20:21 / 22.05.2015
2730

Туркия ҳукумати катта синф ўқувчилари ва талабаларга 700 мингта бепул планшет беришни бошлади

Туркия президенти Тойиб Ражаб Эрдўған 22 майда 7 июнга белгиланган парламент сайловлари арафасида мамлакатдаги катта синф ўқувчилари ва талабаларга бепул 700 мингта планшет бериш тадбири бошланишини эълон қилди.

“Биз таълим тизимининг ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланиши доирасида 81 та вилоятда талабалар ва катта синф ўқувчиларига 700 мингта планшет улашамиз. Кейинчалик, 2016 йилдан бошлаб биз уларга тўрт йил давомида 10,6 млн дона планшет беришни режалаштирмоқдамиз”, деб айтди Эрдўған Анқарадаги олий таълим муассасалари талабалари ва ўқитувчилари билан бўлган учрашувидаги нутқида.

Туркия президенти ўзининг нутқидан кейин катта синф ўқувчиларига 22 та планшет тақдим қилди.

Аввалроқ Туркия ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб ўқитувчилар ва талабаларга 737 800 дона планшет улашган эди. Жорий кампания асосан мактабларнинг 9-синф ўқувчиларини қамраб олади. Барча планшетлар Туркияда ишлаб чиқарилган ва таълим учун мўлжалланган дастурлар билан жиҳозланган.

Top