 кг вазн тоифасида финалга қадар етиб бориб, кумуш медал билан тақдирланган эди. 18 май куни ўтказиладиган мусобақанинг сўнгги кунида Максим Рафалович ўз имкониятини синовдан ўтказади.

Top