17:33 / 10.06.2015
3733

Қирғизистонлик тижоратчилар Ўзбекистон фуқаросини ўғирлаб, унинг учун 30 млн сўм талаб қилди

Наманган вилоят ИИБ матбуот хизматининг хабар беришича, 4 июнь куни Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари иштирокида нохуш воқеа содир бўлди. Жалолобод вилоятининг Оқсув туманида истиқомат қилувчи икки шахс “Нанай-1” насос станциясида ишлайдиган Ўзбекистон фуқаросини қўлга олиб, унинг эвазига пул талаб қилди. Таъкидлаш жоизки, станция давлат чегарасидан 350 м ичкарида жойлашган.
Станцияда 1967 йили туғилган Одилжон Давлатов, 1983 йили туғилган Акмал Мансуровга Қирғизистон фуқаролари, тижоратчилар ака-ука Жилдиз ва Нурсаид Саъдибековлар мурожаат қилиб, Янгиқўрғон туманининг Мўғол қишлоғида яшайдиган Санжар Арзиматовдан қарз ундиришда ёрдам сўраган. Айтилишича, у жорий йилнинг июнида ака-укаларга олинган қорамол эвазига 30 млн сўм (12 минг доллар) беришни ваъда қилган.
Аммо воқеа жойига Қирғизистон чегарачилари етиб келган. Ака-укалар Одил Давлатовни машинага ўтқазиб, ўз қишлоқларига қайтиб кетган. Уни уйга олиб келиб ташлаб, тижоратчилар Арзиматов ўз қарзини қайтарганига қадар Давлатов уларнинг қўлида тутқун бўлишини маълум қилишган.
Ўзбекистоннинг тегишли идоралари, воқеадан хабар топгач, Қирғизистон томонга ўз эътирозларини билдирди. Эртаси куни соат 17:00да 5-чегара нуқтаси Олабуқа чегара отряди бошлиғи капитан Д. Мамаев Давлатовни Ўзбекистон чегарачиларига топширди.

Top