12:09 / 24.05.2015
2652

Англия банки Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиши эҳтимоли оқибатларини махфий равишда тадқиқ этмоқда

Англия банки Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши эҳтимоли оқибатларини махфий равишда тадқиқ этмоқда. 

Маълум бўлишича, Англия банки матбуот хизмати тадқиқот режаларига доир Project Bookend деб номланган хатни хатолик сабаб The Guardian газетаси мухбирига йўллаб қўйган.

Нашр шу заҳоти ушбу хатга асосланиб мақола чоп этган. Унда қайд этилишича, Англия банкининг аксарият ходимлари ушбу тадқиқот ҳақида билмасликлари лозим эди.

Бундан ташқари Банк тадқиқотдан бохабар ходимларга матбуот ва бошқа қизиқувчиларга шунчаки Европа бозори тадқиқоти билан шуғулланилаётганига ҳақида айтиш ва тафсилотларга берилмасликни тавсия қилган.

«Матбуот хизматининг хатоси, катта эҳтимол билан, Англия банки раҳбари Марк Карнига қимматга тушиши мумкин. Аввалроқ у Банк ўз қарорларини қабул қилишда янада очиқ ва шаффоф бўлишга ваъда берганди», – дейилади The Guardian хабарида.

Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан ажралиб чиқиши эҳтимоли ҳақидаги муҳокамалар 2015 йил майида, парламент сайловида консерваторлар ғалаба қозонганидан сўнг янги тўлқин билан жонланди.

Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон ушбу масалани умумхалқ муҳокамасига қўйиш ниятида эканлигини бир неча бор таъкидлаган – бу унинг сайловолди асосий ваъдаларидан бири эди.

Мазкур масала юзасидан Буюк Британиядаги референдум 2017 йилда ўтказилиши кутилмоқда. Қайд этиш жоиз, шу вақтгача Европа Иттифоқига аъзо ҳеч бир мамлакат ундан ажралиб чиқмаган.


Top