18:17 / 04.06.2015
2558

Google қидирув тизими хатолик туфайли Ҳиндистон бош вазирини энг хавфли жиноятчилар рўйхатига киритди

Google қидирув тизими Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди қидирув тизими талқини бўйича Ҳиндистоннинг энг хавфли жиноятчилари ўнталигига тасодифан тушиб қолгандан кейин можаро марказида қолди.

Google фойдаланувчиларининг “Ҳиндистоннинг энг хавфли 10 жиноятчиси” (Top 10 criminals in India) деган сўровига жавобан биринчи бўлиб Ҳиндистон бош вазирининг сурати чиқиб келган. Бу маълумот бир неча кун ичида бутун интернетда шов-шув бўлиб кетди ва Twitter’да Ҳиндистондаги энг оммавий мавзулар рейтингининг энг юқори поғонасини эгаллади.

Бош вазирнинг она юрти Гужарот штати аҳолиси Модининг суратини бу сўровнинг натижалари ичидан зудлик билан олиб ташланишини талаб қилди. Қидирув тизими раҳбарияти “вужудга келган англашилмовчилик” учун узр сўради.

“Қидирув натижалари бизни ҳам ташвишлантирмоқда ва бизнинг фикримизни акс эттирмайди. Биз шундай ҳолатлар келгусида бўлмаслиги учун қидирув механизмларини такомиллаштириш устида ишлашни давом эттирамиз”, деб айтилмоқда Google’нинг расмий баёнотида.

Аниқланишича, Модининг сурати унинг жиноятчиларни тутиш бўйича операциялар ҳақидаги кўп сонли баёнотлари туфайли ушбу рўйхатдан жой олган. Кўпинча ОАВлар бош вазирнинг бундай чиқишларини унинг сурати билан бирга жойлаштирадилар ва бу ҳолат оқибатда маълумотлар базасида хатоликка олиб келган.

Нарендра Моди 2014 йилда Болливуд актрисаси Санни Леонедан кейин Ҳиндистон аҳолиси Google’да энг кўп қидирган одамлар орасида 2-ўринни эгаллаган.

Top