19:45 / 09.06.2015
5565

iOS 9 бета-версиясига киритилган барча янгиликлар

Яқинда iOS дастурий таъминотининг навбатдаги версия кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Синчков мутахассислар унинг бета-версиясини дарҳол текширувдан ўтказиб, тизимга киритилган асосий ўзгаришлар, эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган хатолар ҳақида ўз хулосаларини бердилар. Қуйида сизлар билан шу хулосаларни ўртоқлашамиз.

Умумий ўзгаришлар

Шрифт iOS 9нинг асосий фарқли жиҳатларидан бири бўлди. Илгариги версияда Helvetica Neue шрифти долзарб ҳисобланган бўлса, бу сафар Apple мутахассислари Comic Sans’га ўхшаган янги шрифтга қўл урган кўринади. Умуман олганда, бутун тизимда бу кўзга ташланмайди, аммо матн терганда, серматн иловаларда билинади.

Бундан ташқари, экрандаги бирламчи гулқоғозда денгиз мавжлари акс этган. Бошқа расмлар бета-версияга киритилмаган, улар якуний версияга киритилиши кутилмоқда.

Виртуал клавиатурада Shift тугмаси ўзгарди. Энди юқори регистр ва Caps Lock қайси пайт ёқилганини аниқлаш осонлашди. Предикатив териш, яъни ёзиш пайтида луғатдан сўз вариантларини танлаш имкони энди рус тилли интерфейсда ҳам мавжуд.

Мультитач технологиясига кўра, фойлаланувчи икки бармоғини клавиатурада ушлаб турса, ҳарфлар ўрнига клавиатурада матнни ажратиш қуроли пайдо бўлади.

Find My Friends ва Find My iPhone иловалари iOS 9нинг тизимли дастурларига айлантирилди. Энди уларни App Store онлайн дўконидан сотиб олишга ҳожат қолмади. Бундан ташқари, Find My Friends’ни хабарлар марказига қўшиб, танишларнинг қаерда эканлиги ҳақида маълумот олиб туриш мумкин.

Иловаларга қайтиш тугмаси энди фойдаланувчи бирор-бир дастурни тарк этганда пайдо бўлади. Масалан, агар сиз Tweetbot орқали Safari’га ўтсангиз, бир ҳаракат билан ортга қайта оласиз.

Хабарларни ва айрим иловаларни варақлаш анимацияси ҳам бироз ўзгаришларга учраган. Унга резина эффекти қўшилди – қайси томонга варақланишига қараб саҳифалар чўзилади ёки тораяди.

Интерфейс рендеринги учун барча иловалар API Metal технологиясидан фойдаланади, бу уларнинг ишини тезлаштиради ва қулайлаштиради.

Қидирув

Қидирув сатрининг дизайни бироз ўзгарган – киритиш сатри айлана шакл касб этган, шунингдек, овозли қидирув белгиси киритилган.

Кўпвазифалилик панели

Панель дизайни ҳам ўзгартирилган. Энди иловалар уюм бўлиб жойлашиб, бутун экранни эгаллаб олади.

Proactive менюси

iOS 7 дастурий таъминотидаёқ чиқариб ташланган қўшимча иш столи яна қайтиб келди. Энди биринчи экрандан чапда охирги контактлар рўйхати жойлашади, бу, ўз навбатида, кўпвазифалилик панелидан чиқариб ташланди. Бундан ташқари, фойдаланувчиларда қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган иловалар таклиф қилинган, қидирув сатри бошқатдан жойлаштирилган.

Siri

Apple Siri ишининг ташқи кўриниши ва иш алгоритмини сезиларли даражада ўзгартирди. Унга Proactive функцияси қўшилди. Виртуал ассистентнинг иши энди контекстда ишлай олади, масалан, бирор-нарсани олиш ҳақида хабар олиниши билан Siri’га буни эслатиб қўйишни топширишнинг ўзи кифоя – у албатта эслатиб қўяди. Бундан ташқари, четки иловалар ва расмлар ичида қидирув амалга ошириш мумкин.

Созламалар

Созламалар ичида қидирув амалга ошириш функцияси қўшилди. Қидириш сатри экраннинг юқори қисмида жойлашган.

iOS 9да блокировка коди янада мураккаблаштирилди: энди унда тўрт рақамнинг ўрнига олтита қўлланади. Агар бармоқ излари сканери яхши ишламаса, бу янгилик Touch ID технологиясига эга бўлмаган аппаратлар эгасига маъқул тушмайди.

Шунингдек, хабарларни вақтига кўрагина эмас, уларни юборган иловаларга кўра гуруҳлаштириш имконияти қўшилди. Буни созламаларда ўзгартириш мумкин.

Оддий ва Slo-mo видео олишнинг янги опциялари олиб кирилди. Биринчи ҳолатда 720p ва 30 fps, 1080p ва 30 fps, 1080p ва 60 fps, иккинчи ҳолатда эса 720p ва 120 fps ёки 720p ва 240 fps ечимларидан бирини танлаш мумкин.

Муҳим опциялардан яна бири энергия тежашдир. Apple ҳам, бошқа кўплаб рақобатчилари сингари, смартфонда энергия самарадорлигини ошириш борасида амалий қадамлар ташлади. Бу режим ёқилганида аккумулятор белгиси сариқ тусга киради, тизим янги хатлар ва хабарларнинг автоматик юкланишини, фонда ишлаётган иловалар ва янги дастурлар юкланишини ўчириб қўяди. Бундан ташқари, ҳаракат ва ёруғлик датчиклари ўчирилади, интернетга уланиш тезлигини чеклайди. Таъкидланишича, бу аппарат иш фаолиятини уч соатга узайтиришга ёрдам беради.

iCloud Drive созламаларига булутли сақлаш иловасини уй экранида акс эттириш опцияси қўшилди. Илова ичида сақланаётган барча файлларни очиш, кўриш, кўчириш ва бошқа дастурларда очиш мумкин.

Компания прошивкаларнинг янги версияларини ҳаводан ўрнатиш тизимини ўзгартирди, бунинг натижасида iOS 9 даражасидаги янгиланишни амалга ошириш учун илгаригидек 4.6 ГБ эмас, 1.8 ГБ талаб қилинади. Яъни, энди 16 ГБ хотирага эга планшетлар эгалари янги дастурий таъминот ўрнатиш учун контентни ўчиришлари ва тозалашларига эҳтиёж бўлмайди.

Камера

Вспишка ва HDR ўчириб-ёқиш белгиларининг дизайни бироз ўзгартирилди. Бу янги тизим шрифтининг ўзгариши билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Почта

Почта клиентида хабарларга iCloud Drive’да сақланаётган файлларни қўшиш имконияти пайдо бўлди.

Подкастлар

Подкастлар иловасига янги опция қўшилди. У бир жойда барча подкастларни тўплаш имконини беради. Шунингдек, барча ёзувларни бир бўлимга тўплаш мумкин бўлади.

Фото

Фото иловасида суратларни слайдер ёрдамида кўриш мумкин. Унинг ёрдамида барча файлларни тез-тез варақлаш мумкин бўлади.

Шарҳлар

Шарҳлар иловасида матнни форматлашнинг янги имкониятлари, қўлёзма шарҳлар киритиш, расм ва йўлланмалар қўйиш функциялари пайдо бўлди.

Wallet

Passbook иловасининг ўрнини Wallet босди. Амалда уларнинг фарқи унча катта эмас.

Хариталар

Хариталар иловасига жамоа транспортлари йўналишлари ҳақида ахборотнинг қўшилиши натижасида фойдаланувчиларга кўпроқ қулайликлар туғдиради. Шунинг асосида пиёдалар маршрутларини ҳам белгилаб олиш мумкин бўлади.

Рўйхатга Touch ID’нинг яхшироқ ишлай бошлаганини қўшсак, янги дастурий таъминотнинг бета-версиясида аниқланган асосий ўзгаришлар ҳозирча шулардир. Компания мутасаддилари томонидан якуний версия чиққанда ижобий ўзгаришлар янада кўпроқ топилиши ваъда қилинмоқда.

iOS 9 iPhone 4S, iPad 2, iPad mini, iPod touch 5th gen ва улардан юқорироқ авлод аппаратларида ишлайди. Релиз 2015 йил кузида амалга оширилади.

Top