06:54 / 22.05.2015
2291

Собиқ футболчи Пол Гаскойн Mirror нашридан 188 минг фунт стерлинг товон пули ундирди

Англия терма жамоасининг собиқ футболчиси Пол Гаскойн судда Mirror Group Newspapers компаниясидан телефон суҳбатларни ноқонуний тинглаш иши бўйича 188 минг фунт стерлинг товон пули ундириб олди. Бу ҳақда BBC News телеканали хабар бермоқда.

Тергов версиясига кўра, Mirror Group журналистлари Гаскойн ва бошқа бир қатор машҳур шахсларнинг овозли почталарини 10 йилдан кўпроқ вақт давомида ноқонуний равишда тинглаб келишган. Олинган маълумотлар кейинчалик Mirror, Sunday Mirror ва People нашрлари томонидан мақолаларни тайёрлаш учун фойдаланилган.

Mirror Group жабрдийда машҳурларга умумий ҳисобда 1,2 млн фунт стерлинг атрофида товон пули тўлайдиган бўлди. Жорий йилнинг февраль ойида компания Буюк Британиянинг машҳур фуқароларининг телефонларини тинглагани учун биринчи бор омма олдида узр сўраганди.

Пол Гаскойн баҳсларга сабаб бўлувчи ножўя ҳаракатлари билан ном чиқарган. 2014 йилнинг августда у жин (спиртли ичимлик) истеъмол қилиб заҳарлангандан кейин 5 кун шифохонада ётиб чиққан ҳамда йилига 500 минг фунт стерлингга ижарага олган квартирасидан чиқариб юборилган. Бундан ташқари, собиқ футболчи мотоциклда дўкон пешойнасига келиб урган, бир неча бор маст ҳолатда машина бошқаргани учун қўлга олинган ва гольф-карни бошқариш давомида йўл-транспорт иштирокчисига айланган.

Гаскойн икки маротаба Шотландия чемпиони, бир марта Англия Кубоги ғолиблиги унвонини қўлга киритган. Яримҳимоячи бўлиб ўйнаган футболчи Англия терма жамоаси сафида 57та ўйин ўтказиб, 10та гол муаллифига айланган.

Top